Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:48

Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ўзбекистонлик аёл ярим йилга қамалди


Омск вилоятининг Називаев шаҳар суди Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ўзбекистонлик 50 яшар Зайнаб Раҳмоновани 6 ойга озодликдан маҳрум этди. Омск прокуратурасига кўра, Ўзбекистон ватандоши, олдин Россиядан депортация қилинганга қарамасдан, Россия ҳудудига яна кириш учун ”номаълум шахсларга” 1200 доллар тўлаганини айтган.

Омск вилояти прокурори бош ёрдамчиси Татьяна Булихованинг Озодликка айтишича, Називаев шаҳар суди Зайнаб Раҳмоновани “Россия Федерацияси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” (Россия жиноят коддексининг 322-моддаси 2-қисми) бўйича айбдор деб топди.

- Зайнаб Раҳмонова 2016 йилнинг 19 августида Россия чегарасини кесиб ўтиш пайтида Омск вилояти Федерал Хафсизлик хизмати - ФСБ ходимлари томонидан қўлга олинди. У 6 ойлик қамоқ жазосини Омск вилоятидаги аёллар сақланаётган умумий режим колонияларининг бирида ўтайди, - деди Татьяна Булихова.

Зайнаб Раҳмонова жорий йилнинг 22 июлида Россия миграция қонунларини бузгани учун Ўзбекистонга депортация қилинган ва унинг Россияга киришига 10 йиллик тақиқ киритилганди.

Прокуратура расмийсига кўра 10 йиллик тақиқ ҳақида депортация қилиш пайтида Оренбург вилояти чегара ходимлари аёлни огоҳлантирган.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас, Зайнаб Раҳмонова Омск вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида Россияга ноқонуний ўтишга қарор қилади. Бунинг учун, Зайнаб Раҳмонованинг терговчиларга айтишича, у Қозоғистондаги айланма йўллардан “ўтказувчилар”га 1200 доллар пул тўлайди.

Омск вилояти прокурори бош ёрдамчиси Татьяна Булихованинг айтишича, сўнги пайтларда Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларида, Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари томонидан чегарадан ноқонуний ўтиш ҳоллари кўпайган.

- Одатда Қозоғистон орқали Россияга ноқонуний йўл билан ўтишга уринаётганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари кўпчиликни ташкил этади. Бошқа мамлакат вакиллари ҳам учрайди, лекин камроқ. Шу кунларда ноқонуний йўл билан Россияга киришга уринган Афғонистон ватандоши қўлга олинди. Сизга ҳозир аниқ рақамларни айта олмайман. Лекин сўнги пайтларда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳоллари камайгани йўқ, - деди Татьяна Булихова.

Жорий йилнинг февралида Қозоғистон ватандоши "ГАЗель" автомобили кузовида, фанерлар остида яширган 6 нафар ўзбекистонликни, Россия ҳудудига олиб ўтиш пайтида Оренбург вилояти чегарачилари томонидан ҳибсга олинганди. Олдинроқ Қозоғистондан зотли пойга отлари ташийдиган автомобилда Россияга яшириниб киришга уринган ўзбекистонлик йигит Оренбург вилояти ФСБ ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Кузатувчиларга кўра, аксар ҳолларда чорасизлик ва ишсизлик туфайли муҳожирлар, тақиқ қўйилганига қарамасдан, Россияга иш излаб келишга мажбур бўлишади.

XS
SM
MD
LG