Линклар

logo-print

Ифторлик ўтказиш тақиқланган Тошкент масжидларида рўзадорларга сув, хурмо, сомса ва шунга ўхшаш енгил егуликлар икром қилинмоқда. Аммо, масжид ичида ифтор учун дастурхонлар ёзилмаётир. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масжидларда ифторлик ўтказишни "бидъат ва гигиенага зид" деб тақиқлаган.

Бир неча масжидда ифторда бўлган ва Озодликка бир неча сурат йўллаган пойтахтлик Тошбекка кўра, ифторликлар масжид қавми ва савобталаб кишилар томонидан тарқатилмоқда.

- Асосан, сув ва хурмо, кейин савобталаб кишилар олиб келаётган сомса ва шунга ўхшаган егуликлар тарқатиляпти. Мен ўзим бир неча масжидда бўлдим - ҳеч бирида унақа оммавий ифторлик йўқ. Истовчиларга бир чеккада бурчакка қўйишяпти, олиб, бир четда оғиз очиб кетиляпти. Чунки, бу йил оғиз очар билан шом намозининг ораси жуда яқин, - дейди Тошбек.

Унинг айтишича, масжидларда дастурхон ёзилаётгани йўқ ва айни пайтда Тошкентдаги умумий овқатланиш муассасаларида ифторликлар ўтказилаётгани йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йил ҳам масжидларда ифторликлар ўтказилмаслиги, умумий овқатланиш муассасаларида ҳам ифторлик уюштириш тақиқланганини билдирган.

Ўтган йили илк бор Тошкентда янги очилган «Минор» масждидида қарийб 500 киши йиғилган катта ифторлик берила бошлаган ва орадан икки кун ўтиб, тақиқланган эди.

Диний идора буни диний жиҳатдан – бадъат, деб ҳисоблайди, иккинчи тарафдан, масжид одоби ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган тадбир, деб баҳолайди.

12 июнь куни Озодлик билан суҳбатлашган Тошбек бундай назоратни қисман қувватлашини билдириб ўтди:

- Чунки, масжид намоз ўқиладиган жой, дастурхон ёзиб зиёфат қилинадиган жой эмас, деб биламан мен. Ҳозиргидай енгил ифторлик бўлса, шуни ўзи етади. Оғизни очволасиз, шом намозини ўқийсиз, кейин уйингизга бориб, бафуржа ифтор қилаверасиз. Агар одамларимиз қўйиб берса, буни ҳам кимўзар зиёфатбозликка айлантирворади. Шунинг учун тавсиявий кўринишдаги назоратнинг бўлгани яхши, деб биламан мен, - дейди Тошбек.

Қуйида Тошбек билан суҳбатни тингланг:

Бу йилги Рамазоннинг 6 июндан бошланди ва бу ой арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг умумий овқатланиш муассасалари ва масжидларда ифтор ўтказишни тақиқлаш ҳақида ҳокимиятга тавсия бергани маълум бўлди.

Диний идора раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур: "Ҳокимият бизнинг тавсиямиз билан ресторан, кафеларда ифтор ўтказишни тақиқлаган. Бу давлатнинг сиёсати эмас", деб изоҳ берди.

Ўзбекистондаги умумий овқатланиш муассасаларида ифторликлар ўтказиш 2014-2015 йилдан бери кескин тақиқланганича қолмоқда.

Бу йил ҳам ўзбекистонлик мусулмонларга ифторликни ўз уйида оиласи ёки қариндош-уруғлари билан ихчам қилиб ўтказиш тавсия қилинган. Ифторлик бермоқчи бўлган шахслар маҳалла қўмиталарини огоҳлантириши ва улардан бир вакил иштирокида, имкон қадар, кичик жамоалар учун ифтор бериши мумкин. Уйда бўладиган ифторлик маросими учун 20 нафардан ортиқ меҳмон чақирмаслик айтилган.

Ўзбекистонда Рамазон ойида юқорида айтилгани каби, ифторликлар бўйича чекловлардан ташқари, Таровеҳ намозларини ҳам фақат рухсат берилган жоме масжидларида ўқиш мумкин, кичик масжидлар ва аҳоли уйларида жамоат бўлиб, Таровеҳ ўқиш тақиқланган.

Бундан ташқари, Рамазон ойи давомида 18 ёшга тўлмаганларнинг Таровеҳга қатнаши ҳам тақиқланган.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари чекловларини билвосита тан оладилар ва буни ёшларнинг таълим жараёнидан узилиши, турли диний оқимларга берилиши, хусусан, кейинги вақтда Ўзбекистонда фаоллашгани кузатилаётган "Ҳизбут Таҳрир" ҳамда "Жиҳодчилар" радикал гуруҳлар, мамлакат ташқарисидан хавф солиб турган "Исломий давлат" террор гуруҳи тарафдорлари таъсирига тушиб қолиши олдини олиш мақсади билан изоҳлайдилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар ва халқаро ташкилотлар бу амалиётни болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари бўлган ота-оналарининг фуқаровий ва диний эркинликлари бузилиши сифатида қоралаб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG