Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:49

Иштихонда мактаб ўқувчилари пахта термоқда


Иштихондаги 21-ўрта мактаб олдида мактаб ўқувчилари пахта тозаламоқда.
Иштихондаги 21-ўрта мактаб олдида мактаб ўқувчилари пахта тозаламоқда.

Ўзбекистонда пахта плани бажарилиб, терим мавсуми деярли тугаб бўлган бир пайтда Самарқанднинг Иштихон туманида мактаб ўқувчилари пахта теришга мажбурланаётир.

Озодлик манбааларига кўра, мактаб ўқувчилари Иштихон туманида кузги таътил пайти пахта тераяпти, кўрак чувишга мажбур қилинаяпти.

- 21-ўрта мактабда 10 килограмм пахта олиб келмаган ўқувчи дарсга киргизилмаяпти, - дейди исми сир қолишини истаган иштихонлик отахон.

Озодлик манбаалари жўнатган фотосуратда Иштихондаги 21-ўрта мактаб олдида ўқувчилар кўрак чуваётгани ва пахта тозалаётгани акс этган.

– Мен яқинда Россиядан қайтиб келдим. Ўзбекистонда болалар пахтага чиқарилмаяпти, деб эшитгандим. Ўқувчилар "по полной программе" пахтага мажбурланаяпти, - дейди Иштихондаги Озодлик манбааси.

Иштихонлик собиқ мактаб директори Жаҳонгир Турдиев Озодлик билан суҳбатда тумандаги айрим мактаб ўқувчилари кузги таътил чоғида пахта теришга сафарбар этилганини тасдиқлади.

- Туман газетасида пахта режаси бажарилгани ҳақида тўрт саҳифалик мақола берилганидан сўнг куни кеча туман ҳокими селектор йиғилишида пахта терими 10 ноябргача давом этишини айтди. Ҳоким фармойишига кўра, барча бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, мактаб ўқитувчилари теримга чиқарилиши шарт. Лекин баъзи мактабларда 7-9 синф ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилганига ўзим гувоҳ бўлдим, - деди Турдиев.

Иштихон туман ҳокимиятидагилар ҳам, туман Халқ таълими бўлими расмийлари ҳам ўқувчиларнинг пахтага жалб этилганини қатъиян рад этишмоқда.

Аввалроқ Озодлик Қашқадарёнинг Нишон туманида мактаб ўқувчилари пахтага сафарбар этилгани ҳақида хабар берган эди.

Пахта мавсуми бошида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлашга кўрсатма берган, ҳатто бунга йўл қўйган амалдорларни жазолашни ваъда қилган эди.

Шунга қарамай, Самарқанд ва Қашқадарё вилояти туманларида болаларни пахта теримига сафарбар қилиш, "жажжи қуллар" меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG