Линклар

RSF: “Нажот” газетаси бош муҳаррирининг аҳволи оғирлашган


Ҳикматулло Сайфуллозода.

Ҳикматулло Сайфуллозода.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси нашри бўлган “Нажот” газетаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозоданинг соғлиғи кундан кунга ёмонлашиб бораяпти. Бу ҳақда баёнот тарқатган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти тожик расмийларини маҳбус Сайфуллозодага дори-дармон ва тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиб беришга чақирган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилотининг 12 август куни тарқатган маълумотига кўра, “Нажот” газетаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозода тиббий ёрдам ҳақидаги талаби рад этилганидан кейин ҳибсхонада очлик эълон қилган. Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Йоханн Бир бу ҳақда уларга Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаолларидан бири маълум қилганини айтади.

RSF вакили Йоханн Бир.

RSF вакили Йоханн Бир.

Шу йилнинг 2 июнь куни Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 13 нафар юқори лавозимли аъзоси устидан ўтказилган ёпиқ маҳкамада Сайфуллозода 16 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Тожик расмийлари мазкур партия 2015 йил сентябридаги қуролли исённи молиялаштирганлиги ва давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлигини иддао қилиб келадилар. Ўз навбатида, Тожикистон Ислом уйғониш партияси бу айбловларни рад этиб келади.

Сайфуллозоданинг рафиқаси Фароғат опа Озодликнинг тожик хизмати билан 12 август куни бўлиб ўтган суҳбатда эрининг очлик эълон қилганига оид маълумотни рад этган. Унинг айтишича, у бир ҳафта аввал турмуш ўртоғи билан кўришганда Ҳикматулло ака фақат юраги оғриётганини айтган ва керакли дориларни олиб келиб беришни сўраган. Аёл улар фақат эрини тезроқ ҳибсхонадан колонияга ўтказишни сўраётганларини, чунки ҳибсхонанинг кичкина ойначаларидан ҳаво ўтиши қийин бўлгани туфайли бу Сайфуллозоданинг юрак фаолиятига салбий таъсир қилаётганини қўшимча қилган.

Сайфуллозоданинг аҳволи оғир экани ҳақидаги хабар Фейсбук тармоғи орқали тез тарқаган. Айрим фойдаланувчилар партия фаоли дори-дармон ололмаётгани ва қийноқлар туфайли очлик эълон қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганлар.

Сайфуллозоданинг саломатчилиги ҳақида расмий маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоев “Нажот” газетаси бош муҳаррирининг тақдири доим унинг ҳамкасблари, яъни журналистларнинг диққат марказида бўлиши лозимлигини айтган.

Айримлар Тожикистон Ислом уйғониш партияси судланган аъзоларининг яқинлари муҳтамал босимлардан қўрқиб, уларга нисбатан таъқиб бўлаётганини рад этаяпти ва бу ҳақда журналистлар билан гаплашгиси келмаяпти, деган фикрдалар.

Ўтган йил сентябрида 40 киши ҳаётига зомин бўлган генерал Назарзода ҳужумидан сўнг Тожикистон Бош прокуратураси Ислом уйғониш партиясини бу исённинг ҳомийси ва ташкилотчиси, деб атаган ва суддан партия фаолиятига чек қўйишни сўраган. Сентябрь ойи охирида Тожикистон Олий суди бу партияни “террор ташкилоти” дея эълон қилиб, унинг фаолиятини тақиқлаган. Партия сиёсий кенгашининг 13 аъзоси ҳам ўша ойда ҳибсга олинган. Шу йил июнида бўлиб ўтган судда партиянинг раис ўринбосарлари Саидумар Ҳусайний ва Маҳмадали Ҳайит умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, бошқа 11 киши эса 2 йилдан 28 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Айни пайтда хорижда бўлган партия раҳбари Муҳиддин Кабирий бу айбловларни рад этган ҳамда исён Марказий Осиёда ягона исломий партияни тақиқлаш учун шунчаки баҳона бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG