Линклар

Эрдўғон: "Бизни Худо кечирсин!" Лекин Туркия кечирармикан?


Эрдўғон Гулан билан ҳамкорликда Туркиянинг армияси кучли бўлган, дунёвий давлат тизимига қарши курашган эди.

Эрдўғон Гулан билан ҳамкорликда Туркиянинг армияси кучли бўлган, дунёвий давлат тизимига қарши курашган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон дин пешвоси Фатҳуллоҳ Гуланни назарда тутиб, “Биз жиддий хатога йўл қўйибмиз. Худо бизни кечирсин”, деди. Эрдўғон Гуланни 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтаришни ташкиллаштиришда айблаб келади.

Президент “Агар бу ҳақда 20, 10, 3 ёки 4 йил аввал айтганингизда, сизга ҳатто мен ҳам ишонмаган бўлардим”, дея қўшимча қилди.

Аслида эса, ўша пайтда Эрдўғон кучли бош вазир лавозимида ишлаганини эътиборга олсак, у билиши керак эди.

Туркия ташқарисидагиларга президент “ўтмишдаги хатолар” билан нима демоқчи бўлгани тушунарсиз бўлиши мумкин. Бундай дер экан, Эрдўғон 2002 йилдан бошлаб 2013 йилгача бўлган муддатни назарда тутган. Ўшанда Эрдўғон ва Гулан ҳамкорликда Туркиянинг армияси кучли бўлган, дунёвий давлат тизимига қарши курашган эди.

Бу ҳамкорлик янги ишга олинган терговчи ва судьялар томонидан 750 дан ошиқ ҳарбий, адлия тизими ходими, журналист ҳамда депутатга қарши жиноий иш қўзғатилганида энг юқори даражага етган эди. Қўлга олинган шахслар “Эргенекон” деб аталувчи махфий жиноий тўда тузишда айбланган эди. Гуруҳ аъзоларини ўша пайтда бош вазир лавозимида ишлаган Эрдўғон ва унинг Адолат ва тараққиёт партиясига қарши ҳарбий тўнтариш уюштиришга уринишда айблашганди.

Айбланган “фитначилар” Эрдўғон ҳукуматини танқид қилган ҳамда уларни мазкур ҳукумат мамлакатни дунёвийлик йўлидан чиқариб, “яширин исломийлик” томон етаклаши мумкинлиги хавотирга солган. Ўшанда генераллар, прокурорлар, етакчи журналистлар ҳамда сиёсатчилар қўлга олинган, кейинроқ маълум бўлишича, бирор исботсиз ёки ёлғон далиллар билан бир неча йил қамоқда сақланган эди.

Бу эса 2000- йиллар охирида Эрдўғон ҳукуматига қўл келди. Айримлар айнан шу сабабли Эрдўғон қийин аҳволга тушган пайтларида ҳам етакчиликни қўлдан бой бермади, деб ҳисоблайди.

Аммо орадан бир-икки йил ўтганидан кейин икки нарса аён бўлди: 1) суд жараёни ёлғон ҳужжатларга ҳамда уйдирмаларга асосланган; 2) хўжакўрсинга ўтказилган судларга Гуланнинг тарафдори бўлган прокурор ва судьялар етакчилик қилган. Айнан шу гуланчиларни Эрдўғон ҳукумати қўллаган ёки эркин фаолият юритиши учун уларга шароит яратиб берган.

Ниҳоят, мазкур йилнинг апрелига келиб Туркиянинг Олий шикоят суди ҳарбий тўнтариш қилишга уриниши мумкин бўлган “Эркенекон" деб аталувчи жиноий гуруҳ мавжуд бўлмагани”ни айтиб, уларга қарши чиқарилган суд қарорларини бекор қилди.

2010 йилда Эрдўғон тобора кучайиб бораётган Гулан ҳаракатига қарши кураша бошлади. Президент 2013 йил гуланчиларни ҳукумат идоралари, армия ҳамда матбуотдан четлаштира бошлади.

Бу орада Эрдўғон "Эргенекон" судлари, уларнинг қурбонлари ҳамда бу судларнинг мамлакат армияси ва давлат тизимига кўрсатган зиёни ҳақида лом-мим демади. Президент “Туркияда суд тизими эркин. Суд қарорига таъсир кўрсатмаслик учун бу мавзуда ўз фикримизни айтмаймиз”, дея таъкидларди.

Шунинг учун ҳам Эрдўғон чиқишларидан бирида “[Гуланчилар] биздан сўраган нимани уларга бермадик?”, деган эди.

Муваффақиятсиз тўнтариш уринишидан икки ҳафта ўтиб армия генерал ва адмиралларининг 60 фоиздан ошиғи гуланчиларни қўллагани учун ишдан бўшатилди. Вашингтондаги Atlantic Council мутахассиси Аарон Штейн Reuters билан суҳбатда “Туркия армияси ҳозир ожиз, уни қайта тиклаш учун йиллар керак бўлади”, деди. Хабарларга кўра, четлатилган юқори лавозимли ҳарбийларнинг аксари Гулан тарафдорлари бўлиб, улар сўнгги йигирма йил ичида армия сафларига қўшилган.

Худо Эрдўғонни кечирадими, йўқми, ҳеч ким билмайди. Аммо Гулан уюштирган сохта "Эргенекон" судлари ҳали-бери одамлар ёдидан кўтарилмайди. Бу судлар ўз вақтида Эрдўғон ҳокимият тепасига мустаҳкам ўрнашишига ёрдам берган, лекин улар пирjвардида ўтган ойдаги ҳарбий тўнтариш уринишига олиб келди.

Аббос Жаводий, Озод Европа/Озодлик радиоси таҳлилчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG