Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:54

Рус элчиси: 17 мингдан зиёд ўзбекистонлик Россияда таҳсил олмоқда


Россияда 300 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда
Россияда 300 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда

Россия олийгоҳлари 2016 йилда Ўзбекистондан тўрт мингдан кўпроқ талаба қабул қилган. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев йил якунларига бағишланиб 20 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида келтирган бу рақамларга кўра, Россияда жами 17 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Фарғона вилоятидан келиб, техника олийгоҳларидан бирида таҳсил олаётган Наргиза Россиядаги минглаб хорижлик талабалардан биридир.

Озодлик билан суҳбатда у Россияда ўқишнинг афзал томонларини санаб ўтишга уринди:

- Ўзбекистонда бу ерга нисбатан ўқишга кириш қийинроқ. Қолган сабаблари – дунё кўриш. Паспортимни биринчи маротаба қўлимга олганимда, “Наҳот бошқа давлатларни кўрмасдан ўтиб кетаман?”, деб ўйлаганман. Тил ўрганилади, дунёқараш кенгаяди – турли хил тилда гаплашадиган одамларни кўрдим бу ерда. Яна бошқаси мақтаниш учун ўқишга кирган. Ҳаммада ҳар хил сабабдан келган. Лекин, билим олишни орзу қилиб келадиганлар асосий қисмидир, дейди Наргиза.

“Россияда ўқиш қийин, лекин қизиқарли!”

Россия таълим фан вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, сўнгги 10 йилда Россиядаги хорижлик талабалар сони салкам 3 баробарга кўпайган – 2005 йилда улар сони жами 100 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 290 мингга етган.

Озодлик хорижда таҳсил олиб қайтган ўзбекистонликларнинг нострификация ва дипломларининг Ўзбекистонда эътироф этилиши муаммоси билан тўқнашаётгани тўғрисида хабар бериб келган.

Наргизанинг айтишича, Россияда таълим олишнинг ўзбек талабалари учун ўзига хос қийинчиликлари ҳам бор.

- Кўпчилик талабаларимиз тилга қийналишади. Бу ерга асосан оиласи еб-ичиши, кийимини таъминлаб бера оладиган талабалар келади ва моддий қийинчилик унчалик сезилмайди. Уларнинг кўпи ўртаҳол. Кейин, Ўзбекистонда контрактда ўқиганингиз Москвада бюджетда ўқиганингизга тенг бўлади. Албатта, Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари савия даражасини билмайман ва Россияники билан солиштира олмайман. Аммо, ўқиганим коллежлардаги билан жуда фарқ катта: коллежларимизда билим берилмайди! Коррупция элементлари бор, лекин умуман олганда, бу ерда билим кўпроқ берилади. Бизда давомот текширилади, берилаётган билимни ҳеч ким текширмайди. 90 фоиз болларимиз ўз билимларига ишониб ўқиб келаяпти. Афсуски, 10 фоиз чала қилиб ўқиб юрган, ҳайдалиб кетаётган талабаларимиз ҳам бор, деди ўзбекистонлик талаба Наргиза.

Россияда ўзбекистонлик талабалар сони кўпаймоқда

2016 йил охирига келиб Россия олий таълим тизимида 607 давлат ва 358 нодавлат олийгоҳлари фаолият юритиб келмоқда. Бу олий ўқув юртларининг турли мамлакат ва минтақаларда 2 мингдан зиёд филиаллари ҳам бор.

Ҳозирда Россия Федерацияси олий ўқув юртларида 4,7 миллион россиялик ва хорижлик талаба билим олмоқда.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев Россияда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони ошганини икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг яхшилангани билан изоҳлади.

- Таълим соҳасида алоқаларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Россия олий ўқув юртларидаги талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилар қаторида келмоқда – 17 мингдан зиёд. 2016 йилнинг ўзида 4 мингдан ортиқ ўзбек абитуриентлари Россия олийгоҳларига ўқишга кирган, деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев йил натижалари бўйича ҳисоботида.

Элчи В.Тюрденев матбуот анжуманида ҳисобот берди
Элчи В.Тюрденев матбуот анжуманида ҳисобот берди

Элчи Ўзбекистонда рус тилини ўрганишга ҳам қизиқиш тобора ортиб бораётгани ва дипломатик вакиллик томонидан Ўзбекистонда рус тилини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.

(Фотосурат Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтидан олинди)
(Фотосурат Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтидан олинди)

Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 6 хорижий давлат олийгоҳи филиалларининг 3 таси Россия олийгоҳларига тегишли. Улар қаторида М.Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети филиалларидир.

Сон жиҳатдан ўзбекистонликлар Россияда ўқиётган қозоғистонликлардан (27,5 минг) кейин иккинчи ўринда туради.

XS
SM
MD
LG