Линклар

logo-print

Факультет талабаларининг бир қисмини ўқишни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилаётган омил Ўзбекистон президенти жорий йил, 2 майда имзолган қарордир.

Президент қарорида ТДТУнинг Нефть ва газ факультети талабалари Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалига ўтказилиши айтилган эди.

Бугунга келиб маълум бўлишича, ТДТУда 2 йил ўқиб қўйган талаба кириш имтиҳони топшириб ўтсагина, “Губкин”нинг 1- курсига қабул қилинади.

ТДТУ талабаларидан олинган бу маълумотни мазкур ўқув юрти мулозимлари тасдиқлади.

Абу Райхон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети (ТДТУ) фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги президент қарори чиққан кунларда талабалар олдида бугунга келиб пайдо бўлган муаммодан дарак йўқ эди.

Ташвишли сигнал талабалардан биридан келган хатда акс этган:

“Президент қарори чиққанидан сўнг факультетимиз ёпилди. Биз талабалар оғир аҳволда қолдик. Бизга танлаш учун бир неча вариант тавсия қилишди:

1. Йўналишимиз бўйича Қарши университетига кўчирилиш (Тошкентдан кетмоқчи эмасмиз).

2. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетига кириш имтиҳонлари топшириш ва ўтиб қолсак 1- курсдан ўқишни бошлаш (ТДТУда 2 курс ўқиб қўйганимизни эслатмоқчиман).

3. Бошқа ўқув юртларининг бошқа факультетларига кўчирилиш ва ва ўқишни яна 2- курсдан давом эттириш.

Университетимиз раҳбариятининг тавсияларини қабул қилсак, 2 курс ўқиш учун сарфлаган вақтимизгаям, контракт учун тўлаган пулимизга ҳам куямиз. Пулни ҳеч ким қайтариб бермоқчи эмас. Нима қилишни билмай, бошимиз қотган”, дейилади ТДТУ Нефть ва газ факультетининг 2- курсини битирган, исм-фамилияси айтилмаслигини сўраган талаба хатида.

Талаба шикоятида келтирилган гапларни ТДТУ раҳбариятининг икки мулозими бир-биридан мустақил равишда тасдиқлади. Лекин улар талаба ўз хатининг охирида қўйган асосий саволларга жавоб беролмади.

Мулозимлардан бири бундай деди:

- 2- курсни битирганлар Қарши университетига бориб, ўқишни 3-курсдан давом эттиришлари мумкин. “Губкин”га эса, имтиҳон топшириб, ўтса 1- курсдан ўқийди. Уларнинг ўз талаблари бор экан.

Мулозим “контракт учун тўланган пуллар нима бўлади”, деган саволга жавобан, негадир “Ўзимиз ишсиз қолаяпмизу”, деган жавобни берди.

Президент қарори билан Нефть ва газ факультетида бакалавриатнинг 4- ва магистратуранинг 2- курслари талабаларига ўқишни ТДТУда битириб олишга имкон бирилиши назарда тутилган.

ТДТУнинг яна бир мулозимининг айтганлари биринчи суҳбатдошимиз айтган гаплардан принципиал фарқ қилмади.

ТДТУда Нефть ва газ факультети нима сабабдан ёпилаётганини мулозимлар тушунтириб бера олмади. Ҳар иккаласи ҳам мамлакат раҳбари қарорига ишора қилди.

Ислом Каримов жорий йилнинг 2 майида имзолаган қарорда ТДТУ республиканинг муҳандислик-техника йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш соҳасидаги базавий олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Университетнинг президент қарори билан тасдиқланган янги ташкилий тузилмаси ўз ичига Машинасозлик технологиялари факультети, Муҳандислик геологияси ва кончилик иши факультети ва Энергетика факультетини ҳам ўз ичига олади.

Бунга қадар ТДТУда 7 т: Механика-машинасозлик, Геология ва кончилик иши, Авиация, Электроника ва автоматика, Энергетика, Нефть ва газ ҳамда Саноат тармоқларини бошқариш факультетлари бор эди.

ТДТУнинг мулозимининг айтишича, ТДТУда Нефть ва газ факультетининг ёпилиши Ўзбекистонда бу соҳада мутахассис тайёрланмайди, дегани эмас. "Бу соҳа мутахассислари Қарши, Бухоро ва Нукусдаги олий ўқув юртларида тайёрланади", деди ТДТУ мулозими.

XS
SM
MD
LG