Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:17

Кадишевдаги тозалашга амалдорга сотилган "айниган гўшт сабаб бўлди"


Сурат AsiaTerra нашридан олинди
Сурат AsiaTerra нашридан олинди

Кадишев бозоридан айниган гўшт харид қилган амалдорнинг ғазаби ортидан душанба тонгида бозорни Солиқ қўмитаси ва Санитария-эпидемиология станцияси вакилларидан иборат махсус гуруҳ босгани хабар қилинмоқда. Натижада, ўнлаб гўшт сотувчи бозордан чиқарилган, қўшимча гўшт расталари эса бузилган. Буни тасдиқлаган бозор маъмурияти хабарнинг "айниган гўштдан ғазабланган амалдор" қисмини инкор қилиб, текширувни ШҲТ саммитига тайёргарлик билан боғлади.

Айниган гўшт можароси?

Халқ орасида "Кадишев бозори" номи билан танилган "Авиасозлар деҳқон бозори"нинг душанба куни ярим кунга ёпилиб қолишию бунинг ортидан "бозор кўчирилаяпти" деган ваҳима сабабларини суриштирган AsiaTerra блоги журналисти айниган гўшт Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раисининг амалдор дўстларидан бирига сотилгани тўғрисида ёзди:

Сурат AsiaTerra блогидан олинди
Сурат AsiaTerra блогидан олинди

"Сотувчиларнинг сўзларига кўра, 6 июнга ўтар кечаси бозорга Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси етакчилигидаги назоратчилар гуруҳи келган. "Айтишларича, бутун маш-маша бир амалдорга қайсидир қассоб айниган гўшт сотгани ва кейин у одам арз қилганидан бошланган", деди бозордаги сут сотувчилардан бири. Айни шу версияни бозордаги яна бир неча одамдан эшитдим...", деб ёзди AsiaTerra блоги.

Натижада, эрта тонгдан бозорни босган назоратчилар гуруҳи гўшт расталарини текширган ва талабга жавоб бермаган сотувчиларни маҳсулотларига қўшиб, бозордан чиқариб юборган.

ШҲТ саммитига тайёргарлик

Кўплаб мустақил журналистик суриштирувлари билан танилган Алексей Волосевич блогидаги бу мақола ортидан боғланган Озодлик мухбирига жавобан "Авиасозлар деҳқон бозори" маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими хабарни қисман тасдиқлади.

Ундан олинган маълумотга кўра, ҳақиқатда ҳам душанба тонгида Тошкент шаҳар солиқ ва санитария-эпидемиология станцияси ҳамда бир қатор масъул идоралар вакилларидан иборат назоратчилар гуруҳи бозорни текширган.

Текширувлар натижасида талабга жавоб бермаган бир неча гўшт растаси кўчирилган. Аммо, масъул бунга "айниган гўшт сотиб олган амалдор арзи" эмас, балки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида шаҳар ҳокимиятидан тушган буйруқ сабаб бўлди, деди:

"Бизга шаҳар ҳокимиятидан ШҲТ йиғилиши муносабати билан дислокацияси бўлган-бўлмаганларнинг ҳаммаси йиғиштирилсин, деган хат келган. Палаткалар, холодильниклар олинди. Стационар точкалар қолдирилди, қолган вақтинчалик қурилмалар ҳаммаси олинди. Энди бу ерда ҳам хавфсизлик, кейин санитария ҳолатини тартибга олиш масаласи ҳам бўлди", деди бозор маъмуриятининг ўзини таништирмаган вакили.

Арзон гўшт расталари бузилди

Сотувчилар "солиқ вазири" деб атаган Солиқ қўмитаси раисининг бозорга ташрифи ҳақидаги маълумотларни эса масъул инкор қилди:

"Парпиев келганлари йўқ, назорат органлари доимий равишда келиб, вазиятни ўрганиб кетишяпти. Билмадим, қаердан чиққан бу маълумот, унақа маълумотнинг ўзи йўқ. Яна айтаман, ҳокимиятнинг топшириғи билан кўчма дўконлар, расталар олинди. Шаҳар ҳокими рухсати билан арзон маҳсулотлар чиқариладиган, дислокация билан келадиган маҳсулот сотиладиган расталар вақтинча олинди, ҳаммаси. Ҳозир гўшт фақат дўконлар - стационар дўконларда қолган", деб таъкидлади масъул.

Гарчи, бозор маъмурияти "амалдорга сотилган айниган гўшт" можаросини инкор қилса-да, аммо кутилмаган "Санитария куни"да айнан гўшт расталарининг текширилганию бузилгани AsiaTerra журналистига сўзлаган сотувчиларнинг гапида жон бор, деган тахминни қувватламоқда. Ҳозирча солиқ идорасидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бошқа бозорларда тинчлик

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ШҲТ саммитига тайёргарлик диорасида бозорлардаги вақтинчалик қурилмалар ва расталарни кўчиришга кўрсатма бергани ҳақида ҳам ҳозирча фақат "Авиасозлар деҳқон бозори"дан маълумот олдик. Бошқа бозорларда бундай кўчириш ёки бузилишлар бўлаётгани ҳақида ҳозирча хабарлар йўқ. Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги олий даражали учрашуви эса 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат

Халқ орасида "Кадишев бозори" деб танилган "Авиасозлар деҳқон бозори" душанба - 6 июнь куни куни эрталаб огоҳлантирилмаган тарзда ёпиб қўйилди. Сотувчилар бозор дарвозасидаги "Санитария куни" деб ёзилган эълонни кўриб, бозор бузилиши бошланди, деган ваҳимага тушдилар. Ижтимоий тармоқлар ва қатор Интернет нашрларида Кадишев бозоридан олинди, дея берилган бир неча бузилган раста сурати эса ваҳимани кучайтирди.

Кадишев барибир бузилади

2014 йилнинг октябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Авиасозлар деҳқон бозори", бундан ташқари, "Олой", "Миробод", "Наврўз", "Сирғали", "Юнусобод" бозорлари ҳам реконструкция қилинишини маълум қилган.

Бир неча ой муқаддам эса "Авиасозлар деҳқон бозори" тўлиқ бузилиб, унинг ўрнида 4 қаватли янги гипермаркет очилади, деган овозалар тарқалди ва бу сотувчилар орасида ҳануз савдо нуқтасини йўқотиб қўямиз, деган хавотирни кучайтирмоқда.

Маъмурият эса бозор бузилиши кутилаётганини тасдиқлаган, аммо унинг ўрнида гипермаркет қурилишига оид овозаларни инкор қилган.

Кўкат бозори

"Авиасозлар деҳқон бозори" Тошкентда 1966 йилда бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг очилган. Ўшанда Тошкентга собиқ иттифоқ республикаларидан кўплаб қурувчи, ҳашарчи ва ишчи-мутахассислар келган, уларнинг маълум қисми Чкалов авиазаводида ишлаган.

Сурат ижтимоий тармоқлардан олинди
Сурат ижтимоий тармоқлардан олинди

Ишчилар учун завод яқинида Лисуново массиви қурилган ҳамда бу шаҳарча учун махсус "Авиасозлар" бозори очилган эди. Вақт ўтиши билан бозор кенгайди ва 2000 йилларга келиб, унинг номи "Авиасозлар деҳқон бозори" деб ўзгартирилди.

Ҳозирда бозорнинг тошкентликлар орасида қадрланган жиҳати унинг икки қаватлик павильони ичида сотиладиган кўкатларидир. Харидорлар янги узилган ва хилма-хил кўкатлар, сабзавотлар учун кўпроқ шу бозорга қатнайди.

XS
SM
MD
LG