Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 11:19

Икки йил аввал "Тошкентда режаланган теракт" тафсилоти очиқланди. 4 киши қамоқда


Ўзбекистон давлат телеканалида намойиш этилган "Хилватдаги хатар” кўрсатуви айбланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари асосида ҳозирланган. Видео скриншоти.
Ўзбекистон давлат телеканалида намойиш этилган "Хилватдаги хатар” кўрсатуви айбланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари асосида ҳозирланган. Видео скриншоти.

Ўзбекистон махсус хизматлари 2022 йил бошида "Тошкентнинг бир неча жойида террорчилик ҳужумларини режалаган" 4 шахсни қўлга олган. Орасида бир нафар вояга етмаган шахс ҳам бўлган 4 киши Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканалида намойиш этилган "Хилватдаги хатар” кўрсатуви айбланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари асосида ҳозирланган.

Кўрсатув муаллифлари нима учун икки йил аввал фош этилган террорчилик ҳужуми ҳақида энди хабар берилаётгани ҳақида саволга жавоб беришмаган.

Махсус кўрсатув Москвадаги "Крокус" концерт саройида 140 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган террорчилик ҳужуми фонида намойиш этилмоқда.

ИШИДчи, намозхон ва IT-талаба

Кўрсатувда баён қилинган жиноят иши материалларига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган Муҳаммад Ўролов Сурия давлатида туриб, Telegram орқали жиний гуруҳ ташкил этиб, "2022 йилнинг баҳор ва ёз ойларида Тошкент шаҳрининг бир неча нуқталарида портлашлар уюштиришни режалаган".

Айбланувчилар суд залида.
Айбланувчилар суд залида.

ИШИД тарғиботчиси ва фаоли экани айтилган Муҳаммад Ўролов Тошкент шаҳрида истиқомат Давронбек Тўрабеков, Зиёвуддин Аманов, ва Ҳайитбой Аҳмаджоновларни "диний экстремистик ғоялар атрофида бирлаштириб, уларга жиҳод ғоялари, ғайридинларга хизмат қилувчи бир неча объектларни портлатиш топшириғини берган".

Кўрсатувда айбланувчилар (орасида вояга етмаган шахс ҳам бор) Тошкент шаҳридаги "Мулла Қосим" масжидида биргаликда намоз ўқигани урғуланган.

Кўрсатув давомида айтилишича, жиноий гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетида таҳсил олувчи, кимёвий моддалар ва IT соҳасини пухта ўзлаштирган талаба Иззатулло Зайнитдиновни унинг портловчи моддалар мутахассиси эканини билиб, бу ишга жалб қилишган.

Ислом, Каримов ва Тоҳир Йўлдош. Наманган воқеаларига 30 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:25 0:00

Суд ҳукмида жиноий гуруҳ аъзолари пойтахтнинг бир неча жойлари, хусусан, аэропорт, Тошкентдаги Исроил элчихонаси сингари объектларда портлашлар содир этиш учун тайёргарлик кўргани айтилади.

ДХХ томонидан олиб борилган тезкор қидирув амалиёти чоғида бу шахсларнинг яшаш хонадонларидан портловчи кимёвий моддалар қолдиқлари, объектлар чизмалари ашёвий далил сифатида олингани айтилади.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ вакиллари "пойтахтда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиб, дарҳол мамлакатдан чиқиб кетишни, Туркия орқали ИШИД ҳудудига етиб олишни режалашган".

Суд жараёнлари даврида ТВга интервью берган бу шахслар қўриқланадиган объектларга ҳужум қилиб, соқчиларнинг қурол-яроғларини тортиб олишни ва сўнг у ерда қўпорувчилик ҳаракатлари содир этмоқчи бўлганликларини айтишган.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 155-моддаси (Терроризм), 159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-2-модда (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 244-3-моддалари (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ифодаланган жиноятларни содир этишда айбдор, деб топилган.

Андижон қирғини: Каримов тарафдорлари Москвадаги пикетга қаршилик қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00

Суд ҳукми билан судланувчилар 10 йилдан 15,1 йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Судланувчиларнинг жазо муддатларини умумий тартибдаги колонияларда ўташи белгиланган.

Тошкент ва Бухородаги портлашлар

Ўзбекистон давлат телеканалининг пойтахтда режаланган теракт билан боғлиқ тергов ва суд жараёнига бағишланган махсус кўрсатуви 19 кишининг умрига зомин бўлган Тошкент ва Бухородаги портлашларга 20 йил тўлган паллада намойиш этилди.

Ўзбек расмийлари 2004 йилнинг 29 март куни юз берган ҳужумда камида 26 киши яраланганини айтишган.

Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Бош прокурори Рашид Қодировнинг сўзларига кўра, Бухорода эҳтимолий террорчилар паноҳ топган уйдаги портлашда 10 киши ҳалок бўлган.

Шу куннинг ўзида Тошкентнинг Чорсу бозорида икки нафар ҳудкуш ҳужумчи уч нафар ички ишлар ходими ва бир ёш болани ўлдиргани хабар қилинган.

Ўзбекистон расмийлари ҳужумларда фаолияти тақиқланган "Ҳизбу Таҳрир" гуруҳи ва "Ўзбекистон исломий ҳаракати" террорчи ташкилотини айблашган.

"Ҳизбу Таҳрир"нинг Лондондаги воизи Имрон Воҳид ташкилотнинг портлашларга алоқадорлигини рад этиб чиққан.

Ҳужумларга алоқадорликда бир киши ҳибсга олингани ва бошқа гумондорлар қидирилаётгани маълум қилинган.

Орадан уч ой ўтиб, 2004 йилнинг 30 июль куни Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари, шунингдек, Бош прокуратура биноси олдида портлашлар юз берди.

Суиқасд ҳужумчилар томонидан содир этилгани айтилган ҳужум оқибатида, расмийларга кўра, камида тўрт киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларга кўра, портлашларнинг барчаси соат 16:00—17:00 оралиғида юз берган.

"Жаслиқ"да 11 йил ётган тутқун ҳикояси: Бизни "Ўзбегим" садоси остида қийнашарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:33 0:00

Исроил элчихонаси олдидаги портлаш оқибатида элчихона қўриқлаш хизмати ходими Азат Саляхов ва Миллий хавфсизлик хизмати зобити Вячеслав Макаров ҳалок бўлгани хабар қилинган.

АҚШ элчихонасидаги теракт оқибатида эса, расмий маълумотга кўра, икки нафар ички ишлар ходими — катта сержант Иброҳим Норметов ва сафдор Ихтиёр Ҳакимов қурбон бўлган, яна икки киши жароҳатланган, элчихона ходимларига зарар етмаган.

Расмий матбуот президент Ислом Каримов Қримдаги таътилини тўхтатиб, дарҳол Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлгани ҳақида хабар берган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ислом Каримов режими диний экстремизм ва терроризмга қарши курашдан сиёсий ва диний ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилишда фойдаланганини айтишади.

Форум

XS
SM
MD
LG