Линклар

АҚШда Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампнинг сайлов кампанияси раҳбари 19 август куни истеъфо берди. Аввалроқ Пол Манафортнинг Украинадаги сиёсий партия учун лоббичилик қилгани ҳамда хориж жосуси ўлароқ рўйхатдан ўтмагани маълум бўлган эди.

Пол Манафорт 2004-2010 йилларда Украина собиқ президенти Виктор Янукович ҳамда унинг россияпараст партиясига маслаҳатчилик қилган.

Трампнинг демократ рақиби Ҳиллари Клинтон кампанияси аъзолари Манафортнинг истеъфоси Трампнинг Россия билан дўстона алоқаси ҳақидаги барча саволларга жавоб бўлмаслигини таъкидлашди.

Клинтон кампанияси менежери Робби Мук “Манафортни кетиришингиз мумкин, лекин бу Трампнинг Путин билан бўлган ғалати дўслигини тугатмайди”, деди.

Ой бошида Украинанинг антикоррупция миллий бюроси Манфортга 12,7 миллион доллар тўлаш айтиб ўтилган қўлёзмалар топилганини билдирган эди. Аммо бюро Манафорт аслида пул олганми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум эканлигини таъкидлаганди.

18 август куни Associated Press хабар агентлиги Манафорт ширкатидан олинган электрон мактублар у Украиналик сиёсатчилар номидан АҚШда лоббичилик қилганини кўрсатиши ҳақида хабар берди. Манафорт бу иддаоларни рад этиб келаётган эди.

АҚШ қонунчилигига биноан бундай фаолият билан шуғулланувчилар мамлакатда хориж жосуси ўлароқ рўйхатдан ўтиши шарт. Манафорт эса бундай қилмаган.

Манафорт Жеральд Форд, Рональд Рейган ҳамда Жорж Буш каби бир неча АҚШ президенти ва президентликка номзоднинг сайлов кампанисига маслаҳатчилик қилган.

XS
SM
MD
LG