Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:02

Болалар ҳақлари учун курашчилар ЕИга мурожаат этди


Ўзбекистон пахта далаларида ҳар йил кузатиладиган манзара.
Ўзбекистон пахта далаларида ҳар йил кузатиладиган манзара.

Мурожаатда Европа Иттифоқи Тошкент ҳукуматидан Халқаро Меҳнат ташкилотига Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишига рухсат берилишини қатъий талаб қилиш сўралди.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳамда болалар ҳуқуқлари учун курашувчи халқаро гуруҳлар Европа Иттифоқи раҳбариятига мурожаат этиб, бу йилги пахта терими пайти Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labor Organization) мутахассисларининг мамлакатга киритилиши борасида Тошкент ҳукуматига босим ўтказишни сўрадилар.

Европа Иттифоқи ўз қадриятлари, жумладан инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматини конкрет чоралар кўришга ундаши лозим, дейилади ЕИ ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон ҳамда иттифоқнинг жорий раиси Дания Ташқи ишлар вазири Вилли Сойндал номига йўлланган мактубда.

ъ Бизнингча¸ Халқаро Меҳнат ташкилоти вакилларининг Ўзбекистонга киритилишига эришиш Европа Иттифоқи ва иттифоққа аъзо бошқа ҳукуматлар қўлидан келади, улар бу борада Тошкент ҳукуматига босим ўтказа олади. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг йиллик йиғини арафасида АҚШ ҳукуматига ҳам бу борада мурожаат йўллаганмиз. Ана шу анжуманда Ўзбекистон билан боғлиқ муаммоларни ҳам кўтариш сўралди. Ўйлаймизки, Ўзбекистон ҳукумати санкцияларга рўбарў келмаслиги учун болаларни меҳнатга мажбурлашдан воз кечиши керак¸ дейди мактубга имзо чеккан Вашингтондаги Пахта кампанияси ташкилоти раҳбари Мэттю Фишер-Дали.

АҚШда мавжуд қонунларга кўра, мажбурий меҳнатни бартараф этмаган давлатларга нисбатан жазо чоралари қўлланади.

Бир неча йилдирки, Тошкент режими Халқаро меҳнат ташкилотининг ўз мутахассисларини Ўзбекистонга киритиш сўровини жавобсиз қолдириб келмоқда. Ўтган йилги пахта мавсумида вазиятни бевосита кузатиб¸ ташқи дунёга бу борада маълумот берган фаоллар тазйиққа учраган, хавфсизлик органлари томонидан босим остига олинган эди.

ЕИ раҳбариятига йўлланган мактубда ўтган йили ҳукумат мажбурий болалар меҳнати юзасидан мониторинг олиб бораётган уч нафар фаолни ноқонуний ҳибсга олгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинг эксплуатация қилинишини рад этиб келади.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати бу йил болаларнинг мажбурий меҳнати юзасидан ўзи мониторинг олиб боришини маълум қилди.

Ўзбекистон қонунларида вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган бўлса-да, ҳар йили ўртача 2 миллионга яқин мактаб ўқувчисининг пахта йиғим-теримига мажбуран жалб қилиниши айтилади.

- Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи қонунлар бор. Ҳукумат ҳам болалар эксплуатация қилинишини доим рад этиб келади. Лекин реалликда ўтган йил аввалги йиллардаги каби ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда кўпгина мактаблар ёпилиб, юз минглаб бола пахта даласига ҳайдалгани гувоҳи бўлишган, дейди Мэттю Фишер-Дали.

Ўтган йил январ ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи чоғида Европа комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилар гуруҳини пахта мавсумида Ўзбекистонга киритишни сўраган ва ILO тавсиясини шахсан унинг қўлига тутқазган эди.

Аммо ташкилотнинг бу сўров ва тавсиялари Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳали ҳамон жавобсиз қолмоқда.

- Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси йиллардан бери мавжуд. Халқаро ташкилотларнинг чақириқларига қарамай Ўзбекистонда бу амалиëт ҳали ҳам мавжуд. Бунга чек қўйиш вақти келди, дейди Лондондаги Anti-Slavery халқаро ташкилоти вакили Жоанна Эварт-Жэймс.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG