Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:39

Толибонга қўшилган тожикистонлик 16 йилга кесилди


Тожикистонда Афғонистондаги Толибон ҳаракати сафида жанг қилган 28 ёшли Бегижон Назаров 16 йилга қамалди. У жиноий ҳамжамият тузиш ва одам ёллашга алоқадорликда айбланган.

Душанбенинг Исмоил Сомоний туман судидан Озодликнинг тожик хизматига маълум қилишларича, 16 йилга кесилган Бегижон Назаров жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўтайди.

Суд вакилига кўра, Назаров беш йил аввал Россияга пул ишлаш учун кетган, кўп ўтмай у тирикчилик қилиб юрган Қозон шаҳридан Афғонистонга кетган.

- Судланувчи Анвар Худоёров деган дўсти билан қурилишда ишлаган. Анвар унга отаси Афғонистондаги толибларга қўшилиб, жиҳод қилаётганини айтиб, Бегижонни ҳам жиҳодга даъват этган, - дейди суд вакили.

Тергов материалларида қайд этилишича, Бегижон ва Анвар 2011 йил охирида Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига қарашли Журм туманига етиб борганлар. Улар Журмда Толибон вакили Қори Маҳфуз билан учрашганлар ҳамда ундан жанг қилиш учун рухсат ва қурол олганлар.

2014 йили Анвар Худоёров оёғидан яраланиб, даволаниш учун Покистонга ўтиб кетади. Суд материалларида ҳозир у Сурияда “Исломий давлат” гуруҳи сафида жанг қилаётгани айтилади.

- Бегижон Назаров Бадахшон вилоятидаги Хурши қишлоғида афғон ҳукумат кучлари томонидан қўлга олинган ва кейинчалик Тожикистонга экстрадиция қилинган, - деди Сомоний туман суди вакили.

Бегижон Назаровнинг қариндошлари ва адвокати ҳукм юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришдан тийилганлар, бироқ у маҳкамада Толибонга аъзо бўлганини тан олганини маълум қилганлар.

Афғонистоннинг Тожикистонга қўшни бўлган Бадахшон вилояти сўнгги йилларда Толибон ва афғон ҳукумат кучлари ўртасидаги аёвсиз тўқнашувлар ҳудудига айланиб қолди. Бу вилоятда аввал ҳам бир неча тожик жангариси афғон махсус кучлари томонидан қўлга олинган. Ўтган йил баҳорида афғон расмийлари Журм туманидаги тўқнашув чоғида етти нафар тожикистонлик жангари ўлдирилганини хабар қилгандилар.

Жорий йил ёзида Хатлон вилоят ички ишлар бошқармаси Толибон сафига қўшилган уч йигитга нисбатан қидирув эълон қилган. Бошқарма вакиллари уч нафар хатлонликнинг бир неча йил аввал Тожикистонни тарк этгани тезкор тадбир чоғида очилганини билдирганлар.

Тожикистон куч ишлатар тузилмалари ҳозир Толибон сафларида жанг қилаётган йигитларни республика хавфсизлиги учун таҳдид деб ҳисоблайдилар. Улар бунга Толибон лагерларида уч ой тайёргарликдан ўтиб, террор ҳужумларини уюштириш учун Тожикистонга қайтган панжлик Шахриёр Тўрахоновни мисол келтирадилар. Бу йигит маҳкамада Тожикистонга Душанбедаги опера театри ва рақс клубини портлатиш топшириғи билан келганини эътироф этганидан кейин Хатлон вилоят суди уни 21 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

XS
SM
MD
LG