Линклар

Трамп: Қримни Россияники деб тан олиш ҳақида ўйлаб кўрган бўлардим!


Республикачилар номзодининг Путин ва унинг олигархларига яқинлиги ҳақидаги гумонлар ортидан литвалик рассом Вильнюс марказидаги ресторан деворига чизган карикатура.

Республикачилар номзодининг Путин ва унинг олигархларига яқинлиги ҳақидаги гумонлар ортидан литвалик рассом Вильнюс марказидаги ресторан деворига чизган карикатура.

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясининг расмий номзоди Дональд Трамп сайловда ғолиб чиқса, аннексия қилинган Қрим ярим оролини Россия ҳудуди деб тан олиш ҳақида ўйлаб кўришини айтди.

31 июль куни ABC телеканалига берган интерьвюсида Трамп¸ “Мен бу масаланикўриб чиқаман. Лекин эшитишимча, Қрим аҳолиси Украинадан кўра Россия билан бирга бўлишни хоҳлар экан. Буни ҳам инобатга олиш керак”, деди.

Обама маъмурияти 2014 йил баҳорида Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганини тан олган эмас.

Республикачи номзод суҳбат давомида Россия президенти Владимир Путиннинг Украина ички ишларига аралашмаганига ишонишини ҳам билдирди.

Аввалига Трамп “Сизга тушунарли бўлиши учун, [Путин] Украинага бостириб кирмайди¸ тўғрими. Буни керак жойга қайд қилиб олинг ёки ёзиб олинг. Бундан хоҳлаганингиздек фойдаланишингиз мумкин”, деди.

Суҳбатдоши саволларидан кейин “Хўш, тўғри, у қайсидир маънода Украинага кириб борди, лекин мен ҳали у ерга борганим йўқ”, дея таъкидлади. Афтидан, бу гапи билан номзод ҳали АҚШ президенти этиб сайланмаганини назарда тутди.

Трамп бу гапидан сўнг “дунёнинг ўша бурчагидаги бош-бошдоқлик” учун АҚШ президенти Барак Обамани айблади.

Трамп яна Республикачилар партиясининг Украинага берилаётган ёрдам кўламини озайтириш қарорига алоқаси йўқлигини айтди.

Трамп тарафдорлари ўтган ойги Республикачилар миллий қурултойида россияпараст айирмачиларга қарши кураш учун Киев ҳукуматига қурол-аслаҳа бериш ҳақидаги таклифни партиянинг хорижий сиёсат дастурига киритмасликка муваффақ бўлди.

Трамп Россия президенти Владимир Путин билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, у билан учрашмаганини ёки телефон орқали суҳбатлашмаганини қўшимча қилди.

Айни пайтда¸ Трамп сайлов кампанияси менежери, сиёсий стратег Пол Манадор Украинанинг россияпараст собиқ президенти Виктор Янукович учун лоббичилик қилган.

XS
SM
MD
LG