Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 12:10

Туркияда Эрдўғон даври тугамоқдами? Эксперт фикри


Туркия. Сайловлар.
Туркия. Сайловлар.

31 март куни Туркияда бўлиб ўтган маҳаллий ҳокимият органларига сайлов натижалари нафақат турк сайловчиларини, балки бутун дунёни таъсирлантирди. Сайловда Туркия президенти Ражаб Эрдўғон 2003 йили илк бор бош вазир бўлганидан бери ўтган 20 йилдан зиёд вақт ичида биринчи марта йирик мағлубиятга учради. Мухолифат ғалабасини нишонламоқда. Аммо Эрдўғоннинг ўзи ҳозирча ҳеч қаёққа кетмоқчи эмас.

Овозлар саноғидан сўнг маълум бўлдики, Туркиядаги Истанбул ва Анқара дохил 35 маъмурий ҳудуд раҳбарлигига мухолифатдаги асосий партия бўлмиш Республика халқ партияси (РХП, камолчилар) вакиллари сайланибди. Эрдўғоннинг обрўли рақиби, Истанбулнинг амалдаги мэри Акрам Имомўғли 51 фоиздан кўпроқ овоз билан ўз лавозимини сақлаб қолди. Эътиборлиси, у энг яқин рақиби – президент Эрдўғон мансуб Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) номзоди Мурат Курумни салкам 11,5 фоизга ортда қолдирган.

Мухолифатдаги РХПнинг яна бир лидери, Анқаранинг амалдаги мэри Мансур Яваш ҳам лавозимида қолди. Пойтахт сайловчиларининг 60 фоиздан кўпроғи унга овоз берган, рақиби эса 32 фоизга етар-етмас овоз тўплай олган, холос. Яваш ўзини ашаддий миллиятчи ўлароқ кўрсатади ва, Имамоглу сингари, 2028 йилда бўлажак президент сайловида потенциал номзодлардан бири ҳисобланади.

РХП жами 35 вилоятда шаҳарлар раҳбарлари лавозимини қўлга киритди: Истанбул ва Анқарадан ташқари, булар шимолий, ғарбий ва жанубий ҳудудларда жойлашган шаҳарлардир. Президент мансуб АТП 24 та шаҳарда ғолиб чиқди – аксари, аҳолиси консерватив бўлган марказий Туркияда жойлашган. Ўнта жануби-шарқий вилоятда мэрлар курдлар манфаатлари тамсилчиси бўлмиш Халқ тенглиги ва демократия партиясидан бўлади. Яна саккизта мэр лавозими ўта ўнг Миллиятчи ҳаракат партияси (МҲП)га насиб қилди. Умуман, Республика халқ партияси (РХП) мамлакат бўйича жами 37,74 фоиз, Адолат ва тараққиёт партияси эса 35,49 фоиз овоз олди.

Бултур баҳорда бўлиб ўтган парламент ва президент сайловида Ражаб Эрдўғон, МҲПдаги радикал миллиятчилар билан коалицияда мухолифат устидан ишончли ғалаба қозонганини ҳисобга олганда, бу кутилмаган ва рамзий натижадир. Энг аввал кўзга ташланаётган нарса шуки, кўплаб йирик шаҳарларда, хусусан Истанбулда мухолифат номзодларининг қўли баланд келди. Қарийб 16 млн нуфусга эга Истанбул Туркиянинг энг катта шаҳри, молия, саноат ва маданият марказидир. 30 йил муқаддам Эрдўғон бу ерда мэр бўлиб сайланган, унинг ҳокимиятга зафарли юриши шундан бошланган эди. Ўтган йилги президент сайловида эришган ғалабасидан сўнг Эрдўғон, мухолифат коалицияси парчаланганидан фойдаланиб Истанбулни АТП назоратига олмоқчи эди, лекин қўлидан келмади.

