Линклар

Гулан ҳаракатининг Туркия ҳукумати билан тўқнашуви ортида қандай сирлар бор?


Суратда: Фатҳуллоҳ Гулан ва Ражаб Эрдўғон

Суратда: Фатҳуллоҳ Гулан ва Ражаб Эрдўғон

15 июлдаги муваффақиятсиз тўнтаришдан бери Туркия расмийлари АҚШда истиқомат қилувчи руҳоний Фатҳуллоҳ Гуланни айблаб келади. Туркияда кўпчилик бу фикрга қўшилади. Гулан ҳаракати тарихига назар солсак, бунинг сабабини англаб оламиз.

Гулан ҳаракати нимани истайди?

Гулан дастлаб сунний исломнинг ҳанафий мазҳаби аъзоси бўлган усмонли-курд олими Саид Нурсини қўллаган. Аммо 1970- йилларда Гулан ўз мактабини, таъбир жоиз бўлса, тариқатини тузган. Мазкур мактабга “Гулан жамоати” номини беришган.

Туркиянинг дунёвий ҳамда армияни қўлловчи ҳукумати бошқа жамоалар қаторида Гулен ҳаракатини ҳам тақиқлаган. Натижада гуланчилар 1983 йилгача яширин фаолият кўрсатишга мажбур бўлган. Аммо бошқа диний жамоалар асосан Қуръонни ўрганиш ҳамда ибодат қилиш билан шуғулланган бўлса, Гулан ҳаракати тобора сиёсийлашиб борган. Тадбиркорлар оқимни молиялаштира бошлаган, натижада ҳаракат Туркиядаги консерватив ҳамда диний гуруҳлар орасида сиёсий ўйинчи ўлароқ гавдаланган.

Туркиядаги исломий гуруҳлар бўйича етакчи мутахассис Рушен Чақир (Rusen Cakir) “[Гулан] ўшанда жамият учун “ботир, ўзгаларни ўйловчи одамларни” тарбиялашни хоҳлаши ҳақида ёзган”, дейди. “Улар ёш авлодни тарбиялаб, ҳукуматнинг турли поғоналарига: полиция, адлия тизими, Ички ишлар вазирлиги, ҳатто армияга жойлаштиришни кўзлашган”.

“Аммо бошқа фаолияти очиқ бўлган сиёсий партиялардан фарқли ўлароқ, Гулан ҳаракатида ҳамма нарса сир бўлган. Гуруҳда неча аъзо борлиги, уларнинг ким эканлиги, улар сиёсий йўналишда нималарни амалга оширишни исташи ҳеч қачон маълум бўлмаган. Мазкур ҳаракат ҳамда унга боғлиқ “жамғармалар” ҳамда бизнеслар тобора бойиб, ҳаракатга янада кўпроқ одам қўшилаётгани ҳақидаги миш-мишлар урчиди. Аммо буни тасдиқловчи аниқ далил бўлмаган”.

Ҳаракат қанчалик катта?

Гулан ҳаракати аъзолари сонини ёки унинг бойлиги қийматини аниқлашнинг деярли иложи йўқ. Аксар ҳисобларга кўра, кейинги 40 йил ичида ҳаракат ўн минглаб аъзони тўплаган.

Гулан бирор “тармоққа” етакчилик қилишини инкор этиб келади. Руҳоний исталган давлат идорасидаги одам тармоқ яратмасдан ҳам уни қўллаши мумкинлигини, бошқа партиялар ҳам айнан шундай қилишини таъкидлайди. Аммо таҳлилчи Чақир мактаб битирувчиларига “жамоа етакчилари”, яъни Гулан ҳаракатининг ёшларга йўл-йўриқ кўрсатувчи аъзолари томонидан қайси касбларни танлаш ҳақида маслаҳат берилиши бошқа сиёсий партияларда кузатилмаслигини айтади.

Нима учун оқим Туркия ҳукумати билан тўқнашди?

1970- йилларда Туркия ҳукумати, армияси ҳамда хавфсизлик хизматлари ўз сафларидан Гуланни қўллаган шахсларни четлатишга ҳаракат қилган. 1980- йилларда эса дунёвий партиялар ҳамда журналлар (масалан, қуйида келтирилган “Нуқта” (1986) журнали) армиядаги “фатҳуллоҳчилар” ҳақида огоҳлантирган.

Армия ва давлат хизматида юқори поғоналарга кўтарилган гуланчилар шерикларига ёрдам бериб, уларни ўз сафларига жалб қилишган. Хабарларга кўра, 2010 йилда давлат агентликларига кириш учун топшириладиган синов жавобларини гуланчилар бир-бирига юборган.

Гулан уни қўлловчиларни йиғар ва уларга йўл-йўриқ кўрсатар экан, унинг Туркиядаги ҳамда хориждаги мактаблари унга обрў ва эътибор олиб келган. Танқидчилар гуланчилар мактабларни бошқариш ниқоби остида ҳукуматга ўрнашиб олишганини таъкидлаб келадилар. Шундай бўлса-да, Гулан Туркия таълим тизимини ҳамда маданиятини юксалтиришни хоҳлашини ҳар доим айтиб келган.

1999 йил Гуланнинг нутқларини яширин тарзда ёзиб олишади. Бу ёзувларни давлат телеканаллари эфирга узатади. Ўшанда Гулан уни қўлловчиларни “овоз чиқармасдан, сабр билан” давлат агентликларига кириб боришга ҳамда “ўзгаришлар” учун қулай фурсатни кутишга чақирган. “Агар ўта тез чора кўрсангиз, Туркия давлат институтлари сизга қарши чиқади”, деган Гулан.

Дунёвий матбуот ҳамда ҳукумат тазйиқи остида 1999 йили Гулен АҚШга кўчиб боради. Аммо унинг ҳаракати кенгайишда давом этади.

Нима учун Эрдўғон билан алоқалар совуди?

2000- йилларда юқори лавозимли полиция, адлия тизими, матбуот, таълим институтлари ходимлари ҳамда ҳарбийлар орасида Гуланни қўллаганганлар бўлган. Ўша пайтда Гулан Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг яқин ҳамкори бўлган. Эрдўғон 2003 йили бош вазир этиб тайинланган. Гулан ҳам, Эрдўғон ҳам бир хил исломий қарашларга эга бўлган. Аммо дунёвий давлат ичида исломий ҳаракат қандай фаолият юритиши кераклиги ҳақида икки етакчи қарама-қарши фикрга эга бўлган.

Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси 2002 йилги парламент сайловларида ғалаба қозониб, бир партияли ҳукумат тузганидан кейин, партияни Гулан ҳаракати қўллаб-қувватлаган. Бунга жавобан 2010 йилгача ҳаракатга эркин фаолият юритишга изн берилган.

Ўша йили Эрдўғон гуланчиларга қарши чора кўра бошлаган. Президент полиция ҳамда мактабларни тозалай бошлаган, аммо армияга тегмаган. 2013 йили Адолат ва тараққиёт партияси ҳамда Эрдўғон яқинлари орасидаги порахўрлик ҳақидаги аудио ва видео ёзувлар тарқалиб кетди. Бунинг ортида гуланчилар тургани айтилди. Натижада Эрдўғон Гуланга бутунлай қарши бўлиб олди.

Нима учун гуланчилар ўта тез қўлга олинди?

Тўнтариш ҳаракати бошланганидан кейин икки кун ҳам ўтмай ҳукуматга содиқ бўлган полиция, хавфсизлик ҳамда армия ходимлари гуланчиликда айбланган 7 мингга яқин кишини қўлга олди. Кейинги етти кун ичида бу кўрсаткич 50 мингга етди. Аммо айримлар кейинроқ қўйиб юборилди. Турли нашриётлар, бизнеслар ҳатто мактаблар ёпилди ёки уларнинг бошқаруви алмашди.

Ҳарбий тўнтариш уринишидан кейин Гулан ҳаракатининг аъзоси эканлиги айтилаётган шахслар ҳаракат етакчилари уларга оғзаки ёки хабар ёрдамида кўрсатма берганига иқрор бўлишди. Ҳатто бир полковник генералга йўл-йўриқ кўрсатган.

Қандай қилиб бунча кўп гуланчини бунча тез аниқлашгани кўчиликни ҳайратга солди. Айримлар, жумладан, Европа Иттифоқини кенгайтириш масаласи бўйича комиссар Йоханнес Хан Туркия ҳукумати Гуланчи шахс ва ташкилотларнинг рўйхатини олдидан тузганини таъкидламоқда. Баъзилар ҳатто ҳарбий тўнтариш хўжакўрсинга амалга оширилган, деб ҳисоблайди.

Гулан ҳаракати Туркия сиёсатида 40 йилдан бери иштирок этиб келаётгани, Эрдўғон авторитар етакчи эканини эътиборга оладиган бўлсак, мамлакат ҳукумати давлат идоралари, таълим тизими ҳамда тижоратдаги гуланчилар рўйхатини олдиндан тузиб қўйган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Қолаверса, уларни хавфсизлик хизмати ҳамда армия назорат қилгани аниқ.

Эрдўғоннинг маслаҳатчиларига кўра, Туркия президенти август ойида мамлакат армиясини тозаламоқчи бўлган. Бу эса фитначиларни биринчи бўлиб қўл кўтаришга ундаган бўлиши мумкин. 17 йил аввалги нутқларида Гулан “ўта эрта зарба бериш” аҳмоқлик бўлишини айтган эди. Гулан ҳаракати тўнтаришга алоқадорми, йўқми, оқим етакчисининг мазкур башорати тўғри бўлиб чиқди.

Аббос Жаводий, Озод Европа/Озодлик радиоси таҳлилчиси

XS
SM
MD
LG