Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:54

Андижон Ислом билим юрти талабаларининг ноутбуклари 2 ойдан буён текширилмоқда


“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юрти синфхонаси. Сурат muslimun.uz дан олинди.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юрти синфхонаси. Сурат muslimun.uz дан олинди.

Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юртида таҳсил олаётган юқори босқич талабаларининг икки ой муқаддам олиб қўйилган шахсий ноутбуклари қайтариб берилмаяпти. Бу ҳақда Озодликка арз қилган талабалар оталарининг айтишларича, уларнинг фарзандлари дарслар учун керакли адабиётларни топиб ўқиёлмаётганидан қийналмоқда.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юртининг 4-курсида фарзанди таҳсил олаётган оталардан бири ноутбуклар олиб қўйилган кунни эсларкан, Озодликка бундай деди:

“Ўшанда ҳали қиш эди. Бир куни ўғлим дарсдан келиб, билим юрти мудири барча 4- курс талабларидан ноутбукларини йиғиштириб олганини, уни текшириб, 3-4 кунда қайтариб беришларини айтди. Ўшандан буён, ҳар замон ўғлимдан қайтариб беришдими, деб сўраб қўяман. Йўқ, деб жавоб беради. Наҳотки икки ойда ҳам уни текшириб бўлишмаган бўлса”, дейди билим юрти талабасининг отаси.

Исми сир қолишини сўраган оталардан яна бирининг айтишича, унинг фарзанди ноутбуксиз қолгани учун дарс қилиш учун керакли адабиётларни тополмаётганидан шикоят қилган:

“Ўғлимнинг айтишича, тўртинчи курсда ўқийдиган ўн беш талабада Acer, Samsung, HP ноутбуклари бор экан. Ҳаммасини йиғиштириб олишибди. Чунки фақат 4-курсларда компьютер ишлатиш мумкин экан. Улар уни ўзлари билан дарсга кўтариб боришаркан. Арабча китоблар билим юртида етарли эмас экан. Шунинг учун улар ақоид, ҳадис, тафсир фанларидан керакли электрон адабиётларни интернетдан топиб ўқишар экан”, деди оталардан бири.

Унинг айтишича, талабалар ноутбукларини қайтариб беришларини сўраб, бир неча марта билим юрти мудири Нуриллоҳ Қодировга мурожаат қилган, бироқ мудир ноутбукларни милициядаги экспертлар текшираётганини айтган.

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус билим юрти мудири Нуриллоҳ Қодиров талабалар ноутбуклари нега олиб қўйилганлиги ҳақидаги Озодлик мухбири саволини эшитгач, мобил телефонини ўчириб қўйди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари қўмитаси таълим бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, бу ҳақда уларга шикоят тушмаганини айтар экан, “бу воқеалардан хабаримиз йўқ”, деди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бу масалани ўрганиб, жавоб беришини Озодликка айтди.

Олтинкўл тумани ички ишлар бўлимидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳукумати ёшларнинг Интернетдан экстремистик адабиётларни топиб ўқишидан ва шундай гуруҳларга қўшилиб кетишидан хавфсираб, бунга қарши чоралар кўриб келади.

Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоби тақдимоти ўтган йилнинг март ойида бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган эди.

Бу китобда бугунги кунда Интернет “экстремист ва террорчилар”, қолаверса “ғарблик айрим ғаразли кучлар” ўзбек “ёшларини манқуртлаштириш” мақсадида ишлатадиган қуролга айлангани таъкидланади.

Ахборот технологиялари мутахассисларига кўра, Ўзбекистонда 11 миллионга яқин одам, яъни аҳолнинг 38 фоизи Интернетдан фойдаланади. Япония, АҚШ, Германия, Франция каби тарққий этган мамлакатларда 85-90 фоиз аҳоли Интернет фойдаланувчисидир. Интернет энг асосий ҳуқуқлар сирасига киритилган Финляндия, Норвегия ва Швецияда эса 95 фоиз аҳоли жаҳон тармоғи мижозидир.

XS
SM
MD
LG