Линклар

Тожикистонда генерал Назарзоданинг баъзи сафдошлари бир умрга қамалди


Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода.

Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода.

Тожикистон Олий суди мудофаа вазири собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг бир неча сафдошига ёпиқ эшиклар ортида ҳукм чиқарди.

Душанбеда судланганларнинг яқинларидан 13 июнь куни олинган маълумотларга кўра, Тожикистон Олий суди генерал Назарзоданинг сафдошлари бўлмиш Садриддин Неъматов ва Сирожиддин Одинаевни бир умрга, Амрулло Нуровни эса 23 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаҳукм чиқарган.

Назарзода исёнига алоқадорликда айбланиб судланаётган бошқа кишиларнинг исмлари ва уларга нисбатан қанақа ҳукм чиқарилгани маълум эмас.

Бу иш бўйича якуний маҳкама ўтган ҳафта ўтказилган, бироқ иш махфий кўрилгани учун бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига эндигина маълум бўлди.

“Тожньюс” хабар агентлиги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, мазкур иш бўйича Назарзоданинг жами 9 хайрихоҳи узоқ муддатли қамоққа ҳукм этилганини маълум қилди.

Қамалганлар асосан 2015 йил сентябрида давлат тўнтариши ясашга уринганликда айбланганлар.

Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 4 сентябрида Абдуҳалим Назарзода гуруҳи Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида милиция бўлимларига ҳужум уюштиргандилар. Кейин собиқ мудофаа вазири ва унинг одамлари пойтахтдан 50 километрлар наридаги Ромит дарасида яширинган. Назарзода гуруҳига қарши қарийб 2 ҳафта давом этган аксилтеррор амалиёти чоғида исёнчи генерал ва унинг 25 нафар сафдоши ўлдирилган, исёнга алоқадорликда гумонланган 200 дан зиёд одам ҳибсга олинган.

Сентябрь воқеалари учун масъулиятни даставвал Абдуҳалим Назарзодага юклаган расмийлар кейинроқ Тожикистон Ислом уйғониш партиясини қуролли исённи тайёрлаганлик ва молиялаштирганликда айблаб чиққанлар.

Ҳожи Ҳалим лақаби билан машҳур генерал Назарзода ўтмишда Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзоси бўлган, бироқ тинчлик битими имзоланганидан кейин мухолифатга берилган 30 фоизли квота асосида Мудофаа вазирлигига ишга қабул қилинганди.

Шу йил май ойида Душанбе суди Абдуҳалим Назарзоданинг катта ўғли Бахтиёрни 22 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. У “конституциявий тузумни ўзгартишга чақирганлик”, “оммавий тартибсизликларга чақирганлик” ва “оғир жиноят ҳақида атайлаб хабар бермаганлик”да айбдор деб топилганди.

XS
SM
MD
LG