Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:17

Туркияда қачон тинчлик ўрнатилади?


Туркия шарқидаги асосан курдлар яшовчи Силопи шаҳарчасидаги сўнгги отишмалар изи.
Туркия шарқидаги асосан курдлар яшовчи Силопи шаҳарчасидаги сўнгги отишмалар изи.

Туркия матбуоти тарқатган хабарларда ёзилишича, мамлакат ҳукумати вакиллари “Курдистон ишчилар партияси” (PKK) билан “курд масаласи” бўйича муросага келиш учун музокара бошлаши мумкин.

Икки тараф ўртасида сўнгги етти ой давомида тинчимаётган адоват тўхтайдими? Ҳеч бўлмаса, икки тараф ҳам амал қиладиган ўт очмасликка оид келишувга эришиладими?

Шундай бўлишига умид бор¸ аммо ҳозирча бунга ишонч йўқ.

Яқинда PKK қўмондони Мурат Карайилан ўз жангчиларини ва уларни қўлловчиларни душманга қарши курашдаги “сўнгги имкониятдан” фойдаланиб қолишга чақирди.

“Баҳор келди, [курд] ёшларимиз уйда ўтирмасдан,” жанг қилсин, деди Карайилан. Бу “жанг” одатда оддий фуқароларни ҳамда ҳарбийларни нишонга олувчи ҳужумлардан иборатдир. Бундай ҳужумлар оқибатида ҳозирга қадар мамлакатда юзлаб одам ҳалок бўлди. Қурбон бўлганлар орасида ҳарбийлар ва хавфсизлик хизмати ходимлари бор, аммо ўлганларнинг аксари оддий фуқаролардир.

Шундай экан, баҳор келиши билан Туркияда турли ҳужумлар, жумладан, худкушлик хужумлари кўпайишини кутиш мумкин.

2015 йилнинг сентябрида PKK мавжуд оташкесимни бузди. Бунга Сурия шимолидаги курд жангари гуруҳи ҳисобланмиш “Демократик бирлик партияси”нинг (PYD) ўз позициясини яхшилагани сабаб бўлди. PYD PKKнинг иттифоқчисидир. Айримлар ҳатто PYDни PKKнинг тармоғи деб ҳисоблайди.

Суриядаги курдлар мамлакатда тинчимаётган уруш баҳонасида Туркия билан чегара яқинида йирик ҳудудни эгаллади.

Натижада чегаранинг ҳар икки тарафидаги курдларда “ғалаба”га бўлган ишонч ва умид ошди. Бу эса туркларни хавотирга солмоқда.

Қолаверса, PKK ўтган йил сентябрь ойидан бери Туркиянинг жануб-шарқий ҳудудларида “маҳаллий етакчиларни” ўрнатишга уриниб келади. Туркия армияси ҳамда хавфсизлик кучлари курд “айирмачиларининг” бу ҳаракатлари билан зўр бериб курашиб келади.

Ҳозирда Туркия жамияти олдида турган дилемма қандай қилиб террор гуруҳи ҳисобланувчи PKK партияси иштирокисиз тинчлик ўрнатишдир. PKK раҳбари Абдулла Ожалан 1999 йилдан бери Туркия қамоғида сақланмоқда.

Ҳар икки тараф ҳам ғалабага эришишни хоҳлайди, лекин бир вақтнинг ўзида ҳар икки тараф келажакда музокараларни қайта бошлашга тайёр эканлигини изҳор қилмоқда.

Аммо афтидан тинчлик музокаралари қайта бошлангунича ҳали кўп қон тўкилади, вайронагарчилик бўлади.

XS
SM
MD
LG