Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Эрдўғон Туркиясида “фақат ҳайвонлар намоз ўқимайди”


Туркияда Рамазоннинг илк куни. Истанбул, Тақсим майдони
Туркияда Рамазоннинг илк куни. Истанбул, Тақсим майдони

Анқара давлат университетининг теология бўйича профессори Мустафа Асқар TRT1 давлат телеканалига “Рамазон бахти” мавзусида жонли интервью берди. Суҳбат давомида Асқар ҳамкасблари билан Австралияда ҳайвонот боғига қилган ташрифини эслаб, “Нима учун одамлар рўза тутиши ҳақида мақтанади? Бу яхши амал эмас, бу бурч”, деди.

Асқар завқ билан сўзини давом эттирди ва ҳайвонот боғидаги ҳайвонларни кузатиш “одамлар ибодат қилувчи ягона жонзот эканини англаб етишингизга ёрдам беради. Табийки, ҳеч бир ҳайвон ибодат қилмайди. Очиқча гапирадиган бўлсам, бу дегани – бу Қуръонда ҳам ёзилган – фақат ҳайвонлар ибодат қилмайди, дегани. Ҳеч ким буни кўнглига олмасин лекин”, дея таъкидлади.

Туркияда бундан 14 йил аввал, яъни Адолат ва тараққиёт партияси ва унинг етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумат тепасига келишидан аввал бундай ҳодиса рўй бермаган бўлар эди.

Бошида теологнинг гапига ҳеч ким эътибор бермади. Видео одамлар эътиборига тушганидан кейин уни қизғин муҳокама қила бошлашди. Аввалига видео “ҳалиям мустақил бўлган” матбуотда, кейинроқ эса ижтимоий тармоқларда ҳамда блогларда муҳокама қилинди.

Ҳукумат матбуот котиби ҳамда бош вазир ўринбосари Нуреттин Жаниклидан “профессор” Асқарнинг шарҳлари ҳақида сўрашди. Жаникли Асқарнинг гапларини қораламади ва ўз фикрини айтишдан бош тортди. У шунчаки “бу масалага тўхталмаган бўлардим. Менимча, буни атайлаб бўрттиришмоқда. Агар бу гаплар бирорта қонунга зид бўлса, терговчилар кўриб чиқади”, дейиш билан чекланди.

Аммо Асқарнинг гаплари катта эътирозга сабаб бўлди. Натижада “профессор” айтган гаплари “нотўғри талқин қилинганини” айтиб, узр сўради.

Афсуски, Туркияда динга ҳукумат хоҳлагандек амал қилишни истамаётганлар ҳаёти тобора қийинлашиб бормоқда.

Мамлакатда Рамазон давомида кўплаб ресторанларда ифторлик учун махсус таклифлар бўлади.

Эгей денгизи бўйидаги курортда дўкон эгаси билан суҳбатлашдим. Унга ресторанларда хоҳлаганлар рўза тўтиши, хоҳлаганлар овқатланиши мумкинлигидан қувончда эканлигимни айтдим. Дўкон эгаси жилмайиб, “Ҳа, Ўрта денгиз қирғоқларида шундай, чунки булар туризм ҳисобига яшайди. Аммо мамлакат ичкарисига 50 км бориб, кўчада тамаки чекиб ёки сув ичиб кўринг-чи!” деди.

Мамлакат шарқида жойлашган Трабзон шаҳрининг бир турғуни олган видео эътиборга лойиқдир. Унда видеога олаётган шахс “Трабзан кўчаларига қаранг, ўткинчиларга қаранг. Бирорта тамаки чекяптими, еяптими ёки сув ичяптими? Демократия ва ҳоказолар яхши. Аммо Трабзонда рўзангизни кундузи очмоқчи бўлсангиз, худо ҳаққи улар кўзларингизни ўйиб олишади”, дейди.

Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Туркияда ҳалиям “йўқ” дея оласиз. Аммо бундай қилиш йўллари тобора озайиб бормоқда.

Намоз ўқимайдиганларни ва рўза тутмайдиганларни ҳақоратлаган теология профессорига қайтадиган бўлсак, Истанбулнинг Бейкоз туманида яшовчи шахс унинг устидан судга мурожаат қилди. Ўша киши “Мен умримда намоз ўқимаганман. 2015 йилги изланишга кўра, Туркия аҳолисининг 27,5 фоизи, дунё аҳолисининг 85 фоизи ибодат қилмайди. Бу гаплари билан у дунёдаги миллиардлаб одамни ҳақоратлади”, деди.

Аббос Жаводий

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG