Линклар

Тошкентда ҳокимият режаламаган "Барҳаёт полк" марши бўлди


Сурат ижтимоий тармоқлардан олинди

Сурат ижтимоий тармоқлардан олинди

Тошкентда "Биродарлар қабристони" мемориал мажмуасида Иккинчи Жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган "Барҳаёт полк" акциясидан олинган суратлар 9-май куни ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлди. Тадбир ташкилотчилари акцияга шаҳар ҳокимияти рухсат берганини айтмоқда. 2-май куни ҳокимият бундай марш режалаштирилмаган, деган эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото-видео хабарлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда илк бор ўтказилган тадбир шаҳардаги "Биродарлик қабристони" мемориал комплексида куннинг биринчи ярмида бўлиб ўтган.

Тадбир ташкилотчилари ва иштирокчилари тарқатган суратларда қўлларида Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган ва бедарак кетган яқинларининг суратларини тутган иштирокчилар акс этган.

Иштирокчиларнинг айримлари кўксида "Георгий ленталари", айрим болалар эса ҳарбий кийимларни кийиб олишган.

Ҳозирча тадбирда қанча одам иштирок этгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо, бу борада хабар бераётган ягона Интернет нашри - Tafsilot.uz сайтининг хабар қилишича, тадбир унинг ташкилотчилари режалаганидан кўра кичикроқ кўламда ўтказилган.

Шунингдек, ушбу сайтда сўнгги кунлар ичида тақдири номаълум қолган акция ташкилотчиларига Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан берилган расмий мактуб нусхаси ҳам илова қилинган.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 25-26 апрель кунлари Москвага сафаридан сўнг 2012 йилдан буён Россияда ўтказиб келинаётган "Барҳаёт полк" тадбири Тошкентда ўтказилиши ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Ташкилотчилар унинг ўтказилишига Тошкент шаҳар ҳокимияти рухсат берганини айтганлар.

Озодлик билан суҳбатлашган уюштирувчилар “Барҳаёт полк” тадбирини Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Россотрудничество агентлиги молиялаштираётгани, мувофиқлаштириш ишларини эса Россиядаги "Барҳаёт полк" асосчилари томонидан тузилган бош штаб назорат қилаётганини айтган эдилар.

Tafsilot.uz сайти эълон қилган мактуб Тошкентда "Барҳаёт полк" акциясини уюштиришда кўмаклашган "Veteran" жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмасига йўлланган ҳамда унда ИИВ билан келишилган ҳолда 9-май куни режалаштирилган тадбирлардан сўнг "гулчамбар қўйиш маросими"га рухсат берилгани айтилган.

Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бу мактуб республика пойтахтида илк бор "Барҳаёт полк" маршини ўтказишга розилик берилганини англатадими ёки йўқми - бу саволга ҳозирча жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, 25 апрель санаси билан берилган бу расмий жавобдан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимияти ўз сайтида баёнот эълон қилган ва унинг сўнггида: "Дарҳақиқат, баъзи интернет сайтларида назарда тутилаётган “Ўлмас полк” (“Бессмертный полк”) акцияси режалаштирилаётган тадбирлар рўйхатида мавжуд эмас" деб таъкидланган эди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган фотосуратлар ва видеолар кўламига қараганда, Тошкентда илк бор ўтказилган тадбирда юзлаб одам иштирок этган.

Тармоқларда қолдирилаётган фикр-муносабатлар эса, асосан, икки йўналишда бўлмоқда.

Тадбир иштирокчилари ва тарафдорлари 9-май куни Тошкентда ҳам айнан "Барҳаёт полк" акцияси ўтказилиши ҳамда унинг рамзига айланган "Георгий лентаси" тарқатилишига тўсқинлик қилинмаслиги лозим, демоқдалар.

Айни пайтда, тадбир ва "Георгий лентаси"нинг Ўзбекистондаги тарғиботига қарши бўлганлар, бошқа давлат ҳукумати томонидан расмий мақомга эга бўлган белгилар қўлланилиши тўғри эмас, деган фикрни илгари сурмоқда.

Маълумки, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушига оид ёдгорликлар олиб ташланди.

2010 йил ноябрида Тошкентда Собир Раҳимов номли метро станцияси номи Олмазорга ўзгартирилди. 2011 йили эса Ўзбекистон пойтахтидаги туманлардан биридан генерал Раҳимов номи олиб ташланган. Ҳозир бу туман “Олмазор” деб аталади.

Кейинроқ Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳридаги Собир Раҳимов кўчаларининг ҳам номи алмаштирилди.

Ўтган йили Ангрен шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага бағишланган ёдгорлик бузиб ташланди.

Бироқ Ўзбекистон расмийлари бу ҳаракатларига бирор-бир изоҳ бермаган.

Ўзбекистонда СССР пайтида тарихга киритилган Улуғ Ватан уруши атамаси ҳам расман қўлланилмайди. Бунинг ўрнига Иккинчи Жаҳон уруши атамаси қўлланилиб келади.

“Нуроний” жамғармасининг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда бу урушда иштирок этганлардан 3 минг нафари яшамоқда.

Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида 1 миллион 400 минг ўзбекистонлик жанг қилган. Улардан 400 мингдан кўпроғи ҳалок бўлган, 130 мингги бедарак йўқолган.

XS
SM
MD
LG