Линклар

Наманган шаҳридаги бюджет ташкилотларининг ишчи ва ходимлари Артел дўконларидан “Ўзбекэнерго” ҳиссадори бўлган икки ширкат ишлаб чиқараëтган LED лампочкаларидан камида икки донадан сотиб олишга мажбур этилаётгани ҳақида наманганлик ўқитувчилардан бири Озодликка хабар қилди. Ўқитувчига кўра, улар сотиб олинган лампочкалар ҳақида дўкондан олинган маълумотномани раҳбарларига кўрсатишлари шарт.

Наманган шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, шаҳар ҳокими ҳар бир ўқитувчига тежамли LED лампочкасидан камида иккитадан сотиб олишни шарт қилиб қўйган:

“Наманганда ҳокимият буйруғи билан Акфа лампочкалари бюджетдан маош олиб ишлайдиган ходимларга мажбуран олдирилмоқда. Жумладан, биз ўқитувчилар ҳам Artel дўконидан камида иккита лампочка сотиб олишимиз ва дўкончининг “фалончи одам иккита лампочка сотиб олди” деб ёзиб берган справкасини директорга тақдим қилишимиз шарт экан”, деди ўқитувчи.

Давлат идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, лампочкаларни, негадир, фақат бир номдаги дўконлардан харид қилиш тавсия қилиняпти:

“Фақат Artel дўконидан олишимиз шарт экан. Бу дўкон лампочка сотиб олганимиз ҳақида справка қилиб беряпти ва уни бошлиғимизга кўрсатиб, тинчияпмиз. Бўлмаса, тинчлик йўқ, ҳар куни лампочка олдингми деб сўраб, жонга тегишяпти”, деди давлат хизматчиларидан бири.

Наманган шаҳридаги Артел дўконларидан бирининг сотувчиси, лампочка сотиб олаётган одамлар ўз хариди ҳақида маълумотнома сўрашаётганини тасдиқлади:

“Масалан беш-олти киши бўлиб келишяпти. Бир кишининг пластигидан ечиб оляпмиз, қолганини ўзаро ҳисоб-китоб қилишади. Уларга қанча лампочка олгани ҳақида накладной қилиб ёзиб беряпмиз. Ишхоналаридан шуни сўрашяпти экан. Ҳозирча, ўқитувчилар кўпроқ келишяпти. Лампочкаларнинг ўнлиги 18 минг сўмдан, бешлиги 14 минг сўмдан сотиляпти. Арзонроғи ҳам бор, масалан Лукем 10 деганининг нархи 16 минг сўм. Давлат бюджетида ишлайдиган ҳамма ташкилотларнинг ходимлари ана шу лампочкаларни сотиб олишлари шарт эканлиги ҳақида ҳокимиятнинг буйруғи бор”, деди сотувчилардан бири.

Озодлик боғланган Наманган шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган уч мулозими ҳам бюджет ташкилоти ишчиларига лампочка солиғи солингани ҳақидаги хабарни на инкор қилди, на тасдиқлади. Ҳар бир мулозим Озодликка “бундан хабарим йўқ”, деди.

Ишчи ва хизматчиларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган лампочкаларни сотиб олишга мажбурлаш ҳолатлари илгари ҳам кузатилган.

Жумладан, жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистондаги энг йирик акциядорлик жамиятларидан саналган “Ўзбекэнерго” жамиятда ишловчи 66579 нафар хизматчига ҳар ой уч донадан LED лампочкасини бозор нархидан қимматга сотиб олишни шарт қилиб қўйган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG