Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Қуръон тиловати ва Улуғбек қори маърузаси учун 5 йил беришди


"Форум 18" ташкилоти чиқарган янги ҳисоботга кўра, 2016 йилнинг дастлабки беш ойи ичида Ўзбекистонда тақиқланган адабиёт билан қўлга тушган диндорларга нисбатан босим ортган, айрим ҳолларда ҳибсдагиларга оғир қийноқлар билан таҳдид қилинган.

Ҳисоботда Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Фарғона вилоятларидаги ҳибс ҳамда маҳкамаларга оид маълумотлар келтирилган.

Дунёдаги диний эркинликларни мониторинг қилувчи халқаро ташкилотга кўра, сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида мусулмон ва насроний диний жамоалари вакилларининг уйларига рейдлар уюштирилиши давом этмоқда, ўнлаб фуқаро эса ҳибсга олинган.

Рейдларда фуқароларнинг уйлари, техник жиҳозлари - компьютер, телефонларида диний мазмундаги материаллар қидирилмоқда.

Тақиқиланган диний адабиёт топилди, деган қарорга келинган тақдирда, фуқароларга нисбатан кўпроқ Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг 184-2, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-2-моддалари қўлланмоқда, деб хабар қилади "Форум 18".

Қуръон тиловати ва Улуғбек қори маърузаси

"Форум 18" аниқлаган маълумотга кўра, камида икки мусулмон қўл телефонидан Қуръон тиловати ва диний маъруза чиққани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Асли қирғизистонлик Россия фуқароси Бахтиёр Худойбердиев эса шунинг учун ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Яқинларининг ташкилотга даъво қилишича, шу йилнинг 9 январида​ Тошкент аэропортида қўлга олинган Бахтиёрнинг телефонидан "бир нечта сура, Улуғбек қорининг маърузалари ва Ўшдаги диний маросимлардан олинган видеолар чиққан".

Бахтиёр Худойбердиев қарийб уч ой мобайнида МХХнинг Юнусобод туманидаги ҳибсхонасида сақланган.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-2 ва 159-моддалари билан айбланган.

Бу йигитнинг тақдири билан қизиққан Форум 18 ташкилотининг Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита, шунингдек, МХХ хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилди.

Озодлик Бахтиёр Худойбердиевнинг ҳибсга олиниши ҳақида хабар берган ва унинг онаси “диний экстремизм”да гумонланаётган ўғлининг ҳатто беш маҳал намоз ҳам ўқимаслигини, Ҳайит намозларига ва баъзан Жумъа намозларига бориб турганини айтган эди".

Икки халқаро ташкилот – “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси ва Халқаро Инсон ҳуқуқлари учун ҳамкорлик ташкилотлари ўзбек расмийларини Бахтиёр Худойбердиевнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаслик, унга нисбатан Ўзбекистонда кенг тарқалган қийноқ ва ғайриинсоний муносабатни қўлламасликка чақирган эди.

Баптистлар журнали ва насронийлар қўшиғи

Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, Хоразм вилоятининг Урганч туманида яшовчи насроний жамоа етакчиси Станислав Кимнинг уйига ҳам 17 май куни рейд уюштирилгани айтилди.

Хабарга кўра, шахсан туман ҳокими бошчилик қилган рейд чоғида диндорнинг уйидан чиққан "Ҳақиқат хабарчиси" баптистлар журнали, насронийлар қўшиқлари битилган иккита диск, болаларга аталган ҳикоялар тўплами мусодара қилинган.

Ташкилот хабарида таъкидланишича, Станислав Кимга қарши Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддаси асосида жиноят иши очилган.

Бир кун ўтиб Ким ва у билан бирга қўлга олинган яна бир тошкентлик насроний тергов-суриштирувлардан сўнг қўйиб юборилди.

"Форум 18" бу икковлонни шахсан сўроқ қилган туман ҳокими идорасидан ҳам бирор изоҳ ололмаганини ёзмоқда.

Энг кам иш ҳақининг 20 баробарида жарима

Шу йилнинг 13 февралида эса "Иегова гувоҳлари" ташкилотнинг Фарғона шаҳрида яшайдиган икки вакили Станислав Тен ва Валижон Раҳимовлар шаҳардан чиқаётганда қўлга олинган ва вилоят ИИБга олиб борилган.

Ҳеч бир сабаб айтилмаган ҳолда паспорт, уяли телефон ва таблетлари олиб қўйилган икки диндорга энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима солинди, дея хабар беради "Форум 18".

Икковлонни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддаси асосида жаримага тортган Фарғона вилояти Жиноят ишлари суди судяси Шуҳрат Сотволдиев ташкилот мурожаатини жавобсиз қолдирган.

8 март кунги рейд

Нукусда яшайдиган насроний оила - Ансатбай Эшанов ва Санагул Зиёвутдиновалар эса ўз жамоаси вакиллари билан шу йилнинг 8 мартида зиёфат қилиб ўтиришган кезда уйини милиция босди.

Шаҳар ИИБнинг Анти-террор бўлими раҳбари Ислом Сейтимбаев иштирокидаги рейд чоғида бу оиланинг уйи, боғи тинтув қилинган, хонадонга йиғилганлар видеога олинган, уларнинг ҳаммаси ҳибсга олиниб, сўроққа тортилди.

Кейинчалик бу зиёфатга келган яна бир неча диндорнинг уйида ҳам тинтув ўтказилди.

"Форум 18"га сўзлаган диндорлар: "Биз 8 март - Хотин-қизлар кунини нишонлашга йиғилганимизни айтсак ҳам, милицияда буни рухсат берилмаган ҳолда ўтказилган диний маросим, деб қайд этишди", деб даъво қилмоқда.

Диндорларнинг уйидан рус тилидаги "Инжил" ва нароснийлик динига оид бошқа адабиётлар мусодара қилинди.

2016 йилнинг январидан майига қадар Ўзбекистонда турли диний жамоаларга нисбатан кузатилган босимлар, рейдлар, ҳибс ва маҳкамаларни кузатган "Форум 18" ташкилоти, шу тариқа, бу давлатда инсон ҳуқуқларига риоя этиш бўйича зиммага олинган халқаро мажбуриятларга амал қилинмаётир, деган хулосани бермоқда.

Асосий хулосалардан бирига кўра, "тақиқланган диний адабиётлар" тамғаси остида жами диний нашрлар цензура қилинмоқда ва уларнинг тарқатилиши тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, ҳисоботда 2015 йилнинг июл ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан мамлакатда диндорлар ортидан ўтказилаётган рейдлар, диний адабиётларга нисбатан цензура, ушланган ва қамалган диндорларга нисбатан қийноқларни тўхтатиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматига берилган чақириқ ҳам эслатилди.

XS
SM
MD
LG