Линклар

Тожикистон Ўзбекистон билан чегарада хавфсизлик чоралари кучайтирилганини рад этди


Тожикистон чегара қўшинлари бош бошқармаси тожик-ўзбек чегарасида вазият барқарор эканини ҳамда ўзбек сарҳадларига қўшимча куч ва техника тортилмаганини урғуламоқда.

Чегара бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев 30 август куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда тожик-ўзбек чегараси мустаҳкамланаётганига оид хабарлар асоссизлигини таъкидлаб, “чегарани қўриқлаш аввалгидек тартибда амалга оширилаётгани”ни қўшимча қилган.

У Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида барча сарҳадларда чегара назорати кучайтирилганига оид маълумотни ҳам рад этган.

- Қўшни давлатлар билан чегарани қўриқлаш амалдаги келишувларга мувофиқ равишда амалга оширилаяпти, назорат-ўтказиш масканлари жорий тартиб-қоидалар асосида ишлаяпти. Тожикистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегараси мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш муносабати билан ёпилмайди, деб ўйлайман, - деди Муҳаммад Улуғхўжаев.

Тожикистон Чегара бошқармаси вакили қўшни давлатлар ўзларининг мустақиллик кунларини нишонлаш арафасида чегарани бир томонлама ёпиши мумкинлигини истисно қилмаган, айни пайтда бу борада бошқармага қўшнилардан ҳеч қанақа ҳужжат келмаганини билдирган.

29 август куни Россиянинг айрим нашрлари Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов соғлиғи тўғрисида бир-бирига зид маълумотлар келаётгани ва қўшни давлатда вазият беқарорлашиши эҳтимоли туфайли тожик-ўзбек чегарасида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар тарқатганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG