Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:02

Сарсонгарчилик сабаби нимада - консулликларнинг беписандлигими ёки фуқароларнинг ҳақларини билмаслигими?


Хориждаги ўзбеклардан Ўзбекистоннинг элчихона ва консулликлари фаолияти ҳақида бўлган мурожаатлар ортидан ўтказатган кичиккина изланишимиз давомида шу зиддиятли саволга бот-бот тўқнаш келаяпмиз ва савол жавобини яна сиз муштарийлар ҳукмига ҳавола қилишга қарор қилдик.

Хориждаги ўзбеклардан Ўзбекистоннинг элчихона ва консулликлари фаолияти ҳақида бўлган мурожаатлар ортидан ўтказатган кичиккина изланишимиз давомида шу зиддиятли саволга бот-бот тўқнаш келаяпмиз ва савол жавобини яна сиз муштарийлар ҳукмига ҳавола қилишга қарор қилдик.

Шикоят қилаётган ўзбекистонликлар Ўзбекистоннинг турли давлатларидаги элчихоналари консуллик хизмати ходимларининг, одатан фуқаролар мурожаатларига вақтида жавоб бермаслиги, муомалада эса қўпол экани, зарур маълумотларни тўлиқ тақдим этмасликларидан норози бўлмоқда.

Бундай норозиликка жавоб бераётган консуллик ходимлари эса Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжат ишларига бепарволиги, саводхонликнинг пастлиги ва одатан, консуллик ваколатига кирмайдиган мурожаатлар рад этилса ҳам норози бўлишини айтиб, шикоятларни рад қилмоқда.

Сиз нима дейсиз: муаммонинг сабаби нимада, ечим қаерда?

Қуйида "Ўзбек элчихонаси эшигида..." рукни илк бор эълон қилинган кезда тилга олинган баъзи муаммолар ва бу борада қолдирилган шарҳлар билан ҳам танишинг ҳамда муносабатингизни билдиринг!

Кейинги эшиттиришларни ҳозирлашимизда зарур маслаҳатчимиз Сиз эканингизни унутманг!

Аввалдан вақт ажратиб, фикр-мулоҳаза қолдирганингиз учун ташаккур билдирамиз!


1. Маълумотнома олиш - "Бир дона тамғани 3 ҳафта кутдим"

Россияга иш излаб борган 31 ёшли Нафиса Пардаева вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун йиққан ҳужжатлар орасида Ўзбекистонда турмушга чиқамагани ҳақидаги маълумотномани олишига ҳам тўғри келганини айтади.

Бу маълумотнома Ўзбекистон элчихонасидан олиниши лозим эди ва Нафиса умрида биринчи бор Москва шаҳрининг Погорелский тор кўчаси 12-уйда жойлашган Ўзбекистон элчихонасига борган.

Ўша куни ҳаво совуқ, ёмғир шариллаб қуяётган эди, дейди Нафиса.

- Одамлар эса элчихонанинг ташқарисида, кўчанинг юзида навбат кутиб туришибди, орасида болали аёлларам бор. Дарвозахонада 4 та охранник. Ярим соат турдим навбат кутиб. Шунда ўша ерда юрган укам қатори йигитлар: "Опача ҳозир бир йигит чиқади, шунга 1 ярим минг рубл берсангиз, бир пастда справкани тўғирлаб беради", дейишди. Бу қарийб 50 доллар пул. Мен рози бўлмадим. Кейин ҳалиги бола чиқди, уларнинг пулини олди ва кириб кетди. Элчихонанинг ходими эканда у бола. Ёш, тошкентлик йигит. Парадний эшикдан чиқди, - дейди Нафиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида гувоҳ бўлгани ҳодисани ҳикоя қилар экан.

Россияга янги келгани ва ҳали иш топмагани боис Нафиса пора бермасдан, ишини битиришга ҳаракат қилганини айтди.

- Турганларнинг ҳаммаси ўзбек. Ўзбек халқига қилган муомаласини кўрсангиз, худди молга муомала қилгандек: "Бор бетдан", деб бақириб, сўкиниб гапиришади. Дарвозадан кирганингиздан кейин ичкарида яна навбат. Хуллас, бардакда. Ўзбекистонда ЗАГСдан ўтмаганим ҳақидаги маълумотномани 3 ҳафтада олдим. Квитанциясини кўрсангиз, ксероксдан чиқарилган копия. Мен молия соҳасида ишлайман ва пуллик ҳужжатларга бериладиган квитанция оригинал бўлиши керак. Хуллас нима учун буларга 500 рубл тўлаганимни, тўғриси, тушунмадим, - дейди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидан уч ҳафта ичида бир дона маълумотномани олган Нафиса Пардаева.

У ишини битирганидан ҳурсанд, аммо баъзи жавобсиз саволлари қолди.

- Анув пул йиғиб юрган элчихона ходими ким? Кейин нега менга берилган фирменний бланкаям печати билан, кейин квитанция ҳам ксероксдан чиқарилган копия? Оригиналларини нега беришмади?


2. Паспорт алмаштириш: "Паспорт муддати битaяпти, кетишга пул йўқ"

Россия ҳудудида 25 ёшга тўлган Абдулла Хотамов охирги 6 ой ичида иш топиш қийин бўлгани боис ишсиз ва пулсиз қолгани, охири Ўзбекистонга вақтида боролмаганини айтади.

Ахтара-ахтара пул топа олмагач, охир-оқибат Абдулла Ўзбекистон элчихонасига бош уриб борган.

- Ишонасизми, президент Каримов ҳузурига қандоқ кириш қийин, элчихонага кириш ҳам худди шундай. Дарвоза олдида юзтача қўриқчи. Шулардан ўтиб-ўтиб кирдик ва тушунтирдик: аҳвол шунақа-шунақа, Ўзбекистонга боришга ҳеч шароит йўқ, 7 кун қолди паспортнинг муҳлати тугашига, нима ёрдам бера оласизлар, десак, керак бўлса, пул топасизларда, деган жавоб бўляпти, - дейди Абдулла.

У пул топа олмаган ва ҳозир муддати битганига 15 кун бўлган паспорт билан Москвадаги хонадонлардан бирида иложсиз ўтирибди.

- Менга Миграция хизматига борсанг, 2 минг рубл жарима солади, кейин посолствага жўнатади. Посолства кетишинг учун лицензия қилиб беради ва пул топганингда бориб, паспорт олиб келсан, дейишяпти. Кечирасизу, агар 2 минг рубл пулим бўлганида паспортимни муддатини битириб ўтирмай, йўл кира қилиб кетган бўлар эдим, - дейди Абдулла Хотамов.

Бу фуқарони 15 кундан буён битта савол ўртайди:

- Мен Ўзбекистон элчихонасини давлатимизнинг Россияда юрган, қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларини ҳимоя қилувчи бир вакили, деб тушунардим. Қўлимда муддати битган паспортим турибди. Наҳотки, элчихонамиз менга ёрдам бермаса?


3. Ўзбек учун Ўзбекистон визаси: "Боламга виза беришмади"

Жанубий Корея фуқаросига турмушга чиққан 27 ёшли Шаҳло Рустамова бир фарзанд кўрган.

Фарзанди Корея фуқароси ва бунга қадар Шаҳло бир бор унинг учун Ўзбекистонга сайёҳлик визасини олиб, ота-онасини йўқлаб келганини айтди.

Аммо унинг сўзларига кўра, яқиндан бошлаб Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Кореяга турмушга чиққан ўзбекистонлик қизларнинг фарзандларига Ўзбекистон визасини бермаяпти.

- Августгача саёҳат визаси билан чиқардик. Отаси рухсат берарди ва биз чиқиб кетардик. Ҳозир шуни йўқ қилишибдимиш. Посолствага телефон қилсак, умуман, кўтаришмаяпти. Борсак ҳам ҳужжатларимизни қабул қилишмаяпти, - дейди Шаҳло.

У Кореяга турмушга чиққан ўзбекистонлик дугоналарининг айни муаммодан қийналаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Корейс дугонам борда, ўзбекистонлик. Уям ҳужжат қилиб юргандида, йўлда қолиб кетиб 10 минут кечикиб обед вақтига борибди. Кейин "Илтимос ака, мен узоқдан келдим ҳужжатларимни қабул қилинг", деса онасидан олиб сўкибдида, ҳайдаб чиқарворибди.

Сизни одам ўрнида кўришмайдида. Баъзида битта-иккита ҳужжатларни билмай қоласизку, ўшанда мисол учун жеркиб беришадида. Шу Алёна, деган ўртоғимни онасидан олиб сўкиб, ёмон қилишибида, - дейди Шаҳло Рустамова.

Қўлида ёш гўдаги билан Ўзбекистонга бориш орзусида юрган ўзбекистонлик Шаҳло саволига жавоб тополмай сарсон:

- Хориж фуқароси бўлган фарзандимизга Ўзбекистон элчихонаси виза бериши керак эмасми, ахир?!


4. Фуқароликдан чиқиш: "Ўзбекистон фуқаролигидан қачон чиқаман!"

Асли тошкентлик Тимур аввалига АҚШ Green Cardини ютиб¸ океан ортига кетган эди.

Кейинчалик у Америка паспортини олган ва 2007 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш учун расмий ариза билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига мурожаат қилган.

Унинг тажрибасига кўра, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш жараёни узоқ давом этадиган қоғозбозликлардан иборат.

Унинг аризаси қондирилиши учун икки йил вақт кетган ва ариза қондирилгач, почта орқали унга Ўзбекистон президенти қарори билан Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилгани ëзилган расмий хабарнома келган.

Аммо у бир вақтда ариза топширган 73 яшар онамнинг аризаси 4 йил давомида ҳам қондирилмаган.

У каби ўзбекистонликлар оддийгина саволга жавоб тополмай ҳайрон:

- Ўзбекистоннинг фуқаролигини олишнику, қўйинг, бу давлатнинг фуқаролигидан чиқиш ҳам бу қадар узоқ ва қийин кечадиган жараёнми?

Озодликка мурожаат қилинг!

Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарига мурожаат қилувчи фуқаролар тилга оладиган муаммолар руйхати анчагина узун ва бу муаммолар юзасидан Озодликка бўлган мурожаатлар сони ҳам кўп.

Бугун биз энг кўп тилга олинадиган муаммолардан айримларига қисқагина тўхталдик.

"Ўзбек элчихонаси эшигида..." туркумининг келгуси лавҳаларида тингловчи ва муштарийларимиз тилга олган конкрет мауммолар юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли давлатлардаги элчихоналари, консуллик хизматларига расман мурожаат қилиб, саволларга расмий жавобларни олишга уринамиз.

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан боғлиқ конкрет ҳикоялар бўлса, бизга билдиринг.

Лойиҳамизда иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG