Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:20

Ҳибсдан чиққан шахс ота ва унинг икки ўғлини тўппончадан отиб яралади


Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида одам ўлдириш айби билан қамалган шахс ҳибсдан чиқиб келганидан сўнг ота ва унинг икки ўғлини тўппончадан отиб ташлаган. Воқеа гувоҳларига кўра, жабрланганлар шаҳар касалхонасига ётқизилган. Шифокорлар, улардан бирининг аҳволи оғир эканлигини айтмоқда.

Шаҳрисабз шаҳри бозори ҳудудидаги савдо дўконларидан бирининг ташқарисини таъмир қилаётган 58 яшар Абдували Қиёмов ва унинг 29, 33 яшар ўғиллари Жасур ва Жамшид яқинда ҳибсдан чиққан 42 яшар Ботир Ҳакимов томонидан 17 октябрь куни отиб кетилди.

Жабрланганлар Шаҳрисабз шаҳрининг тез ёрдам касалхонасига ётқизилган.

Озодликнинг Шаҳрисабздаги манбаси берган бу хабарни шаҳар ҳокимиятининг исми сир қолишини сўраган мулозими тасдиқлади.

“Милициядаги юқори лавозимда ишлайдиган танишимнинг айтишича, илгари одам ўлдириш ва бошқа жиноятлари учун уч марта қамалиб чиққан Ботир қора лақабли шахс ота ва унинг ўғилларини тўппончадан отган. Воқеа эса мана бундай бўлган экан. Ботир қора ота ва ўғиллари ишлаётган участка яқинига бориб енгил ҳожат чиқаради ва улардан қўлни чайишга сув сўрайди. Улардан бири, “сув йўқ, бор ана, ариқда юв”, дейди. Кейин ўртада жанжал чиқади. Ота ва унинг ўғиллари Ботир қорани лопатка билан уради. Шунда у қочиб бориб, мошинасидан тўппончани оладида уларни отиб ташлайди. Ўқ Жамшиднинг қорнига ва қолган иккисининг оёғига тегади”, деди мулозим.

Шаҳрисабз касалхонасида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган шифокорлардан бири ўқ еган жабрланувчилардан икки нафарининг аҳволи қониқарли эканлигини айтди:

“Кеча олиб келишган эди. Қиёмов Жамшиднинг аҳволи кеча оғир, кўп қон йўқотган эди. Операция қилиб, ўқни олиб ташладик. Ҳозирги аҳволи ўртача оғир. Қолган иккисининг эса жароҳати оғир эмас”, деди шифокор.

Озодликнинг ҳокимиятдаги манбасига кўра, Ботир Ҳакимов ҳибсга олинган ва унинг устидан тергов давом этяпти:

“Милициядаги танишимнинг айтишича, Ботир Ҳакимов биринчи кўрсатмада тўппончани Сурхондарё вилоятидаги танишидан олганини айтган. Айни пайтда тўппонча билан боғлиқ яна икки киши ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда”, деди манба.

Ўзбекистонда ўқотар қурол билан содир этилган жиноятлар кўп ёки оз эканлиги Озодликка маълум эмас. Аксар ҳолатларда мансабдор шахслар билан боғлиқ бундай воеқалар жамоатчиликдан сир тутилади.

Жорий йилнинг январь ойида фарғоналик куёв ўз қайнотасини пневматик тўппончадан отиб қўйган эди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани марказида жойлашган аптека мудири Бахтиёр исмли йигит 2014 йилнинг 29 октябрь куни кечқурун иш жойида отиб кетилган эди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, аптекачини номерсиз машинада келган, юзига қора ниқоб тортган одамлар отиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG