Линклар

Чавушўғли: Қирғизистонда Гулен ҳаракатининг таъсири кучайиб бормоқда


Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли 25 июль куни HaberTurk телеканалига берган интервьюсида Қирғизистонда Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатининг таъсири кучайиб бораётганини айтди.

Чавушўғли Қирғизистон ҳукуматини мазкур ташкилот туғдирадиган таҳдид ҳақида огоҳлантирганини қўшимча қилди.

“Биз айрим давлатларни огоҳлантираяпмиз. Масалан, Қирғизистон ташқи ишлар вазирига сим қоқиб, уни огоҳлантирдик. Чунку улар [гуленчилар] Қирғизистонни ўзларининг Марказий Осиёдаги базаси қилиб олишган. Улар ҳукумат ишларига жойлашаяптилар ва Қирғизистонда давлат тўнтаришини амалга оширишлари мумкин. Менимча, Туркияда ҳарбий тўнтариш қилишга уринган террор ташкилоти фаолиятига эрк бериб бўлмайди”, деди вазир.

Чавушўғли телефон суҳбати давомида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Гуленга алоқадор ташкилотлар рўйхатини сўраганини, бунинг ортидан қирғиз расмийларига бу рўйхат юборилганини айтди.

“Агар бизга рад жавобини беришса, алоқаларимиз ўзгаради. Одам биродаридан бундай муносабатни кутмайди”, деди вазир.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Мевлут Чавушўғлининг мамлакатдаги таълим муассасалари ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди.

Унда Қирғизистон Туркия расмийлари хавотирларини тушуниши қайд этилади. Айни пайтда “шуни эслатиб ўтмоқчимизки, Қирғизистон аввало мустақил, суверен давлатдир. У ўзи учун нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини мустақил равишда аниқлашга ва тегишли қарор чиқаришга қодир. Бирор мамлакатнинг ташқи ишлар вазири бошқа давлатга бирор чора кўриш зарурлигини айтиши, қолаверса, буни ультиматумлар ва шантаж тили билан айтиши нотўғри, деб ҳисоблаймиз”, дейилади расмий Бишкек жавобида.

Қирғизистонлик айрим маҳаллий мутахассислар Анқара билдирувини танқид қилди.

Халқаро масалалар бўйича мутахассис Искандар Ўрмўн ўғлининг айтишича, Туркия ташқи ишлар вазирининг бу ҳаракатини мустақил давлатнинг ички ишларига аралашув ўлароқ баҳолаш мумкин.

XS
SM
MD
LG