Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:35

Ғарбий виржинияликларнинг аксарияти Трамп тарафида


Дональд Трапм ўз тарафдорлари билан.
Дональд Трапм ўз тарафдорлари билан.

Доналд Трампнинг асосий сайловчилари ким? Унинг аёлларга нисбатан 10 йил олдин айтган шаҳвоний гаплари рейтингини тушириб юборди, бироқ асосий сайловчилари Трампдан юз ўгиргани йўқ.

Ғарбий Виржиния штатида яшовчи кончи Крис Роуз Доналд Трампга содиқ сайловчилардан.

“Трамп ўйлаганини гапиради, қоғозга ўрамасдан, қўрқмасдан”, - дейди у.

Кончилик Ғарбий Виржиниядаги муҳим саноатлардан. Роуз кўпдан бери бу соҳада ишлайди.

“Оиламизнинг барча аъзолари кўмир саноатида ишлайди. Ҳаёт услубимиз бу, соҳадагилар билан ака-укадекмиз”, - дейди Роуз.

Бироқ сўнгги йилларда соҳа катта қийинчиликларга учради. Кончилар ҳукуматни қўшимча чекловларда айблаб, сайловда Трампга овоз бермоқчи.

Бироқ Роуз ва унинг оиласи Трампнинг аёллар ҳақидаги гаплари битилган видеодан ранжиганини айтади.

“Трампнинг ҳамма гапларига ҳам қўшилавермайман. Президентларга хос гапиришни ўрганиши керак у”, - дейди Крис.

Аммо ўзгаришларга муҳтожмиз, дейди у.

“Клинтонлардан тўйганмиз. Бушлардан ҳам. Четдан одам келишини хоҳлаймиз. Бошқаларга ҳам имкон бериш керак”, - дейди кончи.

Ғарбий Виржиния университети талабалари ҳам сайловолди кампанияни муҳокама қилмоқда. Демократик партиянинг ёш фаолларидан Эйнжел Муллен Трампдан нафратланади.

“Аёл киши ва озчилик гуруҳи вакили сифатида Доналд Трампга ишонмайман. Аёллар ҳуқуқлари учун курашишига кўзим етмайди”, - дейди Клинтон тарафдори.

Эмма Харрисон Хиллари Клинтондан илҳомланишини айтади.

“Бир кун келиб мен ҳам бирор лавозимга сайланишни истайман. Агар Клинтон президентликка сайланган илк аёл бўлса, мен бундан руҳланаман”, - дейди у.

“Тоғ штати” номини олган Ғарбий Виржиния мамлакат бўйлаб иқтисодий жиҳатдан қолоқ штатлардан. Аҳолиси, асосан, ёши катта оқ танлилардан иборат. Трамп - уларнинг умиди, дейди таҳличи Патрик Хики.

“Ғарбий виржинияликлар Трампнинг глобал иқтисодиёт америкалик ишчиларга зарар келтиргани ҳақидаги сайловолди гапларига қўшилади. Бу муаммо мамлакат бўйлаб, айниқса, шу штатда яққол сезилади”, - дейди Хики.

Сайлов куни Трампнинг Ғарбий Виржинияда ғалаба қилиши шубҳасиз. Мавҳум келажакка юз тутаётган штатнинг ўзгаришларга чанқоқ сайловчилари унинг айрим хатоларига кўз юмиб, Трампга умид билан қараши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG