Линклар

logo-print

Савченко сепаратчилар билан бевосита музокаралар олиб бормоқчи


Надежда Савченко

Надежда Савченко

Украиналик учувчи Надежда Савченко Украина шарқидаги тўқнашувларга барҳам бериш учун Россия қўллаб-қувватлаётган айирмачилар билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини тўғрисида баёнот берди.

7 июнь куни Савченко Россия, Украина, Франция ҳамда Германия иштирокида олиб борилаётган ҳозирги музокаралардан кўра айирмачиларнинг етакчилари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш самаралироқ бўлишига ишонишини айтди.

“Эра” радиоканали билан суҳбатда Савченко “Дастлаб Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш керак, чунки Россия чекиниши кераклигини ҳали тушуниб етгани йўқ. Сўнгра Минск шартномаларисиз айирмачилар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш керак. Яъни, учинчи, тўртинчи тарафлар иштирокисиз тўғридан-тўғри коммуникацияни йўлга қўйиш керак”, деди.

Савченко ўзини Донецк халқ республикаси (ДНР) ва Луганск халқ республикаси (ЛНР) деб эълон қилиб олган ҳудудлар етакчилари ҳисобланмиш Александр Захарченко ҳамда Игорь Плотницкийлар билан шахсан учрашишга тайёр эканлигини айтди.

Ўтган йилда Белорус пойтахтида бошланган тинчлик музокараларида иштирок этган айирмачилар вакили Денис Пушилин Савченкога расмий вакил мақоми берилса, Захарченко билан Плотницкий у билан учрашишга рози бўлишини билдирди.

“Интерфакс” агентлиги билан суҳбатда Пушилин “Бу жуда ғалати, лекин Савченко хоним Донбасс вакиллари билан тўғридан-тўғри диалог бошлашни таклиф қилган ягона шахс бўлди. Ахир Минск келишувларида айнан шу нарса кўзда тутилган”, дея таъкидлади.

“Шундай экан, агар Надежда Савченкога етарли ваколатлар берилса, у билан диаолог қилишга тайёр турамиз”, дея қўшимча қилди у.

Россия суди Савченкони Украина шарқида икки рус журналистининг ўлдирилишига алоқадорликда айблаб, 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Қамоқдалигида миллий қаҳрамонга айланган 35 ёшли учувчи аёл мазкур ҳодисага алоқадорлигини инкор қилган ва ўзининг ўғирланиб, Россияга ноқонуний тарзда олиб келинганини айтган.

Ўтган ойда Савченко Украинада ушлаб турилган россиялик икки аскар қўйиб юборилиши эвазига озод қилинди. Ўтган ҳафтада эса у Украина парламенти депутати бўлди.

XS
SM
MD
LG