Хўш, Истанбул ва умуман бутун Туркиядаги мағлубият, рақиблари айтаётганидек, “Ражаб Эрдўғон даври” интиҳосининг ибтидоси бўла оладими? Сиёсатшунос, шарқшунос ва Туркия ички сиёсати билимдони Василий Семёнов Озодликнинг рус хизмати билан суҳбатда шу ҳақда фикр юритди:

– Иқтидордаги Эрдўғон партияси Истанбул учун курашда биринчи марта ютқазаётгани йўқ: Имамоглу 2019 йилда ғолиб чиқиб, мэр бўлиб сайлангани ёдимизда. Лекин бу сафар орадаги фарқ намойишкорона катталашди. Янада муҳими, Эрдўғон ушбу мағлубиятни деярли ўзига нисбатан ҳақорат деб қабул қилди. Унинг номзоди Мурат Курум аввалбошдан сайловчиларга ёқмаган, ютқазиши аниқ эди, шу боис президент унинг номидан шаҳарда сайлов кампаниясини шахсан тамсил қила бошлади, гўё рақобат Акрам Имомўғли билан Эрдўғон ўртасида кечаётгандек. Туркия президенти халқни гўё Истанбулда бутун мамлакат келажаги ҳал этилаётганига ишонтирмоқчи бўлди. Бунга ҳарифлари: “Мамлакатнинг эмас, сенинг келажагинг ҳал бўляпти”, деб жавоб қилишди.

– Эрдўғон ва партияси мағлубиятининг асосий сабаби нима?

– 2018 йилдан бери Туркиянинг энг катта муаммолари ижтимоий табақаланиш ва тийиқсиз инфляция бўлиб қолаётир. Ўтган йили мамлакат ЯИМси 4,5 фоизга ўсди. Бироқ миллий бойлик кўпайиши тенгсизлик чуқурлашуви билан параллел кечмоқда. Аҳолининг камида ярми энг кам иш ҳақига яшайди. Инфляция даражаси шу йил март ойининг ўзида 67 фоизни ташкил қилди! Инфляция эса, биламизки, камбағалларга солинадиган солиқ дегани. Нарх-наво бу қадар тез кўтарилиши аҳолининг борган сари кўпроқ қисмини қашшоқлаштиради. Бу йилларки алмашмаётган ҳокимиятга нисбатан ғазаб, ҳатто нафрат туғдиради, ҳатто Эрдўғоннинг анъанавий электорал базаси – ичкари вилоятлардаги консерватив суннийлар ва кам ҳақ оладиган ишчиларнинг ҳам фикрини ўзгартиради.

Эрдўғон 2003 йилда илк бор бош вазир бўлганидан бери ўтган 20 йилдан зиёд вақт ичида биринчи марта йирик мағлубиятга учради.
Эрдўғон 2003 йилда илк бор бош вазир бўлганидан бери ўтган 20 йилдан зиёд вақт ичида биринчи марта йирик мағлубиятга учради.

– Менга ушбу сайловлар натижаси нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-маданий омиллар билан изоҳланадигандек туюлади. Туркия аҳолиси ўзгаряптими, унда янги приоритетлар пайдо бўляптими?

– Тўғри. Эрдўғон иқтидорда бўлган узун даврда янги авлод вояга етди. Президент камбағалларга ёқишга интилиб, пенсиялар ва энг кам иш ҳақи миқдорини бир неча марта оширганини эсдан чиқармаслик керак (инфляция “шарофати” билан бундан одамларга деярли наф бўлмагани бошқа масала). У инфратузилма мегалойиҳаларини ривожлантирди, давлат харажатларини ошириш ҳисобига аҳоли фаровонлигини оширишга муваффақ бўлди – шунинг учун ҳам 20 йилдан зиёд ҳокимиятда қолди. Ташқи кузатувчилар Эрдўғонни нуқул танқид қилиб, буни эсдан чиқаришади. Нима бўлганда ҳам Эрдўғон Туркияни бугунги кунда бутун халқаро сиёсатда фаол иштирок этаётган буюк мамлакатга айлантирди. Унинг 600 минг кишилик армияси, қудратли ва жадал ўсаётган ҳарбий саноат комплекси, яқинда қурилган биринчи авиаташувчиси – бари Туркия саноат базаси тараққий этаётгани ва жаҳонда унинг таъсири ортаётгани далилларидир.

Эрдўғон ғалабаси ўзбек муҳожирларига нима беради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:34 0:00

Катта авлод “буюклик қайтиши”ни, Анқаранинг фикри халқаро майдонда яна мўътабарлигини, саноатда ва маъмурий тузилмаларда янги иш ўринлари яратилгани ҳамда арзон уй-жойлар қурилганини Эрдўғоннинг ютуқлари деб мақтаса, турк ёшлари учун булар сиёсий-ижтимоий ландшафтнинг бир қисми, холос. Янги авлод асосан мегаполисларда яшайди – деярли бутун дунёда шундай.

Ёдингизда бўлса, Эрдўғоннинг халқчил бўлишида у бошлиқ партиянинг исломий табиати ҳам муҳим рол ўйнаган. Эрдўғонга келиб жамоат жойларида ҳижобда юриш мумкин бўлди, мактабларда дин асослари ўқитила бошланди, ҳукумат масжидлар қурилишига катта пул ажратадиган бўлди. Булар бари қишлоқлардаги консерватив сайловчиларни ва катта шаҳарлардаги яхши таълим олмаган ижтимоий қатламнинг бир қисмини Эрдўғонга мафтун этди. Бироқ аҳоли мегаполисларда тўплангач, унинг диндорлиги муқаррар пасаяди. Худосиз бўлиб қолади эмас, шунчаки одамлар архаик анъанавий ижтимоий принциплардан узоқлашадилар. Шу боис ҳам турк йигит-қизлари Эрдўғондан тортиб барча қари консерватор сиёсатчиларни кун сайин ёмон кўриб қолишаётир.

– Бироқ Туркияда консерватив исломчилик ва национализм ҳамон кучли ва ҳатто янги-янги мухлислар орттирмоқда, буни ҳам инкор этиб бўлмайди-ку, тўғрими?

– Сўнгги сайловнинг парадоксларидан бири шуки, Эрдўғон ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси мағлубиятида исломчиларнинг ҳам ҳиссаси бор! Фақат улар АТПни дастакловчи диний кучлар эмас, балки – Фотиҳ Эрбаканнинг Янги Фаровонлик партияси (ЯФП) мансублари. 6 фоиздан кўпроқ овоз олган ушбу партия ўзига хос консерватив куч бўлиб, унинг заминида Туркиянинг ўзига хос миллий йўли, ислом ва евроскептицизм ғоялари ётади.

Янги партия муваффақиятига Исроил-Фаластин можароси сабаб бўлди, деган қараш бор. Исроил армияси Ғазони яксон қилаётган бир пайтда Туркия Исроил билан тижоратни давом эттирмоқда, иккови ўртасида савдо айланмаси ўсяпти. Эрдўғон Исроилнинг ҳаракатларини қаттиқ танқид қилса-да, турк иқтисодиёти зарар кўришидан чўчиб савдо алоқаларини сақлаб қолаётир. ЯФП исломчилари эса шуни тутиб олиб президентга қаттиқ ёпишишди, Исроил билан олди-бердини буткул тўхтатишни талаб қилишди. Бу беиз кетмади, албатта: Эрдўғон ва унинг партияси сайловчиларининг бир қисми ЯФП томонга оғди.

Умуман, сўнгги йилларда Туркияда миллиятчилик кайфиятлари кучаймоқда – бу айнан жамият тобора дунёвийлашаётгани билан боғлиқ. Мигрантлар оқими кўпчиликни асабийлаштирмоқда ва турклар энди уларнинг диндош эканига ҳам қарамаяптилар. Айни пайтда мамлакатда 4 млн нафарга яқин суриялик қочоқ ва юз минглаб афғонлар бор. Бу бечоралар маҳаллий турклар оладиган ҳақнинг ярмига ҳам жон деб ишлашга тайёр. Қўлида сармоя билан келган қочоқлар Туркияда ўз бизнесини очиб, бойиб олишган. Хусусан, сурияликлар ўн минглаб ширкатларни юритишмоқда. Булар бари улкан норозилик уйғотяпти. Охирги сўровларга кўра, туркларнинг салкам 60 фоизи “мигрантлар бизнинг иш жойларимизни тортиб олишди” деб ҳисоблайди, маҳаллий тадбиркорлар эса суриялик рақобатчиларига ола қарашади. Бутун мухолифат – сўллар ҳам, ўнглар ҳам, дунёвийлар ҳам, консерваторлар ҳам – Эрдўғонга қарши курашда ушбу муаммони фаол қўлламоқда, уни мамлакатни мигрантларга тўлдириб юборганликда айблашмоқда.

