Линклар

Толибларнинг янги раҳбари ҳаракат ичида норозиликка сабаб бўлмоқда


Мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода

Мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода

Афғонистон Толиблари ўз етакчиси мулла Ахтар Мансур 21 май куни АҚШ дрони ҳудужумида ўлдирилганини тасдиқлади ва ўрнига радикал қарашлари билан танилган мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода тайинланганини маълум қилди. Бу баёнот овоза қилинар-қилинмас, Толибларнинг бир гуруҳи янги раҳбарга қаршилигини билдирди ва бу ҳол жангари гуруҳ ичида яна зиддиятлар юзага чиқа бошлаганини кўрсатмоқда.

Мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода Толибларнинг собиқ раҳбари мулла Мансурнинг муовини бўлган.

Толиблар матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид Покистонда ўтгани айтилаётган йиғинда Охунзода ҳаракатга раҳбар этиб тайинланганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, Ахтар Мансур 21 май куни Покистоннинг Балужистон вилоятида АҚШ дронидан отиб ўлдирилган. У 2015 йилнинг 31 июлида жангари гуруҳ раҳбари этиб тайинланган.

Толиблар ўтган йили июлда ўз етакчиси мулла Умар икки йил муқаддам ўлганини маълум қилган эди. Ўшанда аксар Толиб қўмондонлари ва жангари гуруҳлар етакчининг ўлими 2 йил сир сақлангани, бу муддат ичида унинг номидан ёлғон баёнотлар берилганига норозилик билдирган.

Натижада, айрим қўмондонлар бу ёлғоннинг бошида турган мулла Ахтар Мансур гуруҳга етакчи этиб тайинланганига қаршилик билдирган ва гуруҳ ичида зиддиятлар, қуролли низолар бошланган эди.

Ахтар Мансурнинг ўрнига тайинланган Охунзода эса 50 ёшлар атрофида, у Қандаҳорда туғилган. Бу шаҳар 1996-2001 йилларда Афғонистонни бошқарган фундаментал Толибларнинг пойтахти бўлган.

Охунзода мамлакатдаги Нурзайлар қабиласидан чиққан ва Покистоннинг Балужистон вилоятида мадрасалари, диний мактаблари бор.

У марҳум етакчи Мансурга муовин бўлишидан аввал Толибларнинг етакчи қозиси бўлган. У жуда қаттиққўл жангари сифатида танилган ва эндиликда унинг мулла Мансурнинг агрессив сиёсатини давом эттириши тахмин қилинмоқда.

25 май куни матбуотга жўнатилган электрон баёнотда Толиблар матбуот котиби Мужоҳид Охунзода тинчлик музокараларига қаршилигини билдириб, аудеомурожаат чиқаргани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бироз аввал шундай хабар Reuters агентлигида пайдо бўлган эди.

Толиблар даврида ҳаракатнинг ташқи алоқаларини бошқарган мулла Муҳаммад Ғус Охунзодани ҳаракатга раҳбар этиш қарори "жуда ақлли қарор бўлган" деб муносабат билдирди.

Айни пайтда мулла Мансурга ҳам байъат бермаган исёнчи қўмондон мулла Муҳаммад Расул янги тайинланган Охунзода номзодини ҳам қабул қилмаслиги, чунки уни ҳам Ахтар Мансурни тайинлаган кичик гуруҳ сайлаганидан норозилигини билдирди.

"Уни ҳамма танимайди ва у Толиблар орасида нуфузга эга эмас, шунинг учун ҳам унинг номзодини қабул қилиб бўлмайди", деди мулла Расулнинг матбуот котиби мулла Манан Ниёзий Озодликнинг афғон хизматига берган интервьюсида.

Толиблар гуруҳи фаолиятини кузатиб бораётган покистонлик таниқли журналист Раҳматуллоҳ Юсуфзай Охунзоданинг тайинланиши билан Толиблар позицияси ўзгармаслигини тахмин қилади.

"Мансурнинг сиёсати ўзгариши мумкинлигини кўрмаяпман. Охунзоданинг Афғонистон ҳукумати билан музокара юритиши эҳтимоли оз", дейди журналист.

Айни пайтда Толиблар тарқатган баёнотда Охунзода ўзига иккита янги муовин танлагани ҳам айтилмоқда. Булардан бири Сирожиддин Ҳаққонийдир. Унинг сўнгги йил ичида Кобулда амалга оширилган йирик суиқасд ҳужумларини бошқаргани айтилади. Яна бир муовин эса мулла Муҳамммад Ёқубдир ва у Толибларга асос солган мулла Муҳаммад Умарнинг ўғлидир.

Толиблар 2001 йилнинг 11 сентябрига қадар Кобулда ҳокимиятни эгаллаган ва АҚШ ҳужумлари натижасида ағдарилган эди.

Яна хуружларини ошираётган ҳаракатга Охунзода раҳбар этиб тайинланганидан ҳеч қанча ўтмай, Кобулда террор ҳужуми амалга оширилди. 25 май кунги ҳужумда 11 кишининг ўлгани хабар қилинди. Ҳужум учун Толиблар масъулиятни зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG