Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Имомназаровни ким ўлдирди?


22 августга ўтар кечаси ўз уйида ўлдирилган Имомназар Имомназаров Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норасмий лидерлардан бири саналарди.
22 августга ўтар кечаси ўз уйида ўлдирилган Имомназар Имомназаров Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норасмий лидерлардан бири саналарди.

Тожикистон махфий хизматлари Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг норасмий лидерлардан бири саналган Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилишига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда.


Асосий гумон махфий хизматларга тушмоқда¸ аммо...

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Интерфакс агентлигига баëнот берган расмийси¸ мамлакат махфий хизматларининг Тоғли Бадахшон минтақасидаги собиқ дала қўмондонларидан бири Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилишига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Имомназаров ўлими ҳақидаги хабар ортидан тожикистонликлар орасида бу мамлакат махфий хизматларининг иши¸ деган гумон тарқаб кетди.

"Имомназаровни ўлдиришнинг бизга кераги йўқ. Боз устига¸ бу қотиллик тинчлик жараëнига жуда ëмон таъсир қилади"¸ деган Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манба Интерфакс мухбирига.

"Имомназаровнинг жуда кўп жиноятларда айбланганига қарамай¸ Хоруғда тинчлик ва осойишталик бўлсин деб¸ биз унга тегмадик¸ уни ҳибсга олишга ҳам уринмадик"¸ дея изоҳлаган бундай иддаони Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси.

Айни шундай¸ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳам¸ Мудофаа вазирлиги ҳам ўзининг Имомназаровни ўлдиришга алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонларни инкор қилди.

"Ногирон¸ оғир касал бўлгани боис генерал Назаровни ўз қўли билан ўлдира олмаслиги аниқ Имомназаровни ўлдиришнинг нима кераги бор? Махсус амалиëтдан бери қанча вақт ўтиб¸ ҳамма нарса тинчиб кетаëтганда¸ бу қотиллик содир этилди. Бунинг бизга мутлақ кераги йўқ"¸ деган Интерфакс суҳбатлашган ИИВдаги манба.


Сирли қотиллик

Бирлашган тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондонларидан бири Имомназаров 22 август саҳарда ўз уйида ўлдириб кетилди.

Озодлик манбаларига кўра, саҳарги соат 4 лар чамаси номаълум шахслар Имомназар Имомназаровнинг уйига граната ташлаб, автоматдан ўт оча бошлаган.

- Имомназаров ўша жойнинг ўзида ўлдирилди, яраланган укаси эса касалхонага етказилди, дейди Озодлик манбаси.

Айтилишича, отишмадан кейиноқ Имомназар Имомназаров уйи олдида одамлар йиғила бошлаган. Гувоҳлар сўнгги пайтларда қаттиқ касал бўлган ва тўшакка михланиб қолган Имомназар Имомназаров ва унинг яқинлари ҳужумчиларга қаршилик кўрсатмаганини таъкидламоқдалар.


Ваҳдат майдони норозиларга тўлди

Имомназаровнинг ўлдирилгани хабари тарқалиши ортидан Хоруғ марказидаги Ваҳдат майдонига бу қотилликка норозилигини ифодалашни истаганлар йиғила бошлади.

Куннинг биринчи ярмида воқеа жойида бўлган Озодлик мухбири¸ майдонга 3 мингдан зиёд одам йиғилгани ҳақида хабар қилди. Шаҳар ҳокимияти биноси қаршисида турган митингчилар орасида ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари борлиги айтилмоқда.

Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилиши Оғахон жамғармаси воситачилигида расмийлар ва Бадахшондаги норасмий лидерлар ўртасида музокара кетаётган бир пайтда содир бўлди. Бу музокаралар чоғида қуролини топширган кишиларга авф кафолати берилиши урғуланаётган эди.

Йигирмалик гуруҳи деб ном олган воситачилар Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилиши қоралаб чиқдилар. Уларга кўра, Хоруғдаги ҳукумат қўшинлари ҳарбий амалиётидан кейин Тожикистон куч ишлатар тизимларига кирувчи бир қанча вазирлар билан учрашган қуролсиз кишини ўлдиришга мутлақо зарурат йўқ эди.

Йигирмалик гуруҳ Бадахшонинг норасмий лидерлари прокуратура вакиллари олдига ҳеч бир муаммо чиқармай, сўроққа етиб келганларини қайд этаяптилар.
Тожикистон Бош прокуратураси Имомназаровни Толиб Айёмбеков, Маҳмадбокир Маҳмадбокиров ва Ёдгор Шомусалламов қаторида ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик ва 2000 йилдан буён қатор оғир жиноятлар содир этганликда айблаб чиққан.

Хоруғ шаҳар Ички ишлар бошқармаси Имомназаровнинг ўлдирилиш сабаблари ҳозиргача номаълум эканини билдирмоқда. Милиция ходимларига кўра, бу ҳодиса юзасидан тергов-текширув тадбирлари ўтказилиши ва шу тариқа Имомназаровнинг ўлдирилишига қайси қуролли гуруҳ алоқадорлиги аниқланиши керак.


Сулҳ шартлари бузилиши мумкин

Айни дамда Ваҳдат майдонида митингчилар сони ўсиб бораётгани айтилади. Бу жойга тунда ўлдириб кетилган Имомназар Имомназаровнинг жасади олиб келинган.

Митингчилар барқарорлик кафолатчиси бўлган Тожикистон президентидан зўравонликни жиловлашни талаб қилаяптилар. Улар воситачилар ва ҳукумат вакиллари сўзларига ишонган аҳоли қўлида бўлган барча қурол-аслаҳани топширгани, бироқ Имомназар Имомназаровнинг ўлдирилиши одамлар қалбига ўз хавфсизлиги кафолатланиши юзасидан шубҳа солиб қўйганини билдирмоқдалар.

Шунингдек, президентдан ҳукумат қўшинларини Хоруғдан олиб чиқиб кетишни талаб қилаётган митингчилар, агар расмийлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора кўрмайдиган бўлса, одамлар ўзлари ва яқинлари жонини қутқариш учун қўлларига қурол олишга мажбур бўлишларини айтаяптилар.

Воситачи Йигирмалик гуруҳи Хоруғдаги бўҳронни ҳал қилиш Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қўлида экани, акс ҳолда, вазият назорат остидан чиқиб кетиши мумкинлигини билдирмоқда.

Маълумотларга кўра, 22 август тонгда Хоруғдаги марказий майдонга оқиб кела бошлаган норозилар вилоят маъмурияти биносини тошбўрон қила бошлаган. Ғазабга минган оломонни тарқатиш учун ҳарбийлар осмонга ўқ отганлар.
XS
SM
MD
LG