Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:05

Туркия диний идораси исëнчиларга жаноза ўқимасликка буюрди


Туркиядаги жаноза маросимининг иллюстратив сурати.
Туркиядаги жаноза маросимининг иллюстратив сурати.

Туркия Бош вазирлиги идорасининг Диëнат ишлари бўйича бошқармаси 19 июлда 16 июлга ўтар кечаси юз беган ҳарбий тўнтариш уринишида қатнашганларга жаноза ўқилмаслигини эълон қилди.

Туркия Бош вазирлиги идорасининг Диëнат ишлари бўйича бошқармаси бу расмий баëноти билан “Туркия легитим ҳукуматига қарши бош кўтариб¸ миллат ва давлат келажагини хавф остига қўйган¸ Туркия парламенти ва бошқа ҳукумат биноларига бомба ташлаб¸ халққа қарши қурол ишлатганлар ва тўқнашувларда нобуд бўлган исëнчи аскарлар”га бошқарма томонидан кўрсатилган диний хизматлар доирасида жаноза намози ўқишни тақиқлади.

Бошқарманинг матбуот учун очиқлама номи билан эълон қилинган бу фатвоси¸ айтилишича¸ идорага жума кунги исëндан сўнг келган минглаб мурожаатга жавоб ўлароқ қабул қилинган.

“Жаноза намози ҳар бир ўлган мусулмон учун қардошлари томонидан амалга ошириладиган дуодир. Бу маросимда мўминлар ўлган қардошлари учун дуо қиладилар¸ унинг жойи жаннатда бўлмоғини сўрайдилар¸ ҳақларини ҳалол қиладилар.Исëнда қатнашганлар қўл урган амаллари билан нафақат айрим қардошлари¸ балки бутун бир миллат ҳаққини оëқ-ости қилдилар ва бу қилмишлари билан мўмин қардошлари дуосига нолойиқ иш тутдилар. Шу боис буларга Бошқармамиз ходимлари томонидан жаноза намозиўқилмайди”¸ дейилади жумладан Туркия Бош вазирлиги идораси қошидаги Диëнат ишлари бошқармаси баëнотида.

Айни пайтда Туркия диний идораси¸ бу фатвонинг фитнадан мутлақ хабарсиз ҳолда қуролли тўқнашувлар майдонида қолиб¸ ҳаëтдан кўз юмган оддий турклар¸ ҳукумат хавфсизлик кучлари ва полиция хизматчиларига тааллуқли эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Мустафо Камол Отатурк асос солган Туркия жумҳуриятининг дунëвий устунларини емираëтганлик ва демократик давлат тузумини секин-аста демонтаж қилаëтганликда айбланаëтган Ражаб Тоййип Эрдўғонга қарши 15 июль кечқурун амалга оширилган қуролли исëн муваффақиятсиз тугади.

Бу исëнда қатнашганлик “жазоси оғир бўлажаги”ни билдирган Эрдўғон¸ исëн бостирилиши билан ўз бошқарувидан норози минглаб одамни қамоққа олишни бошлади. Сўнгги хабарларга кўра¸ 15 июль кунги исëнга алоқадорлик айби билан 19 июлга қадар 11 мингга яқин одам ҳибсга олинган.

Мухолифат ва мустақил кузатувчилар¸ Эрдўғон ҳукумати исëнчиларни жазолаш баҳонасида мамлакатдаги ўз мухолифлари ва мустақил матбуотни йўқ қилишни янги босқичга кўтарганликда айбламоқда.

Исëн муносабати билан¸ ЕИга аъзолик учун йиллардан бери музокара олиб бораëтган Эрдўғон¸ ҳатто 15 июль куни амалга ошмай қолган тўнтариш уриниши ортидан ўлим жазосини тиклаш масаласини кўриб чиқилишини билдирди. 17 июль кунги чиқишида Эрдўғон ҳукумат бу масалани парламентдаги мухолифат партиялари билан муҳокама қилишини маълум қилди.

Туркияда ўлим жазоси 1984 йилдан буён қўлланилмайди. Жазонинг бу тури Туркияда мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш уринишлари доирасида 2004 йили бекор қилинган эди.

Исëнчилар учун ўлим жазосининг қайта тикланиши¸ Эрдўғон Туркиясининг ЕИ билан шундоқ ҳам таранглашган муносабатларини янада кескинлаштириши тахмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG