Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:52

Украина Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик ўғитлари сотиб олиши мумкин


Украина фосфор ва калий ўғити етказиб берувчи Россия ширкатларига муқобил таъминотчи қидирмоқда. Мамлакат Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги ўз нархини ошириб юборган Россия ширкатлари ўрнини яқин келажакда Ўзбекистон ширкатлари эгаллаши мумкинлигини билдирди.

Украина Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги ички бозорда “яккаҳокимга” айланган маҳаллий ва Россия монополист-ширкатлари ўғит нархларини кескин ошириб юборганидан арз қилди. Вазир Максим Мартинюк бу ҳол озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигининг бошқа маҳсулотларига бўлган нархларнинг ҳам ошиб кетаётганига қисман сабаб бўлганини таъкидлади:

- Вазирлигимиз Россия ўғитлари ўрнини босувчи бошқа манбаларни изламоқда. Ўғитлар Ўзбекистондан, Беларус, Литвадан ҳам келтирилиши мумкин. Ҳозирда бозоримиз¸ бир тарафдан¸ ички монополиячилар, бошқа тарафдан Россия ўғитлари томонидан эгалланган. Бозорнинг 95 фоизи россияликлар томонидан бошқарилади, деди вазир Мартинюк жумладан.

Украина Аграр ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги расмийси Иван Корченов Озодлик билан суҳбатда ҳозирда ҳукумат ўрганаëтган эҳтимолий таъминотчилардан қай бирининг танланиши¸ улар таклиф қиладиган маҳсулот нархига боғлиқ эканини билдирди:

- Ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўзаро келишган ҳолда қаердан ва кимдан сотиб олишни ўзлари ҳал этади. Агар ўзбек ўғитлари арзонроқ бўлса, биз, албатта, уларни танлаймиз, деди вазирлик расмийси.

Ўзбекистон постсовет ҳудудида минерал ва бошқа ўғит ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бири саналади.

Мамлакатда “Аммофос”, «Электркимёсаноат”», «Навоийазот», “Фарғонаазот”, "Дехқонобод калий ўғитлари заводи”, “Электрохимзавод” қўшма корхонаси ва “Ўзбекистон Кимё саноати” давлат корхонаси таркибига кирувчи бошқа муассасалар фаолият юрғизмоқда.

Ўзбекистон кимё саноати, шунингдек, Марказий Осиёда энг кўп аммиак, карбамид, аммиак селитраси, аммоний сулфати, аммофос ва нитрофос ишлаб чиқарувчи давлат ҳамдир.

XS
SM
MD
LG