Линклар

Тошкентда ҳам давлат хизматчиларига маошлар кечиктирила бошлади


Нақд пул тақчиллиги боис маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши Ўзбекистонда кейинги икки йилнинг ҳодисасига айланган

Нақд пул тақчиллиги боис маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши Ўзбекистонда кейинги икки йилнинг ҳодисасига айланган

Давлат муассасаларида маошлар кичикиши билан боғлиқ муаммо пойтахт Тошкентдаги бюджет ташкилотлари ходимларига ҳам етиб келди. Тошкентнинг Учтепа туманидан Озодликка мурожаат қилган мактаб ўқитувчилари сўнгги пайтларда маошларнинг нақд пулда бериладиган қисми 1-2 ойга кечикаётганидан шикоят қилишди. Учтепа тумани молия бўлими маошлар нафақат ўқитувчилар, бошқа давлат хизматчиларига ҳам кечиктириб берилаётганини тан олди. Расмийлар бу ҳолатни мамлакат иқтисодидаги нақд пул тақчиллиги билан изоҳламоқда.

Нақд пул тақчиллиги боис давлат хизматчилари маошларининг кечикиши билан боғлиқ муаммо шу пайтгача пойтахт Тошкентни четлаб ўтаётган эди. Бунинг учун бюджет ҳисобидан молияланадиган Тошкентдаги давлат муассасалари хизматчиларининг иш ҳақлари ҳамда пенсия ва стипендияларнинг катта қисми ёки тўлиқ пластик банк карталарига ўтказиб келинаётган эди.

Лекин кейинги бир неча ой давомида бу чора пойтахтлик ишчи-ходимларни бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётган муаммодан ҳимоя қила олмаётган кўринади.

Тошкентнинг Учтепа туманидан Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўрта мактаб ўқитувчиларининг айтишича, маошларининг 80 фоизи пластик картага ўтказилган бўлишига қарамасдан, сўнгги бир неча ой давомида, иш ҳақларининг нақд қисми икки ойгача кечиктириб берилмоқда.

“Бу муаммо кейинги 2-3 ойдан бери кузатиляпти. Ойликнинг катта қисми шундоқ ҳам пластикка тушади. 20 фоизинигина нақд бериши керак. Пластикка вақтида беряпти, лекин пластикнинг ўзи билан ҳамма камчиликни битказиб бўлмайди. Нақд пулсиз бўлмайди. Мана ҳозиргача март ойининг пулини олганимиз йўқ. Берадиган пули 600-700 минг сўм бўлса, шуни ҳам вақтида бермайди давлат”, дейди тошкентлик ўқитувчилардан бири.

Унинг айтишича, ҳозирда ўқитувчиларнинг ўртача 700 минг сўмни ташкил этадиган бир ставка ойлик маошининг 80 фоизи мажбуран банк тўлов карталарига ўтказилган.

Тошкен шаҳар Учтепа тумани молия бўлими мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўқитувчилар маошининг нақд қисми бир неча ойлаб кечикаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бу ҳолат нафақат Учтепадаги ўқитувчилар, балки Тошкентдаги деярли барча давлат муассасалари учун долзарб муаммога айланган.

“Ҳа тўғри, ўқитувчилар маошининг нақд қисми кечикаётганини биламиз. Лекин бу фақатгина бизнинг туман ва ўқитувчиларгагина тааллуқли муаммо эмас. Бутун Тошкент бўйича вазият оғирлашяпти. Ўзимининг туман ҳақида гапирадиган бўлсак, биз Учтепа туман ҳокимиятига ҳам, Тошкент шаҳар ҳокимиятига ҳам хат билан чиқяпмиз. Ҳозирча вазиятдан чиқиш йўли бўйича жавоб олганимиз йўқ. Ҳозир ўқитувчилар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, ободонлаштириш бошқармаси ходимларига нақд пулдаги маошлари 2 ойгача кечикяпти. Ҳақиқатан, бу муаммо бор”, дейди молия бўлими мулозими.

Унинг яна айтишича, бюджет ташкилотларига нақд пулдаги иш ҳақини етказиб беришдаги қийинчилик шу пайтгача Тошкент учун нисбатан долзарб бўлмаган нақд пул тақчиллиги муаммоси жиддийлаша бошлагани билан боғлиқдир.

“Билсангиз керак, банкларда ҳозир нақд пул муаммо бўлиб қолган. Бизга “Ипакйўли” банкининг Ўрикзор филиали хизмат кўрсатади. Банкка ҳам хат билан чиқдик. Улар бизга юборган жавобида нақд пул тушумининг 50 фоизи Марказий банк тарафидан олиб қўйилаётганини ёзишди. Шу пайтгача бундай муаммо йўқ эдику, десак. Марказий банк шу пайтгача нақд пулнинг 50 фоизини олиб қўймаётган эди, деб жавоб беришяпти. Ҳозир бутун пойтахт бўйича банклар давлат ташкилотларига мурожаат қилиб, маошларни вақтида олиш мақсадида 100 фоиз пластикка ўтказишни тавсия қилишмоқда”, дейди Учтепа тумани молия бўлими мулозими.

Нақд пул тақчиллиги боис маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши вилоятлардаги давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда пенсионерлар учун кейинги икки йилнинг ҳодисасига айланган.

Ўтган йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазир Шавкат Мирзиёевга тақдим этган ички билдиришномада мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги ҳал этилмаса “аввалдан айтиб бўлмайдиган оқибатлар”га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Бу огоҳлантирувдан ўтган бир йил давомида ҳатто ички ишлар ва божхона тизимлари хизматчиларининг маошлари вақтида берилмаётгани билан боғлиқ ҳолатларни Озодлик тез-тез ёритмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG