Линклар

Туркия бош вазири, Бинал Йилдирим, ҳукумати диний пешво Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадицияси талаби билан расман Қўшма Штатларга мурожаат қилганини айтди.

Бинал Йилдирим бу ҳақда 19 июль куни Туркиянинг иқтидордаги АК партияси фаоллари йиғини чоғида маълум қилди.

"Туркия президенти ҳам, мен ҳам террористлар бошлиғи Фатҳуллоҳ Гуланнинг бизга таслим қилиниши борасида АҚШга мурожаат йўлладик. АҚШга Адлия вазири тўртта ҳужжат жўнатди," деди Бинали Йилдирим.

Бир кун муқаддам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам АҚШ муваффақиятсиз ҳарбий тўнтариш уринишида айбланаётган диний етакчи Фатҳуллоҳ Гуленни Туркияга экстрадиция қилиши кераклигини айтганди.

CNN телекеналига берган интервьюсида Эрдўғон: "Бизда жиноятчиларни экстрадиция қилиш бўйича ўзаро келишув бор. Бундай ҳолларда ҳар икки тараф ҳамкорлик қўлини чўзиши керак, ҳатто у АҚШ фуқароси бўлса ҳам", деб айтганди.

"АҚШ бундай террорчини сақламаслиги керак. Қўшма Штатлар бу шахсни Туркияга экстрадиция қилиши керак", дея қўшимча қилганди Туркия президенти.

Эрдўғон яна ўз маъмурияти яқин кунларда Вашингтонга расмий экстрадиция илтимосини юборишини билдирганди.

АҚШ давлат котиби Жон Керри Вашингтон экстрадиция масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини, аммо бунинг учун қуруқ "иддаолар" етарли эмаслиги, Гуленнинг айбини АҚШ судида исботлай оладиган далил зарурлигини айтди.

АҚШнинг Пенсилвания штатида яшовчи Гулен ҳозирда даволанмоқда.

Гулен яна бир бор айби йўқлигини айтиб, АҚШ уни Эрдўғонга топширмаслигига ишонишини қўшимча қилди.

Сейлорсбург шаҳарчасида туриб журналистлар билан учрашган Гулен "Мен ҳеч нимадан хавотир олаётганим йўқ," деди.

Руҳоний 1999 йилдан бери АҚШда яшаб келади.

"АҚШ қонун давлатидир. Бу ерда қонун устуворлиги юқори даражада. Мен бу ҳукумат қонуний жиҳатдан тўғри бўлмаган ҳеч нимага эътибор бермаслигига ишонаман", деди Гулен.

"Шуни айтмоқчиманки, мен бир кун ўламан. Ўз тўшагимда ўламанми, қамоқхонадами, менга фарқи йўқ", деди 75 ёшли дин пешвоси.

2013 йилги коррупция можароси ортидан Туркия ҳукумати Гуленни экстрадиция қилишга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраганди.

"Ўша талаблар қонуний бўлмагани учун АҚШ ҳукумати уларни жиддий қабул қилмади. У тўғри, тушунса бўладиган, қонуний илтимос эмас эди. ... Афтидан, муваффақиятсизўтган тўнтариш уриниши ортидан улар яна куч олган. Улар [мени экстрадиция қилишга] яна бир марта уринадилар энди."

Гулен ўзидан хавотир олмаса ҳам, АҚШ ва Туркия ўртасидаги алоқалар ёмонлашиши эҳтимолидан хавотирда эканини қўшимча қилди.

Гулен Корея уруши давомида Туркия аскарлари АҚШ аскарлари билан бирга жанг қилгани, икки мамлакат Туркия 1952 йилда НАТОга қўшилганидан бери дўст бўлиб келаётганини эслатиб ўтди.

"Агар Туркия НАТОдан четлатилса, муаммолар ичида қолади. Ўзини-ўзи барбод қилади. Ўзини-ўзи йўқ қилади. АҚШ бошқа ҳамкор топиб олиши мумкин. Лекин Туркия АҚШ билан ҳамкорлик қилишга АҚШга қараганда кўпроқ муҳтождир."

Ҳозирга қадар Туркияда 300 дан ошиқ одам умрига зомин бўлган ҳарбий тўнтаришга алоқадорликда айбланаётган 9 мингга яқин расмий қўлга олинган.

CNN билан интервью давомида Эрдўғон ҳарбий тўнтаришга уриниш президентга ўзига қарши бўлган ҳаммани сиқувга олишга баҳона бўлаётгани ҳақидаги фикрларни рад этди.

"Бу беҳуда айблов. Агар Тоййиб Эрдўғон золим шахс бўлганида, президент сайловларида 52 фоиз овоз олмаган бўлар эди", деди президент камтарлик билан.

XS
SM
MD
LG