Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Тожикистон Мудофаа вазирлиги ўлган аскар учун атиги 635 доллар товон тўлайдиган бўлди


"Дедовшчина" қурбонига айланган Фирдавс Раҳматов.
"Дедовшчина" қурбонига айланган Фирдавс Раҳматов.

Душанбе гарнизони ҳарбий суди Тожикистон Мудофаа вазирлиги зиммасига армияда ўлган аскар Фирдавс Раҳматовнинг оиласига маънавий зарар учун 5 минг сомоний миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклади. Бу сумма Тожикистон Миллий банкининг 5 август кунги курси билан ҳисобланганда 635 АҚШ долларига тўғри келади.

5 август куни Душанбе гарнизони ҳарбий судида армияда нобуд бўлган аскар Фирдавс Раҳматовнинг ота-онаси берган даъво аризаси бўйича маҳкама якунига етди. Аскар Раҳматов 2015 йил 7 июнида ҳарбий низомга тўғри келмайдиган муносабат туфайли ҳаётдан кўз юмганди.

Шундан сўнг Фирдавс Раҳматовнинг ота-онаси Тожикистон Мудофаа вазирлигиданмаънавийзарар учун 238 минг 800 сомоний ёки 30 минг доллардан кўпроқ товон пули ундириб бериш талаби билан судга мурожаат қилган.

Ўлган аскар яқинларининг манфаатини судда Қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаровий жамият коалицияси адвокатлари ҳимоя қилганлар.

Раҳматовларнинг адвокатларидан бири Дилафрўз Самадова маҳкамада “адолат қарор топмаган”и, “суд жабрланувчиларга тўлаб бериш учун арзимаган маблағ белгилаган”ини айтди. Адвокатнинг айтишича, даъвогарлар суд қароридан норози ва бу қарор устидан юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилмоқчилар.

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг Конибодом туманида жойлашган 04080-ҳарбий қисми аскари Фирдавс Раҳматов қуролли кучлар сафига 2015 йил 7 майида чақирилган ва орадан бир ой ўтгач ота-онасига унинг жасади қайтарилган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Сўғд гарнизони ҳарбий суди уч аскарни Фирдавс Раҳматовни калтаклаганликда айблаган. Бу калтаклаш оқибатида Раҳматовнинг жони узилган. Суд калтаклашда иштирок этган сержант Раббоний Сулаймоновни 18 йилга, сержант Комрон Раҳимовни 17,5 йилга ва сафдор Айём Назаровни 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Бу воқеа ортидан Тожикистон Мудофаа вазирлиги Фирдавс Раҳматов хизмат ўтаган ҳарбий қисмдаги уч зобитни – полк, батально ва рота командирларини “ўз вазифасига совуққонлик билан ёндошгани туфайли” ишдан бўшатган.

Тожикистонда ҳарбийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Фуқаровий эркинликлар офиси” ташкилоти маълумотларига кўра, 2014 йилдан шу кунгача мамлакат армиясида “дедовшчина”га оид 17 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳодисаларнинг 8 таси ўлим билан тугаган.

XS
SM
MD
LG