Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Андижон ва Самарқандда текин автобуслар сайлов участкаларига хизмат қилди


Ўзбекистонда 4-декабрь, президентлик сайлови куни жуда кўп шаҳар ва туманлар ҳокимияти жамоат транспортларининг аҳолига бепул хизмат кўрсатиши ҳақида эълон берган эди. Жумладан, Тошкентда ҳам метро ва автобуслар ҳам йўловчиларни текин ташиган. Аммо, андижонлик манбаларнинг ёзишича, шу куни жуда кўплаб жамоат транспортлари йўналишга чиқмаган ва бунинг оқибатида такси нархи қимматлаб кетган.

Андижон шаҳрида истиқомат қиладиган Озодлик манбасининг айтишича, сайловдан икки кун аввал 4 декабрь куни барча жамоат транспорти текин бўлади, деб эълон берилган эди:

“Иккинчи декабрь куни Андижон шаҳрида барча жамоат транспортлари – автобуслар, Дамаслар 4-декабрь куни хизмат текин бўлади, деган эълон ёпиштириб юрди. Лекин, бугун ана шу транспортларнинг асосий қисми ишга чиқмади. Одамлар анча қийналиб қолди”, дейди манба.

Андижонлик бошқа бир манба эса жамоат транспортининг 4-декабрь кунги аҳволи ҳақида мана бундай деб ёзди:

“Бугун сайлов. Андижонда давлат ширкатларига қарашли автобуслар, Дамас, Матиз, Нексия автомобилларига бепул хизмат қилиш белгиланган. Лекин шу куни бу автоуловларни топишнинг иложи бўлмай қолди. Тўғри, баъзилари ишга чиқди, лекин жуда кам миқдорда. Барча йўлларда одам тирбанд. 500 сўмлик йўлга таксиларда 1000-2000 сўмга кетишдан бошқа иложи бўлмади”, деб ёзади андижонлик манба.

Андижон шаҳридаги “Дарётранс” ташкилотининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам йўловчиларни текин ташишда узилиш бўлганини тан олди:

“Биз сайлов куни текин хизмат кўрсатамиз, деб эълон берганмиз.Тўғри, эрталаб бир-икки соат узилиш бўлди. Чунки биздан ҳар бир сайлов участкасидаги сайлов ишларига хизмат кўрсатиш учун анча мошинамизни олиб қўйишди. Шунинг учун улар то сайлов участкасидаги ишларини тугатгунча бир-икки соат вақт ўтди. Лицензияли мошиналаримиз шаҳарни тўла қамраб ололмайди, тўғриси. Лицензияси йўқ ҳайдовчилар эса бепул ишлайманми деб, шу куни ишга чиқмаган. Мана шу сабаб бўлиб, йўловчиларда оз-моз қийинчилик бўлди”, деди мулозим.

Самарқанд шаҳридаги Озодлик манбаси ҳам шаҳар ҳукумати ваъда қилган сайлов кунидаги текин транспорт ваъдалигича қолди:

"Самарқанд вилояти ва шаҳри ҳокимиятининг ваъдаси қизиқ бўлди. Сайлов куни бепул булди. Фақат одамлар кўчада қолишди. Чунки жуда кам автобус кўчага чиққанди. Масалан мен ўзим энг кўп одам минадиган 3 ва 32 йўналишдаги автобуслардан кун давоми фақат 2-3 тагина кўрдим, холос. Бўлса ҳам бир соатда битта келди. Бу "Самарқандтранс" марказининг ғалати "ташаббус"и бўлди. Автобус бепул, лекин одамлар кўчада сарсон?", деб ёзди самарқандлик манба.

Сайлов куни Тошкент шаҳридаги автобус ва метро йўловчиларни текин ташиган.

XS
SM
MD
LG