Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:14

Ўзбекистонда ўқитувчилар ғўза чопиғига ҳайдалди


Халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳақидаги тинимсиз чақириқларига қарамай, Ўзбекистонда бу йил ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари ғўза чопиғига жалб қилинмоқда.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида мактаб ва коллеж ўқитувчилари ҳамда тиббиёт муассасалари ходимлари май ойи бошидан ғўза чопиғига олиб чиқила бошланган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги мактаблардан бирининг исми сир қолишини истаган ўқитувчиларидан бири бу ҳақда Озодликка гапирди:

- Самарқанднинг Каттақўрғон туманида 5 майдан бошлаб мактаб ходимлари пахта чопиғига олиб чиқиляпти. Махсус таълим муассасалари ходимлари ҳам чопиққа мажбуран жўнатилмоқда. Чиқмаганлар ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилмоқда, - деди каттақўрғонлик ўқитувчи.

Айни аҳвол Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Жиззах вилояти пахта далаларида ҳам шу кеча-кундузда ғўза чопиғи давом этмоқда.

- Ўқувчиларни чиқармаяпти, лекин ҳар бир мактабдан 15 одам чиқиши керак, деяпти. Шунинг учун ўқитувчилар бу ердаги ишини ташлаб далага чиқишга мажбур бўляпти, - дейди жиззахлик ўқитувчи.

Вилоят халқ таълими бўлими расмийлари ўқитувчиларнинг дала меҳнатига жалб этилаётганини рад этишмаяпти.

Лекин, уларга кўра, ўқитувчиларни чопиққа чиқариш ҳақида тепадан ҳеч қандай кўрсатма берилмаган.

- Ҳеч қандай топшириқ йўқ. Чеккароқ туманларда ўзлари келишган холда ўқитувчилар чиқарилаётган бўлиши мумкин. Лекин, бизга шунча ўқитувчини далага чиқарасан, деган расмий кўрсатма берилмаган, - деди Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида эса ўқитувчилар билан бир қаторда тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам мажбурий-кўнгилли равишда чопиққа ҳайдалмоқда.

- Ҳозир ўн кишидан бўлиниб, беш кундан чиқиб беришимиз керак экан. Чиқиш ихтиёрий-мажбурий. Бошлиқлар ихтиёрий дейишяпти, лекин бизда биласизку ихтиёрий деган нарсани ўзи йўқ, - дейди Чироқчидаги 1-сонли болалар касалхонаси ходими.

Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида бюджет ходимларининг пахта мавсумидан ташқари баҳор ойларида ғўза чопиғи ва яганага жалб этилиши бундан олдинги йилларда ҳам кузатилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги баёнотларига қарамасдан давлат ишчилари қатори мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг ҳам ўқиш пайтида дала меҳнатига жалб этилиши кузатилади.

Лекин, бу йилги чопиқ мавсумида мактаб ўқувчиларининг далага олиб чиқилаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева вазиятни яқиндан кузатаётганини айтади.

- Чопиқ энди бошланяпти. Олдинига давлат корхоналари ишчилари жалб этилади. Мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳам четда қолмайди. Лекин, бу йил ўқувчиларнинг далага ҳайдалганини ҳозирча кузатганимиз йўқ, - деди Урлаева.

Ҳуқуқ фаоллари, жумладан Елена Урлаева ҳам Ўзбекистонда ҳукуматнинг арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқарилаётганининг асосий омили эканини айтади.

- Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тўла ислоҳ қилиниб, фермерларга мустақил равишда ишчи кучини ёллаш каби эркинлик берилмас экан мажбурий меҳнат муаммоси давом этаверади, - дейди Урлаева.

Ҳозирга қадар жаҳон бўйлаб 130дан ортиқ ширкат болалар меҳнати маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.

XS
SM
MD
LG