Линклар

logo-print

АҚШ ва Молдова ҳарбийлари биргаликда ҳарбий машғулотларни бошлади. Машғулотлар икки ҳафта давом этади. 2 май куни 200 га яқин АҚШ ҳарбийси Руминиядан Молдовага ўтди.

АҚШ ҳарбийлари Скулень чегара пункти орқали Молдовага кирди. Сўнгра улар Фалешти шаҳри орқали пойтахт Кишинёвдан 20 км масофада жойлашган Негрести шаҳрига йўл олишди.

Dragon Pioneer 2016 номи берилган ҳарбий машғулотлар 20 майгача давом этади.

Молдованинг россияпараст мухолифатчи партияси бўлмиш “Молдова социалистлар партияси” АҚШ ҳарбийларининг йўлини тўсиш учун намойиш уюштиришни режалаштирган эди.

Аммо намойишга ўнтадан оз одам тўпланди ва америкалик ҳарбийлар ҳеч бир муаммосиз ўз манзилига етиб олди.

Молдовадаги мухолифатчи партиялар уларни қўлловчи шахсларни 9 май куни нишонланадиган Ғалаба кунида намойишга чиқишга чақирмоқда.

9 май куни Молдова фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 71 йилигини нишонлайди. Байрам куни АҚШ қўшинлари ўз ҳарбий техникаси билан параддан ўтиши режалаштирилган.

Социалистлар партияси етакчиси Игорь Додон ҳарбий машқларни “ҳарбий оккупация” деб атади.

Молдова мудофаа вазири Анатол Салару Додонинг бу шарҳига истеҳзо билан Молдовага 1944 йил совет кучлари киритилганидан кейин “Додонинг кавалерияси мамлакатни тарк этишни эсдан чиқарган”, дея жавоб берди.

Салару бу билан Молдова шарқидаги айирмачи Приднестровье ҳудудидаги Россия қўшинларини назарда тутди. Приднестровье 1990 йилда Молдовадан ажралиб, ўз мустақиллигини эълон қилган. Приднестровье мустақиллиги ҳеч бир давлат томонидан тан олинган эмас.

Приднестровьеда 1992 йил айирмачилар билан ҳукумат кучлари ўртасида оташкесим имзоланганидан бери Россиянинг тақрибан 1500 ҳарбийси ҳудудни қўриқлаб келади.

Россия аскарларининг тахминан 380 нафари халқаро тинчликни сақлаш келишуви бўйича юборилган.

Қолганлари эса Россиянинг 14-гвардиячилар армияси аскарларидир.

Молдова 1994 йил НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурига қўшилган.

XS
SM
MD
LG