Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Истанбулдаги ҳужумда ўлдирилган Аброржон Устабоев тупроққа қўйилди


22 яшар Аброржон Устабоев ўлимидан 20 дақиқа олдин уйидагилари билан гаплашган
22 яшар Аброржон Устабоев ўлимидан 20 дақиқа олдин уйидагилари билан гаплашган

Истанбулдаги Отатурк аэропортида 28 июнь оқшомида амалга оширилган портлашлар ва отишмалар пайтида ҳалок бўлган Аброржон Устабоев Наманганда тупроққа топширилди. 22 ёшли Аброржон Устабоев жаназаси 1 июль тушликдан кейин соат учда Намангандаги Лангар масжидида ўқилди.

Жаноза маросими Лангар масжидида хавфсизлик ходимларининг қаттиқ назорати остида ўқилди. Кейин маййитни Хасти Мавлоно қабристонига қўйишди,” деди жаноза маросимида қатнашган марҳумнинг дўстларидан бири.

У уч фарзанднинг ўртанчиси бўлган Аброржон оила аъзоларининг “ҳаммаси шокда” эканини илова қилди.

Уйидагиларининг ҳаммаси шокда. Отасиям, ака-укалариям. Онасини умуман қўяверинг: ётиб қолган, ўзини ташлаб юборган, беҳуш ётибди,” деди Аброржон Устабоевнинг дўсти.

Яқинларига кўра, марҳум яқинда Истанбулдаги меҳмонхоналардан бирига ишга кириб, уйга пул жўнатиб турган экан.

Аброржон Устабоевнинг отаси фарзанди ўлимидан шок ҳолатига тушган
Аброржон Устабоевнинг отаси фарзанди ўлимидан шок ҳолатига тушган

Озодлик билан суҳбатлашган яна бир гувоҳга кўра, Аброржон ўлимидан 20 дақиқа олдин уйидагилари билан телефон орқали гаплашган.

Маълумотларга қараганда, Аброржон Устабоев аэропортга келиб, таксидан тушган пайтда портлаш ва отишмалар бошланиб кетган.

Жанозада иштирок этганлар сўзларига кўра, Аброржон юрагидан бир дона ўқ еган ва ўша жойнинг ўзида жон таслим қилган.

Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортида 28 июнь кечқурун амалга оширилган портлашлар ва отишмалар чоғида, Туркия расмийлари берган маълумотга кўра, жаъми 44 киши ҳалок бўлган ва 230дан зиёд одам жароҳат олган.

Қурбонларнинг икки нафари ўзбекистон ватандошлари экани хабар қилинади.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг Озодликка айтишича, тўрт нафар ўзбекистонлик яраланган.

XS
SM
MD
LG