Линклар

Қозоғистонга бориб қайтган одамлардан тушунтириш хати олиш ўқитувчига юклатилди


Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош бўлган Зангиота туманининг пахта теримидан қайтган мактаб ўқитувчиларига янги вазифа юклатилди. Бу ҳақда хабар берган зангиоталик ўқитувчиларга кўра, улар қўшни давлатга бирор юмуш билан бориб келган ҳар бир кишининг уйига бориб, ундан нима мақсадда бориб келгани ҳақида тушунтириш хати олиши ва буни туман ички ишлар бўлимига тақдим қилиши керак. Ўқитувчилар ўзларининг бирламчи вазифаси қолиб, маҳаллий ҳокимиятнинг мутлақ мардикори бўлиб қолганидан шикоят қилмоқда.

Тошкент вилоятидаги Зангиота туманининг Қозоғистонга чегарадош бўлган қишлоқлардаги мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчининг Озодликка айтишича, уларга қўшни давлатга бирор бир сабаб билан бориб қайтган маҳалладошларидан тушунтириш хати олиш вазифаси юклатилди:

“Туманимиздаги мактаблар ўқитувчилари яқингинада пахта теримидан қайтган эди. Нақ 55 кун навбат билан пахта тердик. Ҳали нафасимизни ростлаб улгурмай, бўйнимизга янги жамоачилик топшириғи юклатилди. Энди маҳалламиздан Қозоғистонга бориб келган камида тўртта одамдан тушунтириш хати ёздириб олишга мажбурлашяпти. Папкаю қоғозини ҳам ўзимиз сотиб олишимиз керак экан. Ахир бу иш бизнинг ваколатимизга кирмайдику", деди ўқитувчи.

Унинг айтишича, Қозоғистонга бирор бир сабаб билан бориб келганлар ҳақида туман ички ишлар бўлимига маҳалладаги “қулоқ”лар хабар етказмоқда:

“Қозоғистон бизга қўшни, кўпчиликнинг у томонда қариндош-уруғи бор. Кимдир тўйга боради, кимдир азага. Ана шу одамлар ҳақида маҳалла посбонлари ёки бошқа “қулоқ”лар ички ишлар бўлимига хабар етказади. Ички ишлар эса бизга рўйхат беряпти. Ана шу рўйхатдаги одамлардан “нега бординг, нима сабабдан, қанча турдинг” каби саволларга жавоб берадиган тушунтириш хати ёздириб олишимиз шарт экан. Кейин бу тушунтириш хатларини РОВДга берамиз. Кейин у одамларни РОВДга чақириб сўроқ қилишади”, деди ўқитувчи.

Зангиота туманининг Масалбой қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган бошқа бир ўқитувчининг айтишича, ҳар куни бу иш учун ўнга яқин ўқитувчилар дарсдан озод қилинмоқда:

“Ҳар куни бизнинг мактабдан 8 ўқитувчи бу иш учун ажратилади. 48,53,50,26,76-мактабларда ҳам шу аҳвол. Биз рўйхат бўйича уйма-уй юриб, ўша одамларни топамиз ва маҳалла идорасига олиб борамиз. Ўша ерда тушунтириш хати ёздириб оламиз. Бундай ўйлаб қарасак, биз мелисанинг ишини қиляпмиз экан. Одамлар ҳам бизга “яқинда терговчи бўлиб кетасан”, деб куляпти. Ўқитувчини ҳокимият эшшак қилиб миниб олди. Агар ҳаққингни талаб қиладиган бўлсанг, мактабни текширувчи босади. Ҳамма директорлар бу йил қарийб инфаркт бўлди. Ўқитувчиларнинг қўли ишдан совиган”, деди ўқитувчи.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг Қозоғистонга бориб келганлардан тушунтириш хати ёздириб олаётгани фактини тасдиқлади:

“Ички ишлардан Қозоғистонга чиқиб келган одамлардан тушунтириш хати олишда ёрдам беринглар деб топшириқ берган. Шунинг учун биз мактаб директорларига шундай кўрсатма берганмиз. Тўғри, мен ҳам ўқитувчиман, менинг ҳам уларга ичим куяди. Бечора ўқитувчиларга топшириқларни юклайвериб, уларни эзиб юбордик. Лекин бошқа чорамиз йўқ. Ҳокимият ва ички ишлар буйруғини бажаришга мажбурмиз. Агар бажармасак бизни ҳам ишдан бўшатишади”, деди бошқарма мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари, жумладан ўқитувчиларнинг жамоат, ободончилик ва дала ишларига мажбурий сафарбар этилиши ҳар йили кузатилади.

Жорий йилнинг август ойида Жиззах вилояти ҳокими буйруғига кўра, вилоятдаги бюджет ташкилотлари ишчилари ғўзани “шамоллатиш” тадбирига жалб этилган эди. Ҳар бир ишчи-ҳашарчи зиммасига бир гектар ғўза майдонидаги эгатда бирма-бир юриб чиқиш вазифаси юклатилганди.

Май ойида эса Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги барча мактаб, боғча ўқитувчи ва тарбиячилари қўшни туманга ғўза чопиғига сафарбар этилган эди.

Жорий йил май ойининг бошида Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги ташкилот ва корхоналарнинг ишчи-хизматчилари ғўза чопиғига ҳайдалган эди.

Ўтган йили ҳам давлат корхоналари ишчи-хизматчиларидан тортиб талабаларгача ғўза чопиғи ва яганасига жалб этилган ва талабалардан чопиқ учун пул йиғиш ҳолатлари ҳам кузатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG