Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Москвада 50 мингдан ортиқ одам Немцов хотирасига марш ўтказди


Рус мухолифати Кремлнинг мақтул танқидчиси Борис Немцов хотирасига юриш ўтказиш учун Москва марказига йиғилди. Шаҳар мэрияси билан келишилган мазкур юриш бугун Тошкент вақти билан соат 17 да бошланди. Бош вазирнинг собиқ ўринбосари бўлган таниқли мухолифатчи Борис Немцов президент Путин сиёсатига қарши норозилик намойишига икки кун қолганда отиб кетилди.

Москванинг Словянская майдонига Борис Немцов хотирасига ўтказиладиган маршда иштирок этиш учун йиғилган мухолифатнинг 50 мингдан ортиқ тарафдори сокин кўча юришини ўтказди.

Москва мэрияси бугунги маршда кўпи билан 50 минг одам иштирок этиши учун рухсат берган. Бу акция аввалдан мамлакатдаги иқтисодий бўҳронга қарши режалаштирилган "Баҳор" маршининг ўрнига ўтказилди.

Минглаб одам мухолифатчи ҳамда собиқ бош вазир ўринбосари Немцов отиб кетилган Кремль яқинидаги кўприкка келиб, қотиллик содир этилмиш жойга гуллар қўйиб, шамлар ёқди.

Москвадаги мухбиримиз Умидбек маршда иштирок этди. Қуйида Умидбек билан суҳбатни тингланг:

Москвадаги мухбир Умидбек билан Борис Немцов хотирасига ўтказилган мухолифат марши ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00
Бевосита линк

Россия президенти Владимир Путин 27 февраль оқшомида Немцовга нисбатан содир этилган қотилликни “провокация” деб атади ва Немцовнинг онасига қотилларни топиб, жазолашни ваъда қилди.

Россиялик терговчилар қотиллик бўйича бир неча тахмин асосида иш олиб борилаётганини маълум қилдилар. Улар орасида асли яҳудий бўлган Немцовнинг радикал исломчилар томонидан қатл этилган бўлиши ёки президентнинг номини қора қилиш учун мухолифат томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги каби тахминлар бор.

Ўлимидан аввалроқ Немцов Россиянинг Украинадаги айирмачиларга ёрдам беришдаги ролини очиқ танқид қилгани учун Путин уни ўлдириши мумкинлигидан қўрқаётганини эътироф этгани айтилади.

Немцов: “Путин мени ўлдиришидан қўрқаман”

Россия мухолифатининг йирик намоёндаси ва Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Борис Немцов Москвада президент Владимир Путин сиёсатига қарши ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига икки кун қолганида ўлдириб кетилди.

Москва марказида Борис Немцов ўлдириб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:20 0:00

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Елена Алексееванинг билдиришича, Немцов украиналик таниш аёл билан бирга кетаётган бўлган. Шу пайт номаълум шахслар автомашинадан туриб Немцовга тўрт марта ўқ узган. Айрим хабарларда эса олтита ўқ отилгани айтилмоқда.

Немцов отилган жойда полициячилар текширув ўтказмоқда
Немцов отилган жойда полициячилар текширув ўтказмоқда

55 ёшли Немцов Путин танқидчиларидан бири эди. У ҳукуматнинг самарасиз фаолиятини ва Кремлнинг Украинага нисбатан сиёсатини кескин танқид қилиб келган.

Хабарларга қараганда, Немцов кейинги пайтда Россиянинг Украинадаги воқеаларга алоқадорлигини исботловчи ҳужжат устида ишлаётган эди. Украина ва Ғарб Путинни россияпараст исёнчиларга кўмак берганликда айблаб келади, аммо Россия бу айбловларни инкор этаётган эди.

Немцовнинг адвокати Вадим Прохоров Озодлик радиоси рус хизматига “тўппончадан ким ўқ узганидан қатъий назар Борис Немцов режим қурбони бўлган”и ҳақида баёнот берди.

Немцов Москвада ўтказилиши режалаштирилган намойишдан икки кун олдин ўлдирилди.
Немцов Москвада ўтказилиши режалаштирилган намойишдан икки кун олдин ўлдирилди.

Немцовнинг ўзи эса сўнгги интервьюларидан бирида, Путин уни Украинага нисбатан олиб борилаётган сиёсатга қаршилик қилаётгани учун ўлдиришдан ҳам тоймаслиги ҳақида гапирган эди.

2015 йилнинг 10 февралида “Собеседник” нашрига суҳбат берган Немцов "Путин мени ўлдиришидан қўрқаман”, деб айтган. Суҳбат давомида “Мен ишонаман, Путин Украинадаги урушни бошлаб берган одамдир. Шунинг учун мен унга ёқишим мумкин эмас”, деб айтган эди Немцов.

Москваликлар Немцов ўлдирилиши ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:16 0:00

Прохоровга кўра, Бориц Немцов асосан ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўп марта таҳдидли мактублар олган эди. Уларда Немцовни ўлдириш ҳақида дағдағалар қилинган.

Кремль:“Немцовнинг ўлими рус ҳукумати обрўсини тўкиш учун уюштирилган фитна”

Россия президенти Владимир Путин Немцовнинг ўлдирилишини “ваҳший қотиллик”, деб атади ва мухолифатчи буюртма қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу масалада Кремль позициясини эълон қилар экан, Немцовнинг ўлдирилишини давлат раҳбари “ваҳший қотиллик”, деб баҳолаганини яна бир бор эслатиб ўтди ҳамда Немцовнинг ўлдирилишини “рус ҳукумати обрўсини тўкиш учун уюштирилган фитна”, деб атади. Песковга кўра, Путин мухолифат лидерининг ўлдирилиши юзасидан қидирув ва тергов ишларини олиб борилишини шахсан ўз назоратига олган.

Мазкур баёнотга фикр билдирган Немцовнинг дўсти ва шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ўз блогида “Борис ўлди. Ҳар доимгидек Кремль мухолифатни ёки ЦРУни, яъни бошқаларни айблайди”, деб ёзди.

Немцов Москвада президент Владимир Путин сиёсатига қарши ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига икки кун қолганида ўлдириб кетилди. Бу митинг Россияда сўнгги йилларда ўтказилган ҳукуматга қарши энг катта намойиш сифатида тарихга кириши кутилаётган эди.

Обама Немцовнинг оиласи ва рус халқига таъзия билдирди

АҚШ президенти Барак Обама “Қўшма Штатлар Борис Немцовнинг ваҳшиёна ўлдирилишини қоралайди”, деб баёнот берди.

Оқ Уй баёнотида Россия ҳукумати “тезкор, холис ва шаффоф равишда тергов ишлари олиб боришга” ҳамда “жиноятчиларнинг жазога тортилишини таъминлашга” чақирилган.

АҚШ президенти Немцовнинг оиласига ҳамда “халқ манфаати учун ашаддий курашчилардан биридан айрилган рус халқига” таъзия изҳор қилди .

Давлат котиби Жон Керри эса алоҳида баёнот тарқатиб, унда Немцов “ўз умрини очиқ, гуллаб яшнаётган, демократик Россия” учун бағишлаганини билдирди.

Украина президенти Петро Порошенко эса Немцов “яқин дўст ҳамда икки давлат ўртасидаги кўприк эди”, деб билдирди. Порошекно ўз Twitter саҳифасида “Борисни ўлдирганларидан шокка тушдим. Бунга ишониш қийин. Лекин мен қотиллар эртами, кечми топилишига шубҳа қилмайман”, деб ёзди.

Гудков: “Немцовнинг ўлдирилиши сиёсий қотилликдир”

Россия Думасидаги “Справедливая Россия” партиясидан мухолиф депутат Дмитрий Гудков Twitter саҳифасида “Бу аниқ сиёсий қотилликдир. Агар бу буюртма бўлмаган ҳолатида ҳам, бу қотиллик бизнинг ҳукуматимиз томонидан тарғиб қилинаётган нафратнинг ҳосиласидир”, деб ёзди.

Немцов Россиянинг собиқ президенти Борис Ельциннинг энг муносиб вориси сифатида кўрилар эди. У Нижегород вилоятининг губернатори вазифасида ишлаган ва 1990 йиллар охирида, яъни Борис Ельцин ҳукумронлигининг сўнгги йилларида Бош вазир ўринбсоари лавозимини эгаллаган.

Немцов Россия Думаси депутатлиги ваколатини 2003 йилда топширган ва бир қатор мухолифат ҳаракатларига раҳбарлик қилган эди.

Ўлимидан бир неча соат олдин Борис Немцов “Эхо Москви” радиоси орқали москваликларни “Путиннинг Украинадаги агрессиясига қарши” 1 мартда ўтказиладиган митингда иштирок этишга чақирган.

Россия собиқ Бош вазири, айни пайтда мухолифат лидери Михаил Касьянов 1 март куни Москва чеккасида режалаштирилган митинг энди пойтахт марказида ўтказилишини ва бу намойиш Немцов хотирасига бағишланишини билдирди.

Немцов ўлдириб кетилган жойга етиб келгач журналистларга интервью берган Касьянов “21-асрда мухолифат лидерини намойишкорона равишда Кремль деворлари олдида отиб кетишди”, деб билдирди.

Ўзбек мухолифати фаолларидан бири Пўлат Охуновнинг айтишича, Борис Немцов Путиннинг Россия ичида олиб бораётган сиёсатининг қурбони бўлди:

Борис Немцов ўлими ҳақида ўзбек мухолифати фаоли Пўлат Охунов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:38 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG