Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

Тошкент оромгоҳларига ажратилган пуллар 4 йилдан бери берилмаяпти


Тошкент мактабларида ташкил қилинган 36 та ёзги болалар оромгоҳига бюджетдан ажратилган пуллар жорий йилда ҳам берилмади. Оромгоҳ эгаларига кўра, кейинги тўрт йил ичида пойтахтдаги кундузги оромгоҳларда болалар овқатланиши учун бюджетдан жами 1 миллиард 440 миллион сўм ажратилиши лозим эди.

Тошкентлик тадбиркор йигитнинг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, у пойтахтдаги ёзги оромгоҳлардан иккитасини тўрт йил давомида озиқ-овқат билан таъминлаган. Унга кўра, тўрт йил ичида болалар овқатланиши учун сарфлаган 80 миллион сўмга яқин пули берилмаяпти:

- Иккита лагерь-мактабни боққанман. Иккаласи учун ҳам давлат мендар қарздор. 2013, 2014, 2015, бу йил 2016 ҳам қўшилди. Ҳозир битта менинг корхонамга қарздорлиги 79 миллион 500 қанчадир сўм,- деди тадбиркор йигит.

Унинг айтишича, биргина у эмас, балки ёзги оромгоҳларга хизмат кўрсатган барча тадбиркорлар тўрт йилдан бери пулини ололмаяпти.

Олти йилдирки, Тошкент шаҳридаги мактабларда 4 сменадан иборат 40 кунлик ёзги кундузги болалар оромгоҳлари ташкил қилинган.

Пойтахт мактабларидан олинган маълумотга кўра, дастлабки икки йил давомида оромгоҳлар учун ажратилган пуллар узлуксиз берилган, лекин кейинги тўрт йил ичида бир тийин ҳам берилмаяпти. Бунинг натижасида мактаблар ошхоналарни ижарага олган тадбиркорлар олдида қарздор бўлиб қолмоқда.

“Тўрт йилдан бери бормаган идорамиз қолмади. Қаерга борсак, қоп-қоп ваъда бериб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб юборишаяпти. Шартнома бўйича тадбиркорга биз пул тўлашимиз керак. Лекин бизга пулни юқоридан тушириб беришлари лозим. Пул ҳам йўқ. Додимизни эшитадиган бирор ташкилот ҳам йўқ”, дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг исмини очиқламаётганимиз директори.

Тадбиркорларнинг Озодликка тақдим қилган ҳужжатларига кўра, ҳар йили баҳорда Бош вазир Шавкат Мирзиёев раислигида болалар оромгоҳларига бағишланган селектор йиғилишлари ўтказилиб, ҳар бир сменада битта боланинг овқатланиши учун бир кунга 3000 сўм жами 30 минг сўм сарфланиши белгиланган.

Тошкентдаги халқ таълими бўлимларидан олинган маълумотга кўра, оромгоҳлар ҳаражатларининг 25 фоизи ота-оналар зиммасига юкланган, қолган 75 фоизи эса давлат бюджетидан қопланиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Жорий йилда пойтахтдаги 36 та оромгоҳда 16 мингдан зиёд бола дам олди. Ҳисоб-китоб қилинса, 16 минг боланинг оромгоҳда овқатланишига жами 480 миллион сўм пул керак. Бу пулнинг 25 фоизини ота-оналар тўласа, қолган 360 миллион сўми бюджетдан қопланиши лозим. Демак, кейинги тўрт йил ичида Тошкентдаги кундузги оромгоҳларда овқатланиш учун бюджетдан тахминан 1 миллиард 440 миллион сўм ажратилиши лозим эди.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилганида, масъул мулозим оромгоҳлар бўйича қарздорликдан хабардор экани бироқ муаммони ҳал қилиш улар қўлида эмаслигини таъкидлади.

Мулозимга кўра, пойтахт оромгоҳларининг молиявий томони Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасида бўлиб, муаммони бартараф қилиш учун масъулият ҳам ҳокимликка юкланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти мулозими эса Озодлик билан суҳбатда пойтахт оромгоҳларининг молиявий масалаларига ҳокимликнинг умуман алоқаси йўқлиги ва бу борада шаҳар халқ таълими бошқармасига мурожаат қилишимизни таъкидлади.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи И. Акбаровнинг жорий йил 27 майдаги 177-сонли буйруғига кўра, ўқувчиларнинг ёзги дам олиш мавсуми бўйича штабга шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Равшан Эргашев раислик қилган.

Пойтахт мактабларидаги оромгоҳлар фаолияти учун масъул мулозим Эргашев ҳам Озодлик билан суҳбатда ёзги оромгоҳларнинг молиявий масаласига халқ таълими бошқармасининг умуман алоқаси йўқлигини айтди:

- Бундай ваколатим йўқ. Ёз давомида ўқувчиларга ёзги таътилни мазмунли ташкил этиш учун жуда катта дастур асосида шароитлар яратилди. Оромгоҳлар ҳам бўлди, тўғри. Майдончалар бўлди. Лекин мен бунақанги ташкиллаштириш тарафларидан хабарим йўқ. Мен маънавий- маърифий тадбирларни ташкил қиламан. Моддий-техник тарафларига жавоб бера олмайман.

Озодлик: Ким жавоб беради унда?

- Унисини билмайман. Ҳокимият томонидан ташкил этилади... касаба уюшмасига чиқинг...ҳокимиятга чиқинг,- деди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиқ ўринбосари Равшан Эргашев.

Хўш, унда ёзги оромгоҳларда болаларни тўрт йилдан бери овқатлантирган тадбиркорларнинг 1 миллиард 440 миллион сўмлик пулини ким тўлайди? Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб топилганича йўқ. Озодлик мавзуни ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG