Линклар

logo-print

Мусиқа ўқитувчиси: Тор аслида Хоразмда яратилган чолғу асбобидир


Ўзбекистон Халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов тор чалиб, қўшиқ куйламоқда

Ўзбекистон Халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов тор чалиб, қўшиқ куйламоқда

Тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Ўзбекистонда тор чолғу асбобини тақиқлашга уринишни "аҳмоқлик", деб баҳолади. Унинг хотирлашича, 2007 йилда ҳам ЎзТВда тор, скрипка, уд, қонун мусиқа асбобларни тақиқлашга уриниш бўлган, аммо амалга ошмаган. Шунингдек, бу мусиқачи Ўзбекистонда айнан тор Хоразмда пайдо бўлган, деган илмий версия борлигини ҳам эслатди.

Тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Озодликка боғланиб, Ўзбекистонда тор чолғу асбобини тақиқлашга уринишаётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тўй-ҳашамларда тор чаладиган бу мусиқачи шу кунларда Ўзбекистон телеканллари тор чалинаётган акс этган тасвирларни ҳануз намойиш қилаётганини айтди. Аммо, у 2007-2009 йиллар оралиғидаги бу асбобни тақиқлаш уринишларини хотирлади.

Унинг хулосасича, аксар мусиқа асбобларининг тарихи қадимий Шарқ мамлакатларига тақалади ва даврлар мобайнида ҳар бир миллат мусиқа асбобларининг шаклланишига улушини қўшган:

- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон ака Қурбонов буни илмий асосда исботдилар, менимча. Яъни, тор асли Хоразмда яратилган, рубоб асосидаги инструмент, деган маънода. Кейинчалик озарбойжонлар бу асбобни янада ривожлантирган ва озарбойжон мақом мусиқасидаги асосий инструментлардан бирига айланган. Бизнинг Шашмақомда эса танбур асосий инструмент. Лекин 20 асрнинг бошларидан бизда яна тор оммалаша бошлади. Ҳозир жуда оммалашган ва бу асбобни тақиқлаш, менимча, ғирт аҳмоқлик, - деди исмини сир сақлашни маъқул кўрган тошкентлик мусиқа ўқитувчиси.

Ўзбек мусиқасида етакчи ўрин тутиб келган соз - тор мамлакатдаги классик оркестрлар чолғулари рўйхатидан чиқарилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон телеканалларидан биридаги Озодлик манбасига кўра, телеканаллар ва видеоклип ишлаб чиқарувчи продюссерлик марказларига тор тасвири кўзга ташланмаслиги ҳақида кўрсатма берилган.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистонда тор чалиш бўйича махсус таълим тўхтатилган ва тор ўзбек миллий чолғу асбоблари реестридан чиқарилган.

Айни пайтда, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг таъкидича, тор бутунлай тақиқланмаган:

- Тор тақиқлангани йўқ. Тор ўзбек миллий чолғу асбоблари рўйхатида йўқ, холос. Торни бемалол ҳаваскор чолғучилар чалавериши мумкин. Тор ўзбек миллий чолғуси эмас, балки Озарбайжон миллий чолғу асбоби эканини таъкидлашимиз зарур. Яна бир нарса: 2012 йилда тор Озарбайжон чолғу асбоби сифатида ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Буни биз ҳурмат қилишимиз керак, - дейди манба.

Манбанинг яна айтишича: “Ўзбекистон давлат консерваториясида тор чалиш дарс сифатида ўқитилмайди ва чолғу асбоблар лабoрaторияси реестрида тор мавжуд эмас”.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, 2012 йилдан олдин ўзбек чолғу асбоблари давлат рўйхатида тор мавжуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG