Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:32

Тоғли Бадахшонда жанггарилар қуролларини топширмоқчи


Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида қуролларини топширишга рози бўлган жанггарилар билан генерал Назаров қотилларини ҳукуматга топшириш юзасидан музокаралар давом этмоқда..

Расмий Душанбе ва жанггарилар ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида жанггарилар қуролларини топширишга рози бўлган.

Бироқ Душанбенинг ултиматум тарзидаги талаби, яъни Миллий хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаров қотилларини ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига таслим бўлиши масаласида келишувга эришилгани йўқ. Бу борада музокаралар давом этмоқда.

Маълумотларда айтилишича, ҳукумат мазкур ултиматум бажарилса озодликда қолаётган жанггарилар авф этилишини билдирган.

Бугун олинган хабарларда айтилишича, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида номаълум шахслар йўл бўйидаги ошхонада овқатланаётган милиция махсус отрядига ҳужум қилган. Маълумотга кўра, отряднинг уч жангчиси яраланган ва касалхонага ётқизилган.

Йигирма кишидан иборат бўлган милиция махсус отряди мухтор вилоят маркази Хоруғ шаҳрига кетаётган бўлган .

Айни пайтда Вашингтонда пайшанба куни АҚШда яшаётган йигирмага яқин тожикистонлик Тожикистон элчихонаси олдида Тоғли Бадахшонда ўтказилган ҳарбий амалиётга норозилик сифатида пикет ўтказди. Бундай пикетлар Бишкекда ва Москвада ҳам бўлиб ўтди.

Генерал Абдулло Назаров 21 июл куни ўлдириб кетилган эди. Орадан уч кун ўтиб Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида генерал қотилларини қўлга олиш юзасидан ҳарбий амалиёт бошланди.

24-25 июл кунлари ўтказилган ҳарбий амалиёт чоғида, расмий маълумотларда айтилишича, 30 жанггари ўлдирилган, 40 жангари асир қилинган. Отишмаларда ҳукумат қўшинларининг 12 ҳарбийси ҳалок бўлган ва 20 ҳарбий яраланган.

Айрим манбалар Тоғли Бадахшондаги ҳарбий амалиёт пайтида тинч аҳоли вакилларидан камида 30 нафари ўлдирилганини ҳам хабар қилди.
XS
SM
MD
LG