– Энди прогнозлар қанақа? Эрдўғон ва партияси 2028 йилги президент сайловида ютқазадими?

– Ҳозирдан ҳеч нима деб бўлмайди. Буни кўп экспертлар айтишмоқда, мен ҳам уларга қўшиламан. Иқтидордаги АТП ҳали бирон умуммиллий сайловда ютқазмаганини унутмаслик керак. Кеча сайланган мэрлар ва бошқа маъмурлар чиқинди ташилиши, жамоат транспорти ва маҳаллий инфратузилма каби масалаларга жавоб беради, мамлакатнинг иқтисодий ривожи ёки ташқи сиёсатга эмас. Қолаверса, маҳаллий сайловларда қатнашадиган сайловчилар салмоғи умуммиллий овоз бериш иштирокчилар сонидан ҳамиша кам бўлган.

Мавҳумлик шундаки, 70 яшар Эрдўғоннинг ўзи келаси сайловда номзодимни қўймайман, деб очиқ айтди. Сиёсатшунослар Туркия режимини ғирт авторитар эмас, “гибрид” режим деб таърифлашади. Туркия сиёсий қурими шундай тузилганки, Эрдўғон кейинги раҳбарни шартта тайинлаб қўя олмайди. Бунинг учун сайловлар бор. Бироқ у чўнтагида битта кучли “кўзур қарта”ни – АТП ва унга алоқадор тадбиркорлар ҳамда партия-давлат мулозимларига иқтидорда қолишга ёрдам бера оладиган одамни сақлаб қўйибди. Бу одам – Эрдўғоннинг куёви, истеъдодли инженер ва тадбиркор, дастлаб Озарбайжон-Арманистон, сўнгра Россия-Украина урушлари туфайли тилларга тушган, Туркиянинг миллий ғурури ва юксак халқаро обрў қозонишга интилиши рамзига айланган машҳур Bayraktar TB2 дрони муаллифи Селжук Байрактар. Айнан у қайнотасининг потенциал вориси ўлароқ кўрилмоқда.

Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳамиша ўзи учун “кучли турк эркаги”, анъаначи ва консерватор, халқ фаровонлиги учун чин дилдан қайғурадиган ва айнан шу жонкуярлиги боис ўз қўлида максимум ҳокимиятни жамлаган сиёсатчи имижини парваришлаб келган. Байрактар эса бу образдан узоқлашиб, хийла замонавий, илғор фикрловчи нисбатан ёш технократ, Туркиянинг жаҳон технологик келажагидаги ўрнини кўрабилувчи олим ўлароқ кўрсатиши мумкин. Аммо у “буюк миллий анъаналар” тарафдори бўлиб қолаверади. Байрактар Эрдўғоннинг гапларини такрорлаб туради, “буюк Усмонли ўтмиши”ни тез-тез эсга олади ва Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги шафқатсизлигига қарши кўча акцияларида қатнашади. Куёв – Эрдўғоннинг анъанавий электорати учун ҳам, эврилишларга интиқ ёшлар учун ҳам, энг асосийси, бизнес элита ва АТП мансубдорлари учун ҳам жозибали номзод бўлиши мумкин.

ОЗОДЛИК ФИЛЬМИ: Вайроналар остидаги Антакияга сафар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:37:11 0:00

Бироқ битта нозик жиҳат бор. Шарқда ҳар қандай расмий “ворис” пайдо бўлиши реал ҳокимият жадаллик билан унинг қўлида тўпланишига олиб келишини яхши биламиз. Бизнесменлар ва мулозимлар у билан дўстона алоқалар ўрнатишни бошлайди, “ворис” ҳам уларнинг қарорларига таъсир этиш имконига эга бўлади. Бу эса амалдаги ҳукмдорга ёқмайди, албатта. Демак, Селжук Байрактар чиндан ҳам Ражаб Эрдўғонга ворис бўладими, йўқми, бўлса ҳам қачон – бу ҳали аниқ эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG