Линклар

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Унгартепадаги радиореле станцияда ишлаган тўрт қирғизистонликнинг ўзбек милицияси томонидан қўлга олиниши юзасидан жиноий иш қўзғатди.

27 август куни Ахсида бўлиб ўтган митингда чиқиш қилган Қирғизистон Ички Ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов “Одам ўғирлаш” факти бўйича иш очилганини маълум қилди.

22 августда Ўзбекистон милициячилари “Кербен 24” станциясининг тўрт нафар қирғиз ватандошини “чегарани ноқонуний бузиб ўтиш”да айблаб, ҳибсга олган эди.

Унгартепа қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудлардан бири ҳисобланади

Унгартепа қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудлардан бири ҳисобланади

Ахсидаги митингда иштирок этганлар юздан ортиқ одам вазиятдан ташвиш билдирган.

Шанба куни юздан ортиқ ахсилик митинг ўтказиб, Қирғизистон ҳукуматидан 22 августда Унгартепадаги “Кербен 24” станциясида ўзбек милициячилари томонидан қўлга олинган тўрт қирғизистонликнинг бугунги аҳволи, уларни озод қилиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот бериш талаб қилди.

Митингда нутқ сўзлаган Қирғизистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Курсан Асановга ҳодиса юзасидан “Одам ўғирлаш” факти бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Милиция вилоят, туманда кучайтирилган тартибда ишлашга ўтказилган. Ҳозир ҳеч қандай тартиббузарлик бўлмади. Бўлиб ўтган ҳодиса бўйича “Одам ўғирлаш” факти билан жиноий иш қўзғатилган. Менимча, музокаралар йўли билан барча масала ҳал бўлади”, деди Курсан Асанов.

Аммо митинг иштирокчилари телеминора назоратини ўзбек милицияси қўлга олганидан бери ҳудуд атрофида истиқомат қилувчи аҳолининг тинчлиги йўқолганидан шикоят қилди.

Митинг иштирокчилари Ўзбекистон милициячилари телеминорада назорат ўрнатгач, эркин ҳаракатлана олмай қолишганини айтдилар.

Уларга кўра, аҳоли яйлов сифатида фойдаланиб келган Унгартепа этагидаги ерларга ҳам чиқа олмай қолган.

Булар яйловни тўсиб ҳеч кимни ўтказмайди. Оқ Уйда ўтирган, эл бошқараётган амалдорлар нима қилаяпти? Қирғизистонга халқ керакми, ер керакми? Уйда, қишлоқдагина ўтираверамизми? Мана бу қўйларимнинг ҳаммаси ўша яйловда юрарди. Энди олиб боролмаяпман”, дейдимитингда иштирок этган оқсоқоллардан бири Асанбек Қарабатиров.

Митингда нутқ сўзлаган Ақси тумани ҳокими Медетбек Айдаралиевга кўра, Унгартоғи Қирғизистонга тегишлидир.

Бугунги Унгартоғ масаласи, кечаги Чаласарт масаласи, талаш ерларнинг барчасида шундай вазият юзага келган. Унгартоғ 1955 йилги карта бўйича биз фойдаланиб келган ер. Шу сабабли у бизнинг еримиз. Бугунги президент, бугунги ҳукуматнинг позицияси шундай. Шу сабабли ҳам бу ишлар бўлаяпти”, деди Медетбек Айдаралиев.

Ахси ва Олабуқа туманларида ҳозир белгиланмаган 20 участка бор.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараолди келишмовчиликларининг аксари ҳам шу участкаларда юзага келади.

Тошкентдаги нашрларнинг Ички ишлар вазирлигига иқтибосан хабар беришича, Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли экани айтилиб келинаётган Унгартепани ўз ҳудуди деб билади.

Хабарларда мазкур ҳудуд Наманган вилояти Чортоқ тумани тасарруфида экани айтилади.

Қирғизистоннинг радиореле станциялари ўрнатилган мазкур ҳудудга 22 август куни ташланган ўзбек милицияси десанти бу ерда 4 қирғизистонликни қўлга олган эди.

Аввалроқ қирғиз расмийлари Ўзбекистон ушлаб кетган қирғизистонликларни озод қилиш борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

Бишкек расмийларига кўра, Қирғизистон ватандошлари Наманган вилояти Янгиқўрғон Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда.

Расмийлар бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда сақланаётган қирғиз ватандошларини озод қилиш борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу келишмовчилик 13 августда ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланди.

Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган.

Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мазкур ҳодиса ортидан 22 августда Ўзбекистон Қирғизистонининг радоиреле станциялари жойлаштирилган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлади.

Ўзбекистон, шундан сўнг, Қирғизистондан қўлга олинган ўзбек милиционерини озод қилишни ва Косонсой сув омбори ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли постларни олиб ташлашни талаб қилди.

23 августда ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилди ва Ўзбекистонга депортация қилинди.

Расмий Бишкек Тошкентдан Унгартепа ҳудудидан милиционерларни олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Бироқ Ўзбекистон бу талабни бажаришга шошилмаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG