Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

Озодлик радиоси Ашхободни журналист Непесқулиевни озод қилишга чақирди


Туркманистонлик журналист Сапармамед Непесқулиев.
Туркманистонлик журналист Сапармамед Непесқулиев.

Озод Европа/Озодлик радиоси Туркманистон расмийларини ўз мухбири Сапармамед Непесқулиевни озод қилишга чақирди. Туркманистонлик журналист сохта айбловлар билан бир йилдан буён қамоқда ётибди.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Томас Кент Непесқулиевнинг жиноий таъқиб қилинишига “ярамас ва ғайриинсоний” ҳолат, дея баҳо берди.

- Расмийлар “махфий ва жазосиз ҳаракат қила оламиз”, деб ўйлайдилар, ўзи яшаган жамият ҳақида ҳаққоний хабарлар ёзган журналистни “қонуний судсиз озодликдан маҳрум қила оламиз”, деб ҳисоблайдилар, - дейди Томас Кент.

Озодликнинг туркман шўъбаси ва “Альтернативние новости Туркменистана” нашри билан ҳамкорлик қилиб келган Сапармамед Непесқулиев 2015 йил 7 июлида Туркманбоши шаҳрида тўсатдан ғойиб бўлиб қолганди.

Бир неча кунлик қидирувлардан кейин журналист Балкан вилоятидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида экани аниқланганди. Маълум бўлишича, уни “ичида наркотик модда бўлган” ҳапдори сақлаганликда айблаб, қўлга олганлар.

2015 йил 31 августида бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида журналистни гиёҳванд модда сақлаганлик айблови билан уч йилга озодликдан маҳрум қилганлар. Унинг қаерда сақланаётгани ҳалигача номаълум. Непесқулиевнинг олдига адвокатлар қўйилмаяпти.

Сапармамед Непесқулиевга нисбатан очилган жиноят иши уйдирилганига журналистнинг ҳамкасблари ҳам, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам шубҳа қилмайди.

Аввалроқ Ҳюман Райтс Уотч, Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар ва Озодлик радиоси туркманистонлик журналист ҳимоясига чиқиб, туркман расмийларини Сапармамед Непесқулиевни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Туркманистон дунёда матбуот ва сўз эркинлиги энг кўп бўғилаётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг бу йилги рейтингида Туркманистон сўз эркинлиги бўйича 180 мамлакат орасида энг охирги ўринлардан бирини, аниқроғи, 178-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG