Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Истанбулда яшаётган ўзбеклар текширувлар кучайганидан арз қилди


Давлат тўнтариши уриниши ортидан президент Эрдўғон мамлакатда уч ойлик фавқулодда ҳолат жорий қилди.
Давлат тўнтариши уриниши ортидан президент Эрдўғон мамлакатда уч ойлик фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Истанбулнинг Башақшеҳир тумани Қаяшеҳир даҳасида истиқомат қилувчи 28 яшар тошкентлик йигитнинг Озодликка хабар қилишича, Қаяшеҳирда яшаб турган ўзбекистонлик оилалардан 10 дан ортиғини ўтган ҳафтада полиция ушлаб олиб кетган.

Қаяшеҳирдаги “Ўрта Осиё таълим ва маданият маркази” вакили ўзбекистонликлар полицияга олиб кетилганини тасдиқлар экан, муаммо деярли ҳал бўлгани, ҳатто Туркияда нолегал яшаётганлар ҳам жазосиз қўйиб юборилганини билдирди.

Истанбулда яшаётган ўзбек журналисти воқеани 16 июлда муваффақиятсиз тугаган ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг мамлакатда 3 ой муддатга жорий этилган фавқулодда ҳолат билан изоҳлади.

Исми айтилмаслигини сўраган 28 яшар тошкентлик йигит аввалига ваҳимани катта қилди.

- Қаяшеҳирдаги ҳамма оилаларни олиб кетаяпти, деди йигит ўзбеклар оилаларини назарда тутаркан.

Лекин суҳбат давомида “ҳамма оилалар”ни эмас, балки 10-15 фоизини олиб кетганини айтди.

Қаяшеҳир Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган Башақшеҳир туманидаги мавзе бўлиб, суҳбатдошимизнинг айтишича, бу ерда 100 дан ортиқ ўзбек оиласи бор.

- Чунки Қаяшеҳирда квартиралар арзон, шунинг учун ўзбеклар шу ерда тўпланиб қолган, деди тошкентлик йигит. Унинг айтишича, "ўзбеклар, асосан, тижоратда, тўқимачилик корхоналарида ишлайди".

Қаяшеҳирдаги “Ўрта Осиё таълим ва маданият маркази” вакили баъзи ўзбекларни полиция ушлаб олиб кетганини тасдиқлади.

- Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида бироз тушунмовчилик бўлиб ўтди. Масалалар деярли ҳал бўлди. Қамоқ дейишга тилим бормаяпти, ичкарида қолган яна бир-икки биродаримизни ҳам бугун қўйиб юборадиган бўлишган, деди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, полиция ўтган ҳафта охирида 6 -7 ўзбек оиласини олиб кетган.

- Оилаларни тўлалигича, болаларниям қўшиб олиб кетган.

- Нима учун бошқаларни эмас, айнан ўша оилаларни олиб кетишди?

- Ҳамма гап шунда-да! Бу ерда яшайдиган бошқа миллатлар ҳам кўп, лекин айнан ўзбекларни олиб кетган. Айтишларича, қандайдир сўроқ-савол ҳам қилишмаган. Айблов қўймаган. Суратга олишган. Дело очишган. Мен қўйиб юборилганлар билан гаплашдим, деди Қаяшеҳирдаги “Ўрта Осиё таълим ва маданият маркази” вакили.

Унинг айтишича, Туркияда истиқомат ҳуқуқи йўқлар, яъни нолегаллар ҳам жазоланмаган.

Шуниси қизиқки, Туркияда яшаётган "ябанжи"лар – чет элликлар орасида асосан ўзбеклар текширилаётганини Қаяшеҳирдаги воқеа тўғрисида Озодликка хабар қилган тошкентлик йигит ҳам айтди.

Афтидан, ябанжи ўзбеклар устидан назорат Истанбулдагина кучайган. Ҳар ҳолда Туркиянинг жануби-шарқидаги Ғазиантеп шаҳрида яшаб турган қирғизистонлик қочқин ўзбеклар вакили ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг фавқулодда текширув бўлганини сезмаганини айтди.

Истанбулда яшайдиган ўзбек журналисти Камолиддин Йўлдош Озодлик билан суҳбатда Қаяшеҳирдаги воқеада ҳеч қандай фавқулоддалик кўрмаслигини билдирди. Унинг айтишича, бу бутун Туркия бўйлаб эълон қилинган фавқулодда ҳолат доирасида кўрилаётган профилактик чора бўлиши мумкин, холос.

Воқеа юзасидан Башақшеҳир полициясидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қаяшеҳирда истиқомат қилаётган ўзбеклар полиция бўлимига олиб кетилган кунда "Ўзбектуризм" Миллий компанияси Туркияга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон ватандошлари ҳамда Туркияга сайёҳлар жўнатиш билан шуғулланадиган операторларидан бу мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни ҳисобга олишни сўради.

“27 июль ҳолатига кўра, Туркиянинг маълум бир ҳудудларида юқори даpaжадаги кескинлик сақланиб қолмоқда ва у ерларга саёҳат қилиш хавфсиз эмас”, дейилган компания матбуот хизмати хабарида.

15 июль куни Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга урингани ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG