Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

Тожик журналистлари “ёт сўзлар” баҳонасида ўз фаолиятлари янада чекланишидан хавотирда


Тожикистон Тил ва атама қўмитаси раҳбари Гавҳар Шарофзода.
Тожикистон Тил ва атама қўмитаси раҳбари Гавҳар Шарофзода.

Тожикистонда сўз эркинлиги чекланганидан шикоят қилган тожик журналистлари эндиликда Тил ва атама қўмитасининг оммавий ахборот воситаларида ёт сўзларни ишлатмасликка оид огоҳлантирувидан ташвишга тушиб қолдилар. Улар матбуотда тожик тили меъёрларини бузганлик учун жаримага тортиш тўғрисидаги қарор журналистлар фаолиятини янада кўпроқ чеклайди, деган фикрдалар.

Тожикистон Тил ва атама қўмитаси раҳбарияти ўз ижоди билан тожик тилини бузаётган журналистларни бундан буён жавобгарликка тортажагини эълон қилди. Қўмита эндиликда оммавий ахборот воситаларида сўзларнинг тўғри ишлатилаётгани бўйича махсус текширув олиб бориш ниятида.

Тил ва атама қўмитаси раис ўринбосари Саодатшо Матробиёнга кўра, жарима жорий қилиш журналистларни тушунарсиз сўзларни қўллашдан тийиш йўлидаги сўнгги чорадир.

- Бунгача биз бир неча марта суҳбатлар ўтказганмиз, хатлар ёзганмиз. Аммо журналистлар ҳамон тўмтоқ тилда ёзишда давом этаётганини кўриб турибмиз, - дейди Саодатшо Матробиён.

Тожикистон Тил ва атама қўмитаси раис ўринбосари Саодатшо Матробиён.
Тожикистон Тил ва атама қўмитаси раис ўринбосари Саодатшо Матробиён.

Тил қўмитаси масъули тожик тили меъёрлари деганда араб калималари аралашмаган адабий жумлаларни ишлатишни назарда тутаётганини айтди. Матробиёнга кўра, “оддий халқ” бу жумлаларни ўқиётганда уларни англашга қийналмаслиги керак.

Тожикистон Давлат атама қўмитаси бошлиғи Гавҳар Шарофзода 2 август куни Озодликка тил меъёрларини бузган журналистлар бундан буён 120 АҚШ долларидан 160 АҚШ долларигача, ширкатлар эса 240 АҚШ долларидан 320 АҚШ долларигача миқдорда жаримага тортилиши ҳақида билдирганди.

Бу орада таҳлилчилар тожик тили меъёрлари бўйича ҳозирда аниқ-тиниқ қоиданинг ўзи йўқлигини қайд этиб, бундай вазиятда манфаатдор томонлар вазифасини суиистеъмол қилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилмоқдалар.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев сўнгги йилларда тожик тили қоидаларига бир неча бор ўзгартишлар киритилгани ва улардан кўпчиликнинг ҳали хабари йўқлигини айтади. Қаршибоев фикрича, Тил ва атама қўмитасининг вазифаси журналистларни жаримага тортиш эмас, балки тожик тили меъёрларини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Нуриддин Қаршибоев.
Нуриддин Қаршибоев.

- Оммавий ахборот воситаларида тожик тили меъёрларига риоя қилинишини текшириш иши бир неча кишигагина топшириб қўйилиши тўғри эмас. Боз устига, бу одамларнинг ўзлари тожик тилини яхши билиши ҳали исботлангани йўқ, - дейди Нуриддин Қаршибоев.

Тожикистонлик журналист Сайфи Сафар Тил ва атама қўмитаси ўйлаб топган янги тартиб сўз эркинлигини янада чеклашдан бошқа нарса эмас, деган фикрда. У технологиялар асрида тожик тили “салом-алик” даражасидан чиқиб, кўламлироқ алоқа воситасига айланиши лозим, деб ҳисоблайди. Журналист қўмитанинг сўнгги қарорини қудратли тожик тилини мазкур муассаса йўлакларига қамашга уриниш ўлароқ баҳолайди.

- Тил ва атама қўмитаси раиси “бегона” деб ҳисоблаган сўзлар тилимизга мутлақо ёт эмас, улар бизники. Боз устига, дунё тиллари тажрибаси тилнинг тирик организм экани ва вақти-вақти билан бошқа тиллардан атамалар ўзлаштириши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Бу сўз ва атамалар қабул қилувчи тил руҳи ва талабларига мувофиқдир ва улар эндиликда ёт сўз бўлиб ҳисобланмайди, - дейди Сайфи Сафар.

Журналист Сайфи Сафар.
Журналист Сайфи Сафар.

Тожик журналисти ёт сўзлар тафтиш қилинадиган бўлса, “суд” ва “прокуратура” каби сўзлар тожик тили учун мутлақо бегона экани, шунга қарамай, бунақа сўзлар ҳар қадамда учрашига эътибор қаратади ва бу сўзларга муқобил “додгоҳ” ва “додситони” сўзларини қўллашни таклиф қилади.

Оммавий ахборот воситалари тилини тушуниш қийинлашиб бораётганига оид баҳслар кўп йиллардан бери давом этмоқда ва журналистлар асосан араб калималарини жуда кўп ишлатаётганликда айбланиб келмоқда.

Ўтган йили Тил ва атама қўмитаси раҳбари Гавҳар Шарофзода бир неча нашр тили юзасидан норозилик билдириб, уларни огоҳлантирган. Айни пайтда тожикистонлик олимлар тожик тилига давлат мақоми берилганидан буён орадан 26 йил ўтганига қарамай, бу тилнинг белгиланган қонун-қоидалари мавжуд эмаслиги ва кўп одам ўз фикрини ифодалашда муаммоларга дуч келишини урғулайдилар.

Форс тили луғатида бир неча юз минг сўз бўлганига қарамай, фаол қўлланиладиган сўзлар доирасининг торлиги туфайли тил эгаларининг кўпи ўз нутқида ўта жўн жумлалардан фойдаланиш билан кифояланади.

Озодликнинг тожик хизмати суҳбатлашган таҳлилчилар Тил ва атама қўмитаси раҳбарияти жарима жорий қилиш ўрнига тил билиш даражасини яхшилаш учун аҳоли орасида мутолаани ташвиқ қилса ёки йўқ деганда, тожик тилига ёт бўлган сўз ва атамалар рўйхатини аниқлаб берса, яхшироқ бўларди, дея мулоҳаза билдирганлар. Бошқа томондан экспертлар Тил ва атама қўмитасининг бу қарорини “зарур бўлган вазиятда” оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишнинг қўшимча усули, деб ҳисоблайдилар.

Тожикистонда расмийларнинг жамиятни "ёт унсурлардан тозалаш" ҳаракати илк бор кузатилаётгани йўқ. Шу йилнинг ўзида Душанбе томонидан жорий этилмиш чақалоқларга ҳайвон ёки уй анжомлари номини бериш, уларга арабча ва қулоққа ёт эшитиладиган хорижий исмлар қўйиш ёки русча услубдаги фамилия беришга оид тақиқлар шулар жумласидандир.

XS
SM
MD
LG