Линклар

logo-print

Трамп: Афғонистонлик ва покистонлик иммигрантларни АҚШга киритмаган бўлардим


Дональд Трамп

Дональд Трамп

АҚШнинг Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп мусулмонларни АҚШга киритмаслик бўйича ўз позициясини янада кучайтирди ва афғонистонлик, покистонлик ва суриялик муҳожирларнинг мамлакатга киришига чек қўйишини айтди.

Орландодаги гей клубда 49 киши отиб ўлдирилганидан бир кун ўтиб қилган чиқишида Трамп президентлик ваколатларидан фойдаланиб "АҚШ, Европа ёки ҳамкорларимизга қарши террористик ҳаракатларни амалга ошириш тарихига эга мамлакатлардан келадиган мусулмонларнинг АҚШга киритилишини ушбу хавфларни бартараф этишни англаб етгунимизча вақтинча тўхтатаман," деди.

Трамп иммигрантларга қўйиладиган тўсиқ "мамлакатимизга келаётган бу одамларни тўлақонли текшира оладиган бўлгунимизча туради. Улар оқиб келяпти, биз эса нима қилаётганимизни билмаймиз," деди.

Трамп гей клубга ҳужум қилган Умар Матиннинг ота-онаси Афғонистонда туғилгани, Сан-Бернардино шаҳридаги ҳужумларни амалга оширган шахснинг ота-онаси покистонлик бўлгани, унинг аёли ва шериги эса Саудия Арабистонидан келганини айтди.

Трамп бу мамлакатларнинг барчасига қарши чеклов қўйилиши кераклигини таъкидлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бу мамлакатлар АҚШнинг ҳамкорларидир.

"Афғонистондан АҚШга иммиграция қилаётганлар сони бир йилда беш баробарга ошди. Pew Research тарқатган маълумотларга кўра, Афғонистон аҳолисининг 99 фоизи зулмкор шариат қонунларини қўллайди", дея сўзини давом эттирди Трамп.

"Ҳудуддаги бошқа кўплаб мамлакат ҳам шундай жафокор қарашларга эга эканлигини биламиз. Агар биз эркин ва очиқ жамият бўлиб қолишни истасак, чегараларимизни назорат қилишимиз керак".

Трамп ўз рақиби, президентликка номзод демократ Хиллари Клинтон кўплаб мусулмонларнинг, айниқса, сурияликларнинг АҚШга киришига йўл очиб беришини, бу эса мамлакат хавфсизлига таҳдид солишини таъкидлади.

"Ҳозир у текширув режасисиз киритишлар сонини кескин оширмоқчи, жумладан, суриялик қочқинлар сонини 500 фоизга оширмоқчи. Бу афсонавий троян отининг яхшироқ, каттароқ версияси бўлиши мумкин. Бунга йўл қўя олмаймиз", деди Трамп.

Трамп Сомалини ҳам тилга олди, аммо Ироқ ҳақида ҳеч нима демади.

Бунга жавобан Клинтон "Дональд Трампнинг реторикаси жуда хавфли" эканини, сабаби бу реторика ҳужумлар ортида турган Америкага қарши қарашлар ҳамда бўлувчи исломий мафкурани янада кучайтиришини айтди.

12 май куни CNNга берган интервьюси давомида Клинтон "Мен бутун бошли динни ёмонга чиқармайман, чунки бу хавфли деб ҳисоблайман. Бундай қилиш “Исломий давлат”га ҳам қўл келган бўлар эди", деди.

XS
SM
MD
LG