Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Тожикистон собиқ ички ишлар вазири қамоқдан озод этилди


Ёқуб Салимов.
Ёқуб Салимов.

Тожикистон собиқ ички ишлар вазир, Божхона қўмитаси собиқ раҳбари Ёқуб Салимов 13 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқди.

Салимовнинг қариндошлари Озодликнинг тожик хизматига унинг 21 июнь куни эрталаб соат 5 да колониядан чиқариб юборилганини айтдилар.

Яқинларининг айтишича, собиқ вазир қамоқдан Душанбедаги уйига кетган.

Ёқуб Салимовнинг ўзи “Озодагон” агентлигига берган суҳбатида оиласи ёнида тинчгина яшашдан бошқа келажак учун режалар тузмаганини маълум қилган.

“Қамоқдан энди чиқдим, режам - фақат оиламнинг ёнида бўлиш, рафиқам ва болаларим билан бирга яшашда давом этиш. Бошқа режалар ҳозирча йўқ”, деган Салимов.

Ёқуб Салимов Тожикистонда 1992-97 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар уруши йиллари Бирлашган тожик мухолифатига қарши курашган Халқ фронтининг эътиборли қўмондонларидан бири эди.

У кейинчалик Тожикистон ички ишлар вазири, Тожикистоннинг Туркиядаги элчиси, мамлакат Божхона хизмати бошлиғи лавозимларида ишлади.

1997 йили Салимов Хўжандда амалдаги президент Имомали Раҳмонни суиқасддан қутқариб қолгани айтилади.

Кўп ўтмай у қуролли тўнтариш ясашга уринганликда айбланди ва шундан сўнг юртини тарк этишга мажбур бўлди.

Ёқуб Салимов 2003 йили Тожикистон талабномаси билан Россияда ушланган ва Душанбега экстрадиция қилинди.

2005 йил апрелида “ватанга хиёнат”, “ноқонуний қурол сақлаганлик”, “мансаб суиистеъмоли”да айбланган Салимов 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг олган барча мукофотлари ва унвонлари бекор қилинди.

Бу орада амнистия асосида унинг жазо муддати икки йилга қисқартирилди.

Қамоқхонада умрининг 13 йилини ўтказган 60 ёшли собиқ вазир соғлиғидан унча шикоят қилмаган.

“Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, фақат кўзим билан боғлиқ озгина муаммо бор. Қамоқхонада менга муносабат яхши эди, нозирларнинг биронтаси ҳам мени таҳқирлагани йўқ. Ташқарида содир бўлган барча воқеалардан хабардор бўлиб турдим. Қамоқдалигимда газета ўқиб туриш имконига эга эдим”, деган Ёқуб Салимов “Озодагон” агентлигига берган интервьюсида.

XS
SM
MD
